2023 йили Жиззахда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 460 млн долларлик 31 та лойиҳа ишга туширилади

Улашиш:

Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳрида саноатни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбалари масалаларида йиғилиш ўтказмоқда.

Президент қурилиш ва замонавий энерготежамкор материаллар ишлаб чиқариш бўйича мутасаддиларга қатор топшириқларни берди. 

Жумладан, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари, “Ўзсаноатқурилишбанк” бошқаруви раиси ва вилоят ҳокимига 2023 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 460 миллион долларлик 31 та лойиҳани ишга тушириш топширилди.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Жиззах вилояти ҳокими билан бирга, 1 июнга қадар вилоятдаги юқори салоҳиятли норуда конларига тадбиркорларни жалб қилиб, 60 та лойиҳани бошлаш топширилди. Хусусан, йил якунига қадар геология-қидирув ишларини ўтказиб, янги конлар аниқлаш топшиғири берилди.

Фориш кластерида икки ой муддатда вилоят ҳокими ва “Ўзсаноатқурилишбанк” бошқаруви раиси сендвич панел, газоблок каби янги турдаги энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 20 та лойиҳани бошлайди.

“Ўзсаноатқурилишбанк” бошқаруви раисига, шунингдек, “Саноат ипотекаси” дастурини бошлаб, тадбиркорларга 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга биринчи босқичда 50 миллион доллар ресурс ажратиш топшириғи берилди.

Бундан ташқари, “Ўзсаноатқурилишбанк” бошқаруви раисига икки ой муддатда қурилиш материаллари бўйича Жиззахда “Тадбиркорлар мактаби”ни ташкил этиш топширилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига соҳага янги тажриба ва инновацияни олиб кириш мақсадида, Фориш кластеридаги ҳар бир корхонага етакчи олим ва технологларни бириктириш топширилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.