Туризм соҳасидаги улкан имкониятлар ва улардан фойдаланиш бўйича вазифалар кўрсатиб ўтилди

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 сентябрь куни мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бирёқлама иқтисодиёт барқарор бўлмайди. Шу боис мамлакатимизда иқтисодиётни таркибий ислоҳ қилиб, кенг кўламда ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, туризм драйвер соҳалардан бири сифатида белгиланиб, зарур шароитлар яратилмоқда. 

Масалан, сайёҳларга виза бериш енгиллаштирилди. Аэропортларда навбатлар ва текширишларга барҳам берилди, яшил йўлаклар қилинди. Валюта айирбошлаш бемалол бўлди. Туризм корхоналари учун ижтимоий солиқ ва айланма солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди, ер солиғи ва мол-мулк солиқ ставкалари 90 фоизга камайтирилди. Меҳмон ўринлари сони 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўпайиб, 125 мингтага етди. Меҳмонлар электрон рўйхатдан ўтказиладиган бўлди.

Бу йил туризм пандемиядан кейин қайта тикланяпти. Сентябргача юртимизга келган хорижий туристлар сони 2021 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайди. Йил бошидан буён туризм экспорти ҳажми 926 миллион доллар бўлди. Юртимизга келган меҳмонларнинг саёҳати ўртача 4-5 кунгача, сарфлаган маблағи 305 долларгача кўпайди.

Ички сайёҳлар сони ҳам ўтган йилга нисбатан 3,5 бараварга ўсиб, 7,5 миллион нафарни ташкил қилди.

Президентимиз бу соҳага алоҳида эътибор қаратиб, шароит яратаётгани бежиз эмас. Чунки туризмда топилган даромаднинг 30 фоизи одамларнинг қўлига иш ҳақи бўлиб боради. Бошқа тармоқларда бу 10 фоиздан ошмайди. Туризм соҳасида яратилган битта иш ўрни турдош тармоқларда қўшимча иккита иш ўрни пайдо бўлишига туртки беради. Яъни, туризм ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини кўпайтириш, ҳам хизматлар экспортини оширишда жуда катта манба.

Йиғилишда туризм бўйича ҳудудлардаги ишлар ҳолати таҳлил қилинди. Бу борадаги улкан имкониятлар ва улардан фойдаланиш бўйича вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқандда “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази барпо этилди. Яқинда у ерда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити юқори савияда ўтди. Бу кўп тармоқли марказ таркибида 8 та замонавий меҳмонхона, Конгресс маркази, “Боқий шаҳар” мажмуаси, амфитеатр ва кўплаб бошқа иншоотлар бор. У йилига 2 миллион туристга хизмат кўрсатиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари энди бу мажмуага сайёҳларни жалб этиш, элчихоналар ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликда “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” брендини тарғиб қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Транспорт вазирлигига янгиланган Самарқанд халқаро аэропорти имкониятларидан самарали фойдаланиш, хорижий авиакомпаниялар рейсларига бўлган чекловларни олиб ташлаб, халқаро қатновларни кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Шу йил 26 апрель куни ўтказилган йиғилишда шаҳар ва туманларда туризм хизматларини кўпайтириш, бундай лойиҳалар учун 1 триллион сўмлик кредит ресурслари ажратиш чоралари белгиланган эди. Бунинг ижроси таҳлил қилинар экан, вилоятларда сайёҳлар борадиган жойлар камлиги, маблағлар ҳали тадбиркорларга етиб бормагани кўрсатиб ўтилди.

Фарғона вилояти ҳокими 5 та туман ва 3 та шаҳарни қамраб олган “Олтин водий сайёҳлик ҳалқаси”ни ташкил этиш борасидаги ишларни сўзлаб берди. Давлатимиз раҳбари бундай лойиҳаларни бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш, ташаббускорларни молиявий ва ташкилий қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, сув омборлари, ўрмон хўжалиги ерларини ўрганиб, хавфсиз ерларда туристик зоналар ташкил этиш мумкинлиги қайд этилди. Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразмнинг чўл ҳудудларида “сафари” туризмини ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.

Яна бир салоҳиятли йўналиш – зиёрат туризми. Мамлакатимизда 1 минг 200 дан зиёд зиёратгоҳ бор. Йиғилишда бу имкониятни тўлиқ ишга солиб, йилига камида 1 миллион сайёҳ жалб қилиш мумкинлиги таъкидланди. 

Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва араб мамлакатларидан авиарейсларни кўпайтириш, малакали гидлар тайёрлаш, зиёратгоҳлар шароити ва йўлларини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.

Юртимизда туризмга ихтисослашган 135 та маҳалла бор. Уларнинг аксарияти узоқ ҳудудларда бўлгани учун инфратузилма масаласи долзарб.

Шу боис Президент туризм маҳаллаларида йўл, электр, сув ва интернет муаммосини ҳал этиш бўйича дастур ишлаб чиқишга кўрсатма берди.

Саёҳатлар учун автомобиль йўллари ҳам муҳим. Лекин замона зайли билан автомобиллар сони тобора кўпайиб бормоқда. Масалан, “Тошкент – Самарқанд” йўналишида беш йил олдин суткасига 25 мингта автомобиль юрган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 35 мингтага етган. Оқибатда йўлга кетадиган вақт ҳам ортган.

Шунинг учун мамлакатимиз шаҳарлари ўртасида поезд ва самолёт қатновларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз туристлар учун қулайликларни кўпайтириш, соҳага оид тартибларни соддалаштириш масалаларига алоҳида тўхталди.

Масалан, бугунги кунда меҳмонхона ташкил этиш учун 97 та талаб бор. Тадбиркорларнинг фикрларини инобатга олиб, бу талабларни халқаро стандартлар асосида соддалаштириш вазифаси қўйилди.  

Туристларни ички ишлар идораларида рўйхатга олиш тартибида ҳам ноқулайликлар бор. Хусусан, хориждан келган туристни меҳмонхона 2 кун ичида, қариндошиникида қолганда эса, уйнинг эгаси 3 кун ичида вақтинчалик рўйхатдан ўтказиши керак.

Ички ишлар вазирлигига бу тизимни таҳлил қилиб, ортиқча чекловларни олиб ташлаш бўйича топшириқ берилди. Бунда хорижий туристларни вақтинчалик рўйхатга олиш ўрнига онлайн хабардор қилиш тартибига ўтилади.

Шунингдек, туристик агентларга ҳам лицензия талаби бекор қилиниб, хабардор қилиш тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу орқали қўшимча 1 мингта турагент пайдо бўлишига имконият яратилади.

– Туризм – бу ҳам инвестиция, ҳам экспорт, ҳам янги иш ўринлари ва камбағалликни қисқартириш дегани. Шунинг учун ҳар бир ҳудудда бу соҳага жиддий эътибор қаратиб, кўпроқ сайёҳларни жалб этиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Умуман, келгуси йилда 7 миллион хорижий ва 12 миллион маҳаллий туристларни жалб қилиш, туризм экспортини 2 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги таъкидланди. Бу бўйича аниқ йўналишлар кўрсатилиб, ижросига масъуллар белгиланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.