Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳрида саноатни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбалари масалаларида йиғилиш ўтказмоқда.
Президент Жиззах саноатининг ҳозирги жадал ривожланишини давом эттириб, 2023 йилда вилоят саноатини 14 фоизга ошириш кераклигини таъкидлади. Давлат раҳбари бу борада масъулларга қатор топшириқлар берди. Хусусан:
Бош вазир ўринбосари, инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлигига Жиззахда 2023 йилда 750 миллион долларлик 10 та йирик лойиҳа ва 580 миллион долларлик 110 та ҳудудий саноат лойиҳасини ишга тушириш бўйича топшириқ берилди. Бунинг ҳисобига саноатда 7,5 мингта янги иш ўринлари яратилади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Жиззахдаги саноат зоналарида ишга тушадиган 150 миллион долларлик 58 та лойиҳага масъул бўлади. “Ўзавтосаноат” раисига сентябр ойида 80 миллион доллар инвестиция ҳисобига электромобил заводини ишга тушириш топширилди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ўн кун муддатда “Учқулоч” (Фориш тумани) конини тиклаш бўйича хорижий инвесторлар (Туркия) билан шартномани имзолаб, 1 майгача бурғилаш ишларини бошлаш топшириғи берилди.
Бунга 200 миллион доллар инвестиция жалб қилинади ва 600 та иш ўрни яратилади.