Халқ демократик партияси расман мухолифатга ўтди

Улашиш:

Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) Олий Мажлисдаги расмий мухолифат фракцияси мақомига ўтганини эълон қилди. Бу қарор партиянинг электорат манфаатларини янада самарали ифодалаш ҳамда ижтимоий йўналтирилган сиёсатни изчил давом эттириш мақсадида қабул қилинди.

Расмий баёнотда партия ўзини сўл қанот сиёсий куч сифатида таърифлаган ва ижтимоий адолат, тенглик, давлат томонидан тартибга солиш, ҳамда ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашни ўзининг асосий вазифаси сифатида белгилаган.

Шу билан бирга, ХДП парламентда кўпчиликни ташкил этувчи икки ўнг партиянинг «Тараққиёт блоки» сиёсатини қўллаб-қувватлашдан расман воз кечди. Баёнотда қуйидаги масалалар партиянинг эътирозига сабаб бўлгани таъкидланган:

  • стратегик аҳамиятга эга компанияларни оқибатларини инобатга олмасдан хусусийлаштириш уринишлари;

  • пенсия тизимида бозор механизмларини жорий этиш ва давлатнинг кафолатли масъулиятидан четлашиш;

  • коммунал тўловларнинг ошиши фонида камбағал аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларининг йўқлиги;

  • алданган акциядорлар муаммосига нисбатан эътиборсизлик;

  • солиқ тизимида прогрессив шкаладан ҳамда дабдаба солиғидан воз кечиш;

  • фармацевтика соҳасида назоратсизлик ва жамоатчилик саломатлигига таҳдид солувчи реклама кампанияларига нисбатан ҳукуматнинг сукут сақлаши.

Партия бу қарор орқали шунчаки қаршилик билдиришни эмас, балки аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқишни, ҳукумат фаолиятини халқ манфаатлари нуқтаи назаридан танқидий назорат қилишни мақсад қилганини маълум қилди. Бу ҳаракат қанчалик самарали бўлиши – вақт ва амалиётда аниқланади.

Агар мухолифат сўзда эмас, амалда жамият учун долзарб ва ноқулай бўлган муаммоларни кўтарадиган бўлса, аҳоли дардини эшитадиган ва ифодалайдиган воқеий кучга айланса – мамлакат парламентаризмнинг янги босқичига қадам ташлаши мумкин. Акс ҳолда, бу навбатдаги "эски таниқли юздаги янги ном"дан бошқа нарса бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йилги президентлик сайловларидан сўнг парламентда мухолифат фаолиятини тиклаш таклифи билан чиққан эди. У мухолифат учун кафолатланган ҳуқуқларни кенгайтириш, жумладан, битта қўмита раиси ва иккита қўмита раисининг ўринбосарлиги лавозимларини бериш таклифини илгари сурган.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, янги давр парламенти ҳақиқий “халқ уйи”, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генератори, соғлом рақобат ва очиқ мунозара майдонига айланиши лозим. Шу орқали, парламент фаолияти қонун ижодкорлигини янада халқона, манфаатларга мос ҳолда ташкил этишга хизмат қилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.