“Жиззахда 2023 йилда 270 Мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилади ва танқислик ортиғи билан қопланади” — президент

Улашиш:

Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳрида саноатни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбалари масалаларида йиғилиш ўтказмоқда.  

Давлат раҳбари вилоятда электр етишмовчилиги 2022 йилда 123 миллион киловатт соатга етгани, 2023 йилда бу рақам 156 миллион киловатт соат бўлиши кутилаётганини таъкидлади. 

“Вилоятда камида 2 минг Мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалар учун салоҳият бор. Шундан келиб чиқиб, Жиззахда 2023 йилда 270 Мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилади ва шунинг ҳисобига 236 миллион киловатт соат ишлаб чиқарилиб, танқислик ортиғи билан қопланади. Бунинг ҳисобига, жами 71 миллион куб метр газ тежалади”, — деди президент. 

Таъкидланишича, Ғаллаоролда 220 Мегаваттли йирик қуёш станцияси ишга туширилади. 2023 йилда бу станция тўлиқ қувватга чиқиб, 500 миллион киловатт соат электр олинади ва вилоят эҳтиёжининг 20 фоизини қоплайди.

Шунингдек, ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида 5 Мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилиши ҳисобига, 2023 йилда 5 миллион киловатт соат таъминланади. Бунинг учун, банклар иштирокида алоҳида Компания ташкил қилинаяпти. Жиззахда бу компания 5 миллион доллар ҳисобига, 250 та бинода қуёш панеллари ўрнатиб, “яшил энергия” билан таъминлайди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашичи, саноат зонаси ва тадбиркорлар биноларида 15 Мегаваттли қувватлар жойлаштирилади. Бунинг учун, тадбиркорларга банклар томонидан 100 миллиард сўм кредит ресурслари ажратилади.

“Аҳоли хонадонларига 8 Мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш учун, жозибадор шароитлар яратилади. Бунда, аҳоли ўз хонадонида панел ўрнатиб, эҳтиёжидан ортган ҳар бир киловати давлат томонидан 1 минг сўмдан сотиб олинади (ҳозирги тариф 295 сўм)”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент тадбиркорларнинг ўз эҳтиёжлари учун 5, 10, 15 Мегаваттли қуёш станциялари қуриш ташаббуслари ҳам қўллаб-қувватланиши ҳақида гапирди. Бу орқали, 2023 йилда 30 Мегаватт қувватлар яратилади ва 28 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилади.

Бундан ташқари, Зафарободда 2023 йилда жами 2 Мегаваттли 2 та кичик ГЭС қурилади ва бу йил 2,4 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, вилоятда 10 минг километр ирригация тармоқлари ва каналлар бор.

Президент Форишда 150 Мегаваттли йирик қуёш станцияси лойиҳаси бошланишини айтди. 

“Ушбу станция тўлиқ қувватга чиққанда, 370 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради.

Шунингдек, Жиззах шаҳрида 2023 йилда бир вақтнинг ўзида ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси ишлаб чиқарувчи «Ко-генерация” маркази қурилади. Унинг умумий қуввати 14 Мегаватт бўлиб, тўлиқ кўмирда ишлайди», — деди давлат раҳбари. 

Бу орқали, 60 та кўп қаватли уйлар иссиқлик билан таъминланиши, 35 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилиши таъкидланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.