Тинчлик деб аталмиш неъматнинг қадри дунёда ҳеч нарса билан ўлчанмайди. Осойишта ҳаёт, фаровон турмуш негизида эса фарзандлар камоли, дўсту ёрлар аҳиллиги мужассам.
Инсонийлик фазилатларидан йироқда, фаровон кунларни кўра олмайдиган айрим кимсаларнинг эътиборидаги муҳим нарса ҳам тинчликка таҳдид солишдир. Афсуски, мана шу оддий ҳақиқатни англамай, тўғри йўлдан адашган, одам савдоси, миссионерлик каби иллатлар домига тушган кимсалар афсуски, сизу бизнинг атрофимизда ҳам топилади:
- Асқар, эълонни эшитгандирсан? Бугун коллежда ота оналар йиғилиши. Уйиндагиларга айтдингми?
- Эҳ, устоз айтиб нима қиламан. Дадам Россияга ишлашга кетганлар ойим эса эртаю кеч бозорда. Нима гапингиз бўлса айтинг ойим айтдилар мен ўзим уларга етказиб қўяман.
- Бу нима деганинг онанг учун сенинг тарбиянг биринчи ўринда эмасми? Ахир аввалги йиғилишларда ҳам улар қатнашишмаган. Сенинг ҳатти-ҳаракатларинг охирги пайтда мени хавотирга соляпти. Кеча нимага учинчи парага кирмадинг, ўртоқларинг сени кун бўйи интернет кафеда ўтиради дейишди, шу тўғрими?
- Ҳа, буни нимаси ёмон. Мен видео орқали кунора дадам билан гаплашаман. Бу техника асри бўлса...
Табиатан одамови, аламзадалик кайфиятида ўсган бу йигит эндигина 19 ёшда. Гуруҳ раҳбарининг бир неча марта тайинланлашига қарамай онаси бирор марта ҳам ота оналар мажлисига келмади. Дарсларда ўртамиёна қатнашувчи Асқар сўнгги пайтларда ўзига ажойиб эрмак топди. Ўртоғи Нозимнинг ёрдами билан у илк марта интернет кафега борди. Ижтимоий тармоқлар, дўстлар орттириш, ажойиб танишувлар уни сеҳрлаб қўйганди гўё. Айниқса, ўзини Арсен деб таништирган 25 ёшли йигит у билан деярли ҳар куни алоқага чиқадиган бўлди. Арсен билан бўлган суҳбат бошқаларга қараганда бироз ноодатий, мавзу фақат дин бўйича эди. Асқарнинг дин борасида нотўғри тушунчалари тобора авж олиб, у ҳатто бошқаларга ақл ўргатадиган бўлди:
- Асқар яқинда коллежда гуруҳлар ўртасида мусобақа бўлар экан. Сен ҳам гуруҳимиз номидан қатнашсанг бўлар эди. Исм фамилиянгни рўйҳатга қўшиб қўяйми, нима дейсан?
- Мен фақат ислом аҳкомлари ўртасида бўлувчи, Аллоҳга шахидлик йўлидаги тадбирларга қатнашаман. Бу йўлда жон берсам мен албатта жаннати бўламан. Сен айтган бу мазқарабозлик тадбиридан ҳеч қандай манфаат йўқ.
- Нималар деяпсан, қанақа шахидлик, қандай ислом аҳкомлари, ахир бу айтганларинг муқаддас ислом динимизга зид тушунчалар-ку. Менга бу ҳақида бувижоним кўп гапириб берганлар.
- Сен шарм ҳаёсиз қизнинг юз, кўзинг авратларингни очиб юришингни ўзи дўзахийлик белгиси. Динимизда бундай юриш тақиқланишини биласанми? Бу ҳам етмагандек ожиза холингга менинг рухсатимсиз гапиришингчи. Сен шахидлик деб аталмиш тушунчани бутунлай нотўғри талқин қилаяпсан. Бу ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган бахт!
Бир четда бу гапларни эшитиб турган ўқитувчи бир бурчакда бу гапларни эшитиб ҳангу манг бўлиб қолади. Ўқувчисининг тақдиридан ҳавотир олган ўқитувчи унинг уйига бориб, унинг Туркияга кетганлигини эшитди. Аллақачон одам савдосининг асирига айланиб, экстремистик гуруҳлар қармоғига тушган Асқарни бир ойдан сўнг онаси телеэкран орқали таниб бўлмас даражада, бутундай бошқа қиёфада кўрди...
Халқимизда “Сўнгги пушаймон ўзингга душман” деган нақл бежизга айтилмайди. Юртдошларимиз орасида ўзгача хою ҳавасларга берилиб, маблағ орттириш йўлида ўзга давлатларга кетаётганлар одам савдосининг қурбонига айланиб қолмоқда. Юртимизда ёшларнинг таълим олиши, уларни меҳнатга жалб қилиш юзасидан кўплаб имкониятлар яратилган. Улардан оқилона фойдаланмаган, кимларнидир асоссиз ваъдаларига учиб, ўз эрки, эътиқодини поймол қилган, туғилиб ўсган юртига қарши чиққан манқуртларни кечириш мумкинми? Ёшларнинг ишонувчанлиги, улардаги тарбиянинг мустаҳкам эмаслигидан учинчи бир куч воситачилари фойдаланиб қолишмоқда. Мудхиш жиноятларни содир этган бу каби кимсалар шунчалар ҳам ташқи дунёдан узилган, ишонувчанми? Хулоса эса ўзингиздан.
Маъмура Юсупова