Қирғизистон президенти Садир Жапаров жамоат жойларида шахсни аниқлаш имконини чеклайдиган кийимларни кийишни тақиқловчи қонунни имзолади.
Қонунга кўра, фуқароларнинг юзини тўсадиган кийимлардан фойдаланиши тақиқланади. Шунингдек, қариялар уйлари, қамоқхоналар, ҳарбий қисмлар ва бошқа муассасаларда диний маросимларни ўтказиш чекланади. Қонун диний ҳаракатларга мажбурлаш, диний адабиётларни таълим муассасалари ва жамоат жойларида тарқатишни ҳам тақиқлайди.
Бундан ташқари, дин билан боғлиқ сиёсий партияларни ташкил этишга йўл қўйилмайди. Қонуннинг бузилиши 20 минг сом (тахминан 3 миллион сўм) миқдорида жарима билан жазоланади.
Маълумот учун, 2023 йил октябрда Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш қонун қабул қилинган эди. Унинг бузилиши учун 3,7 миллиондан 5,6 миллион сўмгача жарима белгиланган.
Мазкур чоралар жамоат жойларида хавфсизликни ошириш ва диний масалаларда жамоат тартибини таъминлашга қаратилган.