Президент янги фармонни имзолади

Улашиш:

Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди.

Унга кўра инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг 2022 йил 1 январдан:

2031 йил 1 январгача Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари учун:

фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ижтимоий солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ўрнатилган солиқ ставкаларини 1 фоиз этиб белгилаш;

мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида белгилаш;

2025 йил 1 январгача Хоразм вилоятининг Тупроққалъа, Янгиариқ, Янгибозор туманларида янги ташкил этиладиган ва шу туманларда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) бўйича:

фойда солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаларини 50 фоизга камайтириш;

улар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўз ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) эҳтиёжлари учун олиб кириладиган хомашё, материалларни божхона божидан озод қилиш;

Хоразм вилоятида янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш бўйича имтиёзли даврни беш йил этиб белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қорақалпоғистон Республикаси учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 августдаги “Инвестиция лойиҳаларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5233-сон қарорига мувофиқ зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланадиган инвестиция лойиҳалари қиймати камида 50 миллиард сўм миқдорида белгиланди.

Бунда, ушбу тартиб бўйича 50 миллиард сўмдан 200 миллиард сўмгача бўлган инвестиция лойиҳаларининг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар ушбу лойиҳалар қийматининг 20 фоизидан ошмаслиги лозим.

Молия вазирлиги (Т.Ишметов) Марказий банк (М.Нурмуратов) билан биргаликда Хоразм вилоятида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан ортда қолаётган ва ишсизлик даражаси юқори бўлган 98 та маҳалла учун 2022-2026 йиллар давомида:

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида:

“маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш мақсадида 200 миллиард сўм;

аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва жалб қилиш лойиҳаларини амалга оширадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллиард сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилиши кўзда тутилади;

Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан инфратузилмани ривожлантириш учун 150 миллиард сўм маблағ ажратилиши таъминланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.