Пандемия даврида берилган имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Солиқ кодексида акс этди

Улашиш:

Ўзбекистон Республикасининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига ҳамда  Ўзбекистон Республикасининг Солиқ Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.  

Солиқ кодексига қўшимча учта моддадан иборат бўлган янги “Алоҳида шароитларда солиқ мажбуриятларини бажариш” номли 72-боб киритилди. Бунда, ушбу моддалар билан:

  •  Алоҳида шароитларда қўшимча ваколатлар бериш;
  • Солиқларни, солиқлар бўйича бўнак тўловларини тўлаш бўйича фоизсиз тўлашни кечиктиришнинг ёки бўлиб-бўлиб тўлашни қўллашнинг ва алоҳида шароитларда солиқ мажбуриятларини бажаришнинг вақтинчалик тартиби;
  • Вақтинчалик солиқ имтиёзлари номли қоидалар киритилди.

Жумладан, Қонун билан солиқларни, солиқлар бўйича бўнак тўловлари бўйича фоизсиз кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг вақтинчалик тартиби амал қилади:

1) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича – маҳаллий давлат органларига ваколат берилади. 2020 йил 31 декабрга қадар соддалаштирилган асосда, 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга берилиши мумкин. Солиқ тўловчининг аризаси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг хулосалари асос бўлади. Бошқа ҳужжатлар талаб этилмайди;

2) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, ижтимоий солиқ ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича – ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушумлар миқдори 2020 йилнинг I чорагидаги даромади ўртача ойлик кўрсаткичга нисбатан 50%дан кўпроқ қисқарадиган микрофирмалар, кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорларга. Қуйидаги солиқларни кечиктириб тўлаш имконияти 2020 йил 1 октябрга қадар тақдим этилади:

а) ижтимоий солиқ бўйича – 6 ой мобайнида тенг улушларда, солиқларни тўлаш муддатларидан кечиктирмасдан;

б) 12 ой мобайнида тенг улушларда тўланади:

  • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича – солиқ бўйича бўнак тўловларини тўлаш муддатидан кечиктирмай , якка тартибдаги тадбиркорлар учун эса – ҳар ойнинг 15-санасигача;
  • юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича – солиқ тўлаш муддатидан кечиктирмай, якка тартибдаги тадбиркорлар  учун эса – ҳар ойнинг 15-санасигача;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича – солиқ бўйича бўнак тўловларини тўлаш муддатидан кечиктирмай;
  • айланмадан олинадиган солиқ бўйича – ҳар ойнинг 15-санасигача.

Мазкур Қонун билан Солиқ кодексига киритилган қоидалар 2020 йил 1 мартдан эътиборан юзага келадиган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Жиззах вилояти ДСБ ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.