Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти ташкил этилади

Улашиш:

Жорий йилнинг 5 июль куни Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган концепцияси, Концепция бўйича 2021-2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан “Йўл харитаси”, Концепцияни амалга ошириш бўйича Кенгаш таркиби ҳамда 2021-2025 йилларда жорий этиладиган экспертиза ва тадқиқот турлари рўйхати тасдиқланди.

Шунингдек, Фармонга асосан адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда 15 та штат бирлигидан иборат Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Институт штат бирликлари адлия органлари ва муассасаларининг 10 та ҳамда соғлиқни сақлаш органлари ва муассасаларининг 5 та штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади. Институт фаолиятини молиялаштириш Х.Сулаймонова маркази маблағлари доирасида амалга оширилади.  

Суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш; давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига илмий-услубий кўмак бериш; суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини такомиллаштириш ва ягона илмий-методик ёндашувларини ишлаб чиқиш; суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ва илмий ташкилотларга услубий ёрдам кўрсатиш; суд-экспертлик фаолиятига фан ва техника ютуқларини жорий этиш бўйича чораларни кўриш; суд экспертизаси соҳасидаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш; ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали суд экспертизасининг янги турлари ҳамда услубиётларини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар киритиш; суд экспертизаси соҳасига ривожланган ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

 

Акмал Уринов     - Жиззах туманлараро маъмурий судининг раиси

Миролим  Юлдашев   - Жиззах туманлараро маъмурий судининг судьяси

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.