Сурияда сарсон бўлган аёллар

Улашиш:

 Cаломат эрта тонгдан дарвозани очишга одатланган. Айтишларича, саҳар дарвозаси очилган уйга фаришталар киради. Дастёр келинчак оила аъзоларига тансиқ ва енгил нонушта тайёрлашга ҳам улгурди. Истараси иссиқ қайнона “Балли қизим” деб уни қизи каби эъзозласа, қайнотаси келини ва оила аъзоларини узундан узоқ дуо қилади. Икки нафар фарзандини мактабга кетишга ҳозирлаган аёл жонажон иш жойига кетишга чоғланди. 

Энди эса эътиборингизни ўз бахтини интернет тармоғидан излаган, бегона йигит билан танишиб, унинг кўрсатмаларига асосан оқибатда Сурияга бориб қолган ҳамюртимиз кун тартибига қаратсак.

Самира исмли аёлнинг Сурияга келганига икки ойдан ошди. Хорғин қиёфаси, юзларидаги алам аксини кўрган одам уни асло 28 ёш деб ўйламайди. Самиранинг ҳар бир куни ўзига хос даҳшадларга тўла. Қўпол ва разил кимсаларнинг бир-бирига сўкиниб гапириши, ҳеч қандай ислом динига хос бўлмаган давъатлар у ердаги аҳоли учун оддий холдек гўё. Самия бир гуруҳ хотин-қизлар билан бир хужрада яшайди. 20 нафар хотин-қизларга ташқарига чиқиш қатъиян таъқиқланган. Бир кун давомида хужрадаги ҳар бир аёл 10 тадан 25 тага эркакларни қабул қилади. Бу ерга келган хотин-қизларнинг мақсади жиход қилиш эди. Самира сингари хотин-қизлар  назоратчисининг айтишича, террорчилар билан яшаш, уларнинг кўнглини овлаш, руҳлантириш орқали жиход қилиш савобини олиш мумкин.

Во ажаб! Наҳотки, заифаларни ғайриоддий хунрезликларга бошловчи интим жиход орқали жаннат ваъда қилинса. Ахир буларнинг остида террорчилик ҳаракатларининг навбатдаги найрангги тургани ойдек равшан-ку! Айни пайтда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган террористик ҳаракатларга хотин қизлар ва болалар ҳам жалб этилмоқда. Афсуски, улар орасида ўз йўлидан адашган, пуч ваъдаларга ишониб, ғаразли кучларнинг тарғиботчисига айланиб қолаётган Самира сингари ҳамюртларимиз ҳам бор.  

Яна бир маълумот: яқинда Ироқнинг “Ал Фаллужа” шаҳрида террорчилар билан яшашни истамаган 150 нафар хотин-қизлар Ироқ ва Сурия жангарилари томонидан отиб ташланди. Ачинарлиси, улар орасида ҳомиладор аёллар ҳамда вояга етмаган қизлар бор эди.

Хўш, хотин-қизларга вахшийларча муомалада  бўлган бу кимсаларнинг ҳам онаси, опа синглиси бордир деяётгандирсиз. Тамоман манқуртга айланган, инсоний туйғулар юзига аллақачон парда тортиб қўйган бу кимсалар ҳатто ўз турмуш ўртоғини бошқаларга тортиқ қилаётганига нима дейсиз?  

Аччиқ ҳақиқат шуки, дунёга вахшийлик уруғини сочувчи террорчилик ҳаракат вакиллари аёллардан бир буюм сифатида фойдаланмоқда холос. Ожизаларга зулм кўрсатаётган қабих кимсалар уларни жиход майдонларига чорламоқда, ўз жинсий майлларини қондирмоқда, шу орқали даромат ҳам  тўпламоқда. Ислом тарихида эса жангариларга бу тарзда хизмат қилиш ҳолати бўлмаган ва бу ҳаракатлар ҳеч нарса билан оқланмайди, аксинча катта гуноҳ саналади.  

Аёл - табиатан нозик хилқат. У авлодлар давомчиси сифатида азалдан эъзозланиб келинган. Ўз аёллик шаънига доғ туширган, душманларнинг  бузғунчи ғояларини тарғиб қилишга кўмаклашаётган, жангарилик майдонларида ўзини кўз кўз қилиб қурол ўқталган аёлларни кўриб ёқа ушлайсан киши. Ўз давлати, оиласига қарши қўлида қурол кўтарган аёллар аслида инсон деган номга муносибми?

“New York Post” нашрининг хабар беришича, Автриялик вояга етмаган 17 ёшли Самра Ксинович ва 15 ёшли Сабина Селимович  Ироқ ва Шом жангариларининг кўнглини овлаш, уларга хизмат кўрсатиш орқали жаннатга эришиш хомхаёли билан уйдан қочиб кетган. Бу икки қизнинг жангарилар тўдаси билан қурол ушлаб тушган суратлари интернет орқали кенг тарқалиб, улар бу ишга кўплаб хотин-қизларни ҳам даъват этишган. Аммо бироз вақт ўтиб, улардан бири ҳомиладор бўлиб қолганлиги ва уйига қайта олмаётганини айтиб афсусланган.      

Халқимизда “Сўнгги пушаймон ўзингга душман” деган нақл бежизга айтилмаган. Ўз ишидан пушаймон бўлган, қолаверса оиласи, юртига қайта олмаётган, террорчиларнинг жиход майдонидаги қилмишларини ошкор қилган аёллар ҳам аёвсиз хўрланмоқда, азобланмоқда.

Аслида аёлларнинг чет давлатига чиқиб кетишдан аввал бу ҳақида чуқурроқ ўйлаш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ҳақида бирор марта бош қотиришмаганлиги аянчли воқеаларга сабаб бўлмоқда. Маълум бўлишича, аксарият алдов қурбонлари чет давлатига кетаётгани ўз оила аъзолари, ота отаси ва турмуш ўртоғига маълум қилмаган.

Ўзбекларга хос бир одат бор. Дастурхон атрофида ўтирганда аввало таомга ота кейин бошқалар қўл узатади. Уйдан чиқаётганда оила бошидан рухсат сўралади. Ҳақли савол, ҳатто қўшнисиникига чиқаётиб уйдагиларга айтиб кетувчилар чет давлатларига қачондан руҳсатсиз борадиган бўлишди? 

Муборак ҳадисларнинг бирида “Қайси бир аёл эрининг руҳсатисиз сафарга чиқадиган бўлса, то у уйига қайтганига қадар унга Аллоҳнинг ланати бўлади” дея таъкидланган.

Шу жараёнда ўз қизи, турмуш ўртоғи, синглиси ҳаётига бефарқ қараган, қаерда десанг, “Яхши юрибман деган эди, лекин биз аниқ қаердагини билмаймиз” деган гапларни айтган лоқайд қимсалар ҳатти-ҳаракати инсонни ажаблантиради.  

Маълумот ўрнида

Одам савдосидан жабрланган юз минглаб ва ҳатто миллионлаб (айрим маълумотларга кўра – камида 700 минг, бошқаларига қараганда эса 2,7 млн.) нафар бўлиб, уларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади. Дунёда 4 млн нафарга яқин одамлар ҳар йили мажбурий меҳнатдан фойдаланиш учун давлатлар чегараси орқали ўтказилади.

 Жинсий эксплатация мақсадларидаги одам савдоси катта дароматга ва хавфга эга фаолият ҳисобланиб, у жабрланувчиларнинг ҳаёт сифатини, аксарият холларда умрини барбод этади.

Замон инсондан хушёрликликни, огоҳликни талаб этмоқда. Бунда оддий ҳолатга нисбатан ҳам лоқайд қараш, кимларгадир ишониб қолиш ярамайди. Аввало ўзини назорат қила олган, ўз ҳақ-ҳуқуқларини билган, тафаккури уйғоқ инсонни ҳеч ким йўлдан ура олмайди.

Азиз аёллар, гўзал турмушингиз фаровонлигини бузмоқчи бўлган кимсалар қармоғига тушиб қолишдан сақланинг! Ахир дунёда оила жамулжамлиги, аҳиллиги ва юрт тинчлигидан ҳам кўра қимматлироқ неъмат бормикин? Фаровон келажак фақатгина ўзингиз туғилиб, вояга етган юртда яратилади. Ўзга давлатлардан бахтли келажак излашга на ҳожат? Аёлларини алқаган, уни ҳар қадамда эъзозлаган, аёл мадҳини кўкларга кўтарган бундай элни қайдан топасиз, қайдан? 

 

Маъмура Юсупова, Ҳамид Олимжон ва

Зулфия номидаги ижод мактаби директор ўринбосари

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.