Учта йирик меҳмонхона брендлари жорий йилнинг якунигача Ўзбекистон бозорига чиқмоқчи

Улашиш:

Учта йирик меҳмонхона брендлари - Holiday Inn, Curio Collection ва Accor Hotels Group жорий йилнинг якунигача Ўзбекистон бозорига чиқмоқчи.  

Ушбу маълумотлар шу кунларда Тошкентда бўлиб ўтаётган Нotel Business Forum – 2022 доирасида эълон қилинган.

Бугунги кунга қадар мамлакатда 1327та жойлаштириш воситалари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий фонди 32243та хонани ташкил этади. Жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра, оилавий меҳмон уйлари сони 2481тага етган (жойлаштириш учун 21239 та жой). Худди шу пайтни ўзида, хостеллар сони 384 тагача кўпайган бўлиб, улар 12 584 нафар кишига мўлжалланган.

Халқаро меҳмонхона брендлари республиканинг тарихий вилоятларига, айниқса, Самарқанд ва Бухоронинг меҳмонхона хизматлари бозорига эндигина кириб келмоқда. Айни пайтда улар фақат Тошкентда жамланган. Бу ерда Hilton (2 та отель), Wyndham (2та отель), шунингдек Radisson, Lotte, Marriot ва ATECA Hotels меҳмонхоналари фаолият кўрсатади.

"Биз учун Ўзбекистон тараққиётнинг асосий векторларидан биридир. Мамлакат кенг миқёсда ривожланиб, меҳмонхонага бўлган эътиёжнинг ўсишини кўриб турибмиз. Биз Ўзбекистонда учта янги лойиҳани очиш тўғрисида шартнома имзоладик. Йил охирига келиб, биз ушбу мамлакатда етакчи брендлардан бири бўламиз, деб ўйлайман. Ушбу форум ҳукумат томонидан туризм соҳасининг қўллаб-қувватланиши ва унга катта эътибор беришининг яққон исботидир”,- деди Accor New East Europe бош директори Алексис Деларофф.

Рақамларни 2018 йил билан таққослаб айтиш мумкинки, халқаро брендли меҳмонхоналар сони 45% га (5 тадан 9 гача), хоналар сони 38% га ошган (2018 йилда– 969та хона, 2022 йилда– 1576та хона). 2023 йилга келиб, юқори ва ўрта нарх сегментида фаолият юритаётган яна камида учта оператор – Holiday Инн (Intercontinental), Curio Collection (Хилтон) ва Accor Hotels Group Тошкент меҳмонхоналар бозорига чиқишни мўлжалламоқда.   

Қонунчиликдаги ўзгаришлар

Сўнгги ойларда Ўзбекистонда туризм субъектлари фаолиятини тартибга солувчи бир қатор янги меъёрлар тасдиқланган. Масалан, 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкалари 1% этиб белгиланган. Меҳмонхона хизматлари ва жойлаштириш воситаларига юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкалари 90% га камайтирилган.

Туман ва шаҳарларнинг туристик зоналарида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари учун айланма солиқ ставкалари 1% қилиб белгиланган. Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғи ушбу солиқ турлари бўйича ҳисобланган сумманинг 1% миқдорида бўлади.

Шунингдек, жойлаштириш воситаларига қўйиладиган умумий талабларга ҳам ўзгартиришлар киритилган. Хусусан, ҳар-бир меҳмонхона ва жойлаштиришнинг бошқа воситалари аравачали ногиронлар учун битта ёки ундан ортиқ хона жиҳозлаши, эълонлар учун кўриш ёки эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг талабларига мувофиқ келадиган дисплей ва овозли мосламаларни   ўрнатиши талаб этилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.