Президент танқидидан сўнг: Хизматлар кўрсатиш соҳаси янада такомиллашади

Улашиш:

Президентимиз раислигида 2022 йил 7 июнь куни хизматлар кўрсатишни ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда хизматлар кўрсатишни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, амалга оширилиши зарур бўлган лойиҳалар ва йил якунига қадар режалар атрофлича муҳокама қилинди.

2022 йилнинг 27 январида давлатимиз раҳбарининг “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ, бу соҳага кўплаб енгилликлар берилди ва имтиёзли ресурслар ажратилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда бу борада ҳудудларда бажарилган ишлар таҳлил қилиниб, Президентимиз Жиззах вилояти бўйича янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида 2 мингта иш ўринлари яратилганлигини қониқарли деб бўлмаслиги, бу паст кўрсаткич эканлиги алоҳида таъкидланди.

Танқиддан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, биз хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишларимизни қайта қўриб чиқиб, йил якунига қадар аниқ режаларни белгилаб олдик. Жумладан, Жиззах шаҳри ва туманлар ҳокимликларининг таклифларига асосан, ҳар бир туман (шаҳар) учун алоҳида ёндашув асосида 2022 йилда 25 минг 700 та иш ўрни яратишни назарда тутувчи, хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича ҳудудий дастур ишлаб чиқилди. Энди ҳар кунлик ишларнинг муҳокамаси изчиллик билан олиб борилади.

Жиззах шаҳри ва туманлардаги 17 та марказий кўчаларни янгича ёндашув асосида махсус савдо-хизмат кўрсатиш кўчаларига айлантириш ва ушбу кўчаларда жорий йилнинг сентябрь ойига қадар 600 дан зиёд савдо-сервис объектлари ташкил этиш орқали 2 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш доимий эътиборда. 

Жумладан, Жиззах шаҳри “Жиззахлик” маҳалласидаги боши берк, бир тарафлама – қаровсиз “Истиқлол” кўчаси Шароф Рашидов кўчасига уланди ва 3 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфлаб, 1,4 километр автомобил йўли, пиёдалар ва бир километр узунликдаги велосипед йўлаклари қурилди, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Бу республикага “Жиззах тажрибаси” сифатида жорий қилинди. Худди шундай кўчаларни Жиззах шаҳрининг ўзида 3 тага етказамиз. Бунинг самарасида яна 800 нафар киши ишли бўлади. 

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 6 минг 410 та (режа – 2948 та) бўш турган ер участкалари аниқланиб 3 минг 600 та ер майдони мулк ва ижара ҳуқуқи асосида аукцион савдоларига чиқарилиши таъминланди. Бугунги кунга қадар ушбу ерларнинг 106 таси аукцион савдолари орқали 4 миллиард 500 миллион сўмга сотилди. Йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 10 минг 500 тага етказишни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз ва бу борада барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Енгил конструкцияли объектларни жойлаштирган ҳолда кўчма ва енгил турдаги замонавий янги савдо-сервис объектлари ташкил этиш учун йиллик режамиз 100 та бўлган бўлса, эндиликда 3 мингта ер майдони “К-савдо” электрон платформасига жойлаштирилади ва тадбиркорлик субъектларига сотилади. Халқаро йўл бўйида хизмат кўрсатишни ривожлантириш учун 8,6 гектарлик 7 та ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилади.

Махсус солиқ режими жорий этиладиган Арнасой, Зомин ва Фориш туманларидаги 7 та туристик салоҳияти юқори бўлган маҳалла фуқаролар йиғинлари туризм ҳудуди сифатида белгилаб олинди. Ушбу ҳудудларнинг инфратузилмасини ривожлантириш учун 12 миллиард 900 миллион сўм маблағ ҳисоб-китоб қилинди. Шунингдек, ушбу ҳудудларда туризм ва хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳа қиймати 47 миллиард сўмлик 132 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилади. 431 та иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, жами 2 минг 127 та хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиши белгилаб олинди.

Жорий йилнинг ўтган даврида жами соҳаларда вилоятимиз бўйича 10 мингтага яқин янги иш ўринлари яратилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. Лекин биз, бу билан чекланмоқчи эмасмиз. Мамлакатимизда аҳоли фаровонлиги, бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар тизимли давом этади. 

Президентимиз томонидан вилоятдаги хизматлар кўрсатишни ривожлантириш масалалари борасида айтилган танқидлардан тўғри хулоса чиқариб, бундан буён барча ишларимизни ана шундай хато ва камчиликларга йўл қўймаган ҳолда олиб борамиз.   

Абдували Мустанов,

Жиззах вилояти ҳокимининг молия-

иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш 

масалалари бўйича биринчи ўринбосари

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.