"Бир нарсани аниқ тушуниш лозим - хизматлар соҳасини ривожлантириш учун ҳар бир ҳудудга алоҳида ёндашув зарур" - Президент

Улашиш:

Бунда аҳоли сони, географик жойлашуви, иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб ҳудудларда хизматларни 3 та йўналишда ривожлантирилиши таъкидланди.

Биринчи йўналишда:

- хизматлар 158 та қишлоқ туманларининг ихтисослашувидан келиб чиқиб ривожлантирилади;

- йирик туристик объектлари мавжуд 45 та ҳамда 40 та тоғли ва тоғолди туманда “тайёр лойиҳа” асосида туризм хизматлари йўлга қўйилади;

- янги меҳмонхона, дам олиш масканлари уч йил давомида мол-мулк ва ер солиғини 2 баробар паст ставкада тўлайди;

- туризм соҳаси учун махсус солиқ режими жорий этилиб, уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада, мол-мулк ва ер солиқлари эса ҳисобланган суммадан 1 фоизи миқдорида белгиланади;

- оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида меҳмон уйларини ташкил этиш ва таъмирлаш учун ҳам имтиёзли кредит ажратилади;

  • қишлоқларда янгидан ўрнатиладиган алоқа оператори станциялари мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади. Базавий станциялардан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Иккинчи йўналишда:

29 та ўрта ва йирик шаҳарлар ҳамда аҳолиси 300 мингдан юқори 6 та туманда замонавий бозор хизматлари ривожлантирилади.

Шаҳарлар ва йирик туманларда хизматларни кўпайтириш учун таълим, тиббиёт, санъат, туризм, уй-жой ва транспорт имкониятларини ошириш кераклиги қайд этилди.

"Шаҳарлардаги аксарият давлат мактаблари 2 баробар кўп юклама билан ишлаётгани, боғча ўринлари етишмаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шу боис, шаҳарларда хусусий таълим хизматлари қамровини кенгайтирамиз.  Бунинг учун ҳам соҳага, ҳам аҳолига катта имконият ва енгилликлар яратаяпмиз", деди Президент.

Бир ой муддатда аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжини ўрганиб, 100 та қулай ер майдонларини белгилаб, мактаб ва боғча қуриш шарти билан аукцион орқали тадбиркорларга бериш топширилди.

Умуман, 29 та шаҳар ва 6 та йирик туманда хизмат кўрсатиш соҳасида 200 минг иш ўрни яратилади.

Учинчи йўналиш: бўйича Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида юқори даромадли хизматларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

Тошкент шаҳрини таълим, тиббиёт, бизнес ва маданий-кўнгилочар марказга айлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

"Мисол учун, Сергели туманида 16 километр узунликдаги ер усти метроси атрофида тунги ёритгич, ўриндиқ, спорт 
ва бошқа инфратузилма ташкил этиш ҳисобига савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 5 мингта иш ўрни яратиш бўйича таклиф билдирилган. Бундай таклифлар менга маъқул.

Ёки, пойтахт тадбиркорларининг шаҳар ҳудудида санъат, рассомчилик, ҳайкалтарошлик, ҳунармандчилик вакилларини кенг жалб қилиб, йирик “санъат кўчалари”ни яратиш таклифларини ҳам қўллаб-қувватлайман", деди Президент.

Бундан ташқари, "Франция, Италия, Туркиядан реставратор ва музей иши мутахассисларини олиб келиб, барча музейларни замонавий қиёфага келтириш ва “омборда чанг босиб ётган” ноёб экспонатларни намойишга қўйишни" ташкил қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.