Олимлар оғиздаги бактериялар билан бош ва бўйин саратони ўртасида боғлиқликни аниқлади

Улашиш:

Саратоннинг бу тури кўпинча эркакларда учрайди ва беш йил ичида беморларнинг ярмидан кўпроғини нобуд қилади.

Олимлар томонидан ўтказилган янги тадқиқотлар инсон оғиз бўшлиғида кўпаядиган бактериялар бош ва бўйин саратони ривожланиш хавфини ошириши мумкинлигини аниқлади. Натижалар JAMA Oncology журналида чоп этилди.

Оғиз, бурун ва томоқ бўшлиғида ривожланадиган ясси ҳужайрали бош ва бўйин саратони Европада энг кенг тарқалган саратон шаклларидан бири бўлиб, ҳар йили 150 000 дан ортиқ одамга шундай ташхис қўйилади.

Саратоннинг бу тури кўпинча эркакларда учрайди ва беш йил ичида беморларнинг ярмидан кўпроғини нобуд қилади.

Ню-Йорк университети олимлари томонидан ўтказилган янги тадқиқотдан маълум бўлишича, инсон оғиз бўшлиғидаги бактерияларнинг юзлаб турларидан 13 таси бош ва бўйин ясси ҳужайрали саратонининг ривожланиш эҳтимолини 30 фоизга оширишга ҳисса қўшади.

“Ушбу бактериялар биомаркер бўлиб хизмат қилиши мумкин, улар ёрдамида мутахассислар юқори хавфга эга одамларни аниқлайди”, — дейилади Ню-Йорк университети тиббиёт мактаби илмий ходими Соён Квакнинг баёнотида.

Тадқиқотда бош ва бўйин ясси ҳужайрали саратони билан касалланган 236 нафар ва ушбу касалликка чалинмаган 458 нафар беморлар таққосланди.

Онкологик беморларда, одатдагидек, тамаки ва спиртли ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, шунингдек, одам папилломасининг юқори даражадаги хавфли штамми кузатилган — буларнинг барчаси ясси ҳужайрали бош ва бўйин саратони ривожланишининг хавф омиллари ҳисобланади.

Тадқиқотчилар бошқа муаммоларни ҳисобга олишгандан кейин ҳам, 13 та бактерия хавф омили бўлиб қолаверди. Улар одам организмининг саратонга чалинган барча қисмида, масалан, оғиз бўшлиғи, ҳалқум ёки ҳиқилдоқда бир хил эди.

Оғиз бўшлиғи гигиенасига риоя қилиш ҳақида огоҳлантириш

Бактерияларни секвенирлаш бўйича олдинги тадқиқотлар оғиз бўшлиғи саломатлиги ва ясси ҳужайрали бош-бўйин саратони ўртасида боғлиқлик бўлиши мумкинлигини тахмин қилган, аммо янги таҳлил муаммоли бактерияларни аниқлаган илк текширув бўлди.

Тадқиқотда бактериялар ва саратон ўртасидаги боғлиқлик кўриб чиқилган, шунинг учун у бактериялар бевосита касалликни келтириб чиқариш-чиқармаслигига аниқлик киритмайди.

“Натижалар 200 тадан сал кўпроқ саратон ҳолатларига асослангани сабабли, оғиз бўшлиғи гигиенаси ва бош-бўйин саратони ўртасидаги боғлиқликни ўрганиш учун каттароқ популяцияларда қўшимча тадқиқотлар талаб қилинади”, — деди Health UK Cancer Research соғлиқни сақлаш маълумотлари бўйича катта менежери доктор Клэр Найт. У тадқиқотда иштирок этмаган.

Шунга қарамай, тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу боғлиқлик оғиз бўшлиғининг яхши гигиенасига риоя қилиш зарурлигини эслатиб туришга кучли асос бўлади.

“Тишларни тозалаш ва тиш ипидан фойдаланиш нафақат пародонт касалликларининг олдини олишга ёрдам беради, балки бош ва бўйин саратонидан ҳимоя қилади”, — дейилади тадқиқот ҳаммуаллифи ва Ню-Йорк университети тиббиёт мактаби профессори доктор Ричард Ҳейснинг баёнотида.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, кейинги қадам ушбу бактериялар саратон хавфини қандай келтириб чиқариши ва уларни қандай тўхтатиш мумкинлигини аниқлашга бағишланади.

Айни пайтда Найт бош ва бўйин саратонидан хавотирда бўлган одамлар спиртли ичимликларни камроқ истеъмол қилиши ва чекишни ташлаши кераклигини айтди, чунки бу иккиси асосий хавф омили саналади.


2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.