Давлат органлари ва ННТ лар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини самарали йўлга қўйиш муҳокама қилинди

Улашиш:

Жиззах давлат педагогика институтида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида “Давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва улар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини самарали йўлга қўйиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда вилоят ҳокимлиги, Адлия бошқармаси раҳбарияти, ННТ вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирок этди. 

Давра суҳбати республикамиз бўйлаб иш бошлаган Фаол фуқаролар ҳафталиги доирасидаги тадбирлардан бири бўлди. Ҳафталик беш кун мобайнида (13—17 июнь кунлари) уч мингдан зиёд иштирокчилар — нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий бошқарув органлари, экспертлар, фаол фуқаролар, оммавий ахборот воситалари вакилларини битта мулоқот майдонига жамлайди. Форум, конференция, давра суҳбати, мунозара, телемуҳокама, тренинг, марафон шаклидаги 30 дан зиёд тадбирлар режалаштирилган. Ҳафталик Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида ҳамда мамлакатдаги конституциявий ислоҳотлар шароитида трансформация жараёнларининг барча иштирокчилари учун конструктив мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

Тадбирда сўз олганлар нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида сўнгги йилларда амалга оширилиб келинаётган ишлар хусусида ўз фикр-муҳоҳазаларани билдириб ўтди.

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” қабул қилиниши давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик институтларининг иштирокини кенгайтириш, давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари манфаатларини ифода этиш, давлат билан улар ўртасидаги кўприк вазифасини бажаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ташкил қилинди, шунингдек, аҳоли билан очиқ мулоқот олиб боришнинг янги самарали воситаларини жорий этиш мақсадида давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди.

2021 йилнинг мартида “2021—2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Фармон билан белгиланган йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Бу билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини ошириш, Давлат дастурида иштирок этаётган ННТлар сонини кўпайтириш, ННТлар раҳбарларини Давлат бошқаруви академиясида қайта тайёрлаш назарда тутилган. Шунингдек, ННТларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти жорий этилмоқда.

Давра суҳбатида ижтимоий шериклик муносабатлари ҳамда долзарб масалаларни ҳал этишда давлат органлари ва ННТлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, республикада барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда ННТларнинг ташаббускорлиги, фаоллигини ошириш зарурлиги таъкидланди. Фуқаролик жамиятини илмий-назарий жиҳатдан чуқур ўрганиш, унинг ривожланишини доимий таҳлил қилиб бориш бўйича таклифлар билдирилди.

 

 “Юксалиш” уммуммиллий ҳаракати

Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси. 

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.