Ўтган ойда солиқ кодексига қандай ўзгаришлар киритилганидан хабардормисиз?

Улашиш:

 2022 йил 7 майда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ 767-сонли Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 ноябрдаги “Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида”ги ПҚ–14-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
23 ноябрдаги “Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–25-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонуннинг – мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда Солиқ кодекси меъёрларига мослаштиришдан иборат.

Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси солиқ кодексининг 75-моддаси қуйидаги ўн биринчи қисм билан тўлдирилди.

«Ушбу Кодекснинг 483-моддасида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш тарзида берилган солиқ имтиёзларига эга бўлган солиқ тўловчилар мазкур солиқларни ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг бир фоизи миқдорида тўлайди».

Яъни Солиқ кодексининг 483-моддаси юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш тарзида берилган солиқ имтиёзларга эга бўлган солиқ тўловчилар эндиликда мазкур солиқларни ушбу солиқлардан ҳисобланган солиқ сумманинг бир фоизи миқдорида тўлайди.

75-модданинг ўн биринчи қисм эса ўн иккинчи қисм деб алмаштирилди.

Кодекснинг чегириб ташланмайдиган харажатлар тўғрисидаги 317-моддасининг 7-бандига, шунингдек Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига хайрия қилинган маблағлар мустасно деган сўзлар киритилди. Яъни Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига хайрия қилинган маблағлар ҳам чегириб ташланадиган харажатлар жумласига кирадиган бўлди.

Электрон тижорат иштирокчиларига, уларнинг миллий реестрига киритилган ёки киритилмаганлигидан қатъий назар фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича имтиёзлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 ноябрдаги “Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида”ги ПҚ–14-сон қарорига асосан Солиқ кодексининг 337- ва 467-моддаларига қуйидаги ўзгартириш киритилди:

- электрон тижорат иштирокчиларига, уларнинг миллий реестрига киритилган ёки киритилмаганлигидан қатъий назар фойда солиғидан 7,5 фоиз ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича 2 фоизлик пасайтирилган солиқ ставкалари қўлланилади.

Кодекснинг 380-моддаси биринчи қисми биринчи хатбошига болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек I- ва II-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича солиқ солишдан озод этилиши меъёри киритилди. Илгари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича солиқ солишдан озод этилиши кўзда тутилган эди.

Кодекснинг 428-моддаси иккинчи қисми 11-хатбошига асосан солиқ солинмайдиган ер участкаси жумласига кирадиган, янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъий назар, уч йил муддатга. Кузда ўтказилган янги кўчатлар учун бериладиган солиқ имтиёзи муддатини ҳисоблаб чиқариш кейинги йилнинг 1 январидан эътиборан бошланади, баҳорда ўтказилган кўчатлар учун эса жорий солиқ даврининг 1 январидан эътиборан бошланади деган бандидаги «уч йил» деган сўзлар «беш йил» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Яъни янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъий назар беш йил муддатга солиқ солинмайдиган ер участкаси жумласига киритилади.

Кодекснинг 483-моддаси учинчи қисмидаги қўшилган қиймат солиғи бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;

ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланмаларга 2022 йил 30 апрелгача бўлган имтиёз 2022 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилди.

Кодекснинг 483-моддаси тўққизинчи қисми бўйича белгиланган имтиёзлар муддати 2022 йилдан 2022 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилди ва қуйидаги таҳрирда баён қилинди.

“2021 йилнинг 10 октябридан 2022 йил 30 апрелга қадар бўлган даврда товуқ гўштини, музлатилган балиқни ва тирик паррандани, 2021 йил 10 октябрдан 2022 йил 31 декабрга қадар

бўлган даврда эса гўштни (мол гўштини, қўй гўштини), тирик ҳайвонларни (молни ва қўйни) ҳамда уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади».

Кодекснинг 483-моддасига қуйидаги мазмундаги ўн олтинчи, ўн еттинчи ва ўн саккизинчи қисмлар билан тўлдирилди:

2022 йил 1-январдан 2031 йил 1-январга қадар бўлган даврда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари:

фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, ижтимоий солиқни ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди;

юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди.

Бўялган матони, бўялган газламани ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотини экспорт қилувчи тадбиркорлик субектлари (шу жумладан комиссионер (ишончли вакил) орқали экспорт қилган тадбиркорлик субъектлари) 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.

Ушбу модданинг ўн еттинчи қисмида назарда тутилган имтиёз бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотини экспорт қилишдан олинган тушуми барча товарларни ва хизматларни реализация қилишдан олинган тушумининг камида 80 фоизини ташкил этадиган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади».

 

Бахтиёр Муродов – Жиззах вилоят ДСБ солиқ маслаҳати бўлими бошлиғи

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.