Амир Темур васияти ҳақида биласизми?

Улашиш:

Амир Темур, Темурбек, тўлиқ айтсак, Амир Темур ибн Амир Тарағай милодий 1336 йил 9 апрель куни Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилди.

Отаси – Амир Тарағай, Тарағайбек (туғилган йили номаълум, вафоти 1360) барлос қабиласининг нуфузли оқсоқоли эди. Ўзбек хал­қи таркибида тўқсон икки уруғ борлигини биламиз. Барлос ана шу «тўқсон икки»нинг биридир. Амир Тарағай Туркистоннинг ўша пайтдаги ҳукмдори Амир Қозоғон олдида ишонч қозонган ҳурмати бор беклардан ҳисобланар, Чиғатой улуси беклари қурултойларига қатнашиб турарди. Ҳарбий ишларга майли йўқ, тақводор мусулмон, вақтини дарвешлар билан ўтказарди. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, «Тарағайбек уламо ва сулаҳо ва муттақийларга мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисига борур эрди...»

Онаси – Тегина Хотун, Такина бегим, Такина Моҳбегим (тахм. 1318, Бухоро – 1353, Шаҳрисабз) Бухоро уламолари пешвоси мавлоно садр аш-шариъа, яъни шариат қонунларини шарҳловчи аллома Убайдуллоҳ ал-Бухорийнинг қизидир. Милодий 1334 йил 16 ёшда Тарағайбекка узатилган. Орадан икки йил ўтгач, Темурбек таваллуд топди.

Онаси ва отаси Шаҳрисабзда дафн этилган. Амир Темур онаси хотирасига баландлиги етмиш бир метр келадиган дунёга машҳур Оқсарой ёдгорлигини бунёд эттирди.

Ривоятларга қараганда, кунлардан бир кун Соҳибқироннинг саккизинчи бобоси Қочувли баҳодир туш кўрибди, тушида унинг қўйнидан бир юлдуз учиб чиқиб жамол кўргизибди ва шу заҳотиёқ сўнибди, кейин иккинчиси, учинчиси, тўртинчиси ярқираб чиқибди, бари сўнаверибди. Бу ҳол етти марта такрорланибди. Бироқ саккизинчи мартасида катта порлоқ юлдуз отилиб чиқибди-ю, бутун дунёни ёритиб юборибди! Мана шу Амир Темур юлдузи деб тахмин қилинади. Ундан яна бир неча кичик юлдузлар пайдо бўлибди, катта порлоқ юлдуз мағриб чизиғига бош қўйиб сўнгандан кейин, кичик юлдузлар порлашда давом этибдилар...  

Амир Темур болалигиданоқ табиатан оғир-босиқ, зеҳни ўткир, шошилмай фикрлайдиган Темурбек даставвал мактабда сабоқ олди, саводини чиқарди, устозлар назоратида камон дастасини ушлаш, ўқ узиш, найза тутиш, отларни саралай олиш, шикорлар уюштириш, чавандозлик ва қиличбозлик сирларини яхшилаб ўрганди. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Темурбек ўн икки ёшида тенгқурлари билан «пошшо-вазир» ўйнашар экан. Темурбек подшо бўлар, қолганларнинг ҳар бирига бир «мансаб» берилар, «гуноҳкор» одамни жазолаб, «юрт» бошқарар экан. Ўн икки ёшлигидаёқ юрт бошқариш ҳавосини олишга интилиш кучли бўлган, ниятни катта қилган.

Кичиклигиданоқ Қуръони каримни ёд олганини айтишади, Қуръон ўқишда унинг овози қориларники каби салобатли ва ёқимли бўлган.  

Амир Темур жаҳоннинг тўрт машҳур саркардаларидан бири, кураги ерга тегмаган буюк лашкарбоши, худо берган салоҳиятини тўла-тўкис намоён эта олган, ўхшаши йўқ буюк армия қўмондони эди. Жанггоҳлар санъати, уруш йўллари, лашкар тутиш қоидаси, сафлар расм-русуми Соҳибқироннинг «Темур тузуклари» китобида батафсил ёритилган.

Милодий 1365 йилда Сирдарё бўйидаги Чиноз ёнида мўғуллар билан бўлган машҳур «Лой жанги»да Амир Ҳусайн бошлиқ Турон чериги (Амир Темур лашкарбоши эди) мағлуб бўлди. Бу 29 ёшли Амир Темурнинг умрида биринчи ва сўнгги мағлубияти эди.

1366 йилда Қаршида Темурбек бор-йўғи 243 киши билан 12 минг кишилик душманга қарши жанг қилди ва Тангрининг инояти-ю, саркардалик салоҳияти билан зафар қозонди.

1368 йилда Бадахшонда қўли баланд келган душман Соҳибқирон аскарларининг кўпини қириб ташлади ва 130 кишини асир қилди. Ёнида бор-йўғи 13 навкар билан қолган Амир Темур мардларча Добон тоғи тепасига чиқиб йўлни тўсди ва кўп жангу чорасиз қонли уринишлар эвазига ўз аскарларини душмандан қутқариб олди. Ке­йинчалик Амир Темур ўша жангни эслаб: «Кўп жанглар қилдим ва кўп воқеаларни бошдан кечирдим-у аммо бу жангдан қаттиғини кўрмадим...», – деган эди.

Соҳибқирон дунёнинг 27 мамлакатини мусаххар қилди. Тахминан мингдан ортиқ жанг ўтказди, уларда зафар ҳамиша Соҳибқирон томонида бўлди.

Унинг машҳур жанглари қуйидагилар:

1391 йил 18 июнь – Кандирча дарёси бўйида (Самара вилояти) Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон устидан қозонилган ғалаба. Ҳар икки томондан 200 мингдан ортиқ аскар иштирок этган. Бу ғалаба Турон давлати мустақиллигини яна ҳам мустаҳкамлади.

1395 йил 15 апрель – Олтин Ўрта хони Тўхтамишхонга қарши иккинчи жанг Терек дарёси бўйида юз берди. Турон томонидан 250 минг сипоҳ қатнашди. Жанг Амир Темурнинг узил-кесил ғалабаси билан қарор топди.

1402 йил 20 июль – Анқара ёнида Амир Темур ва усмонлилар императори Йилдирим Боязид билан жанг бўлиб ўтди. Амир Темур қўшини тахминан 200 минг, Йилдирим Боязид лашкари 160 мингдан иборат эди. Саваш Турон султони Амир Темурнинг буюк ғалабаси билан якунланди.

Соҳибқироннинг фарзандлари

Аллоҳ таоло Соҳибқиронга кўп фарзандлар ато этди. Эл корига ярайдиган бўлиб вояга етганлари олтита – тўрт ўғил, икки қиз.

Тўнғич ўғил – 1356 йилда Турмиш оқа деган хотинидан туғилган Жаҳонгир Мирзо, валиаҳд эди, 1376 йилда авжи гуркираб турган йигирма ёшида бетобликдан дунёдан кўз юмди. Ундан икки ўғил – Муҳаммад Султон билан Пирмуҳаммад Жаҳонгирлар қолган. Қабри Шаҳрисабзда.

Иккинчи ўғил – 1356 йилда Тўлун оқадан туғилган Умаршайх Мирзо. 1394 йилда ҳалок бўлган. Ўттиз саккиз йил умр кўрган. Олти ўғил қолган: Пирмуҳаммад Мирзо, Рустам Мирзо, Искандар Мирзо, Аҳмад Мирзо, Сайид Аҳмад Мирзо, Бойқаро Мирзо. Қабри Шахрисабзда.

Учинчи ўғил – 1366 йилда Менг­ли бика оқадан туғилган Мироншоҳ Мирзо. 1408 йилда ҳалок бўлган. Қирқ икки йил умр кўрган. Олти ўғил қолган: Абу Бакр Мирзо, Умар Мирзо, Халил Султон Мирзо, Султон Муҳаммад Мирзо, Ийжал Мирзо, Суюрғатмиш Мирзо. Қабри Самарқандда, Амир Темур мақбарасида.

Тўртинчи ўғил – 1377 йилда Тағой Туркон оқадан туғилган Шоҳруҳ Мирзо. 1447 йилда вафот этган. Етти ўғил қолган: Улуғбек Мирзо, Иброҳим Султон Мирзо, Бойсунқур Мирзо, Суюрғатмиш Мирзо, Муҳаммад Жўки Мирзо, Жон Ўғлон, Муҳаммад Ёрий Мирзо. Улуғбек Мирзодан бошқа барча ўғиллар отасидан аввал дунёдан ўтганлар. Қабри Самарқандда, Амир Темур мақбарасида.

Биринчи қизи – Оқа Беги хоним 1359 йилда Турмиш оқадан туғилган. Муҳаммадбек ибн Мусога узатганлар, бу никоҳдан Султон Ҳусайн Мирзо туғилган.1382 йилда йигирма уч ёшида бетоб бўлиб, оламдан кўз юмган. Қабри Шаҳрисабзда.

Иккинчи қизи – Султон Бахт бегим 1362 йилда Улжой Туркон оқа деган хотинидан туғилган. Амир Муҳаммад Миракка узатадилар, лекин куёв Соҳибқиронга қарши тиғ кўтариб чиқади ва жангда ҳалок бўлади. Иккинчи марта Соҳибқирон жияни Амир Сулаймоншоҳга турмушга чиқади. 1430 йилда вафот этган.

Сийрати

Соҳибқирон Амир Темурни ўз кўзи билан кўрган араб тарихчиси ибн Арабшоҳ ёзади: «Амир Темур ...тенги йўқ феъл-атворли, теран мулоҳазали, унинг тафаккур денгизининг қаъри йўқ. Амир Темур баланд қадли, узун бўйли, тик қоматли, қадимий паҳлавонлар авлодидан бўлиб, кенг пешонали, катта бошли, ғоятда кучли ва салобатли, бўла, ранги оқу қизил юзли, доғсиз, қўл-оёқлари бақувват, елкалари кенг, бармоқлари йўғон, пойчалари семиз, серсоқол, ўнг оёқ-қўли чўлоқ ва шол, икки кўзи бамисоли икки шамдек бўлса-да, шодлиги билинмас, овози йўғон эди; у ўлимдан қўрқмас, ёши етмишга етган бўлса-да, изтиробсиз, вазмин. Бадани тўла ва пишиқ, худди зич (қалин) тош мисоли қаттиқ эди. У ҳазил-мазах, ёлғонни ёқтирмас, ўйин-кулги-ю кўнгилхушликка майлсиз, гарчи сўзда ўзига озор етадиган бирор нарса бўлса ҳамки, садоқат унга ёқар эди; у бўлиб ўтган ишга азият чекмас ва ўзига ҳосил бўладиган ютуқдан шодланмас эди... Кўпинча унинг мажлисида уятсиз сўзлар, қон тўкиш, асир олиш, нақбу ғорат қилиш ва ҳарам (ҳақига) ҳақорат гаплар бўлмасди. У бехато (нишонга ургувчи) фикрли, ажойиб фаросатли, мислсиз даражада бахтли, улуғворлиги ўзига мувофиқ, қатъий азм билан сўзловчи, бошига кулфат тушганда ҳам ҳақгўй киши эди...»

Вафоти

Соҳибқирон Амир Темур Хитой сафарига бораётиб, 1405 йил 11 февраль куни Ўтрор шаҳрига етганда қаттиқ оғриб қолди ва иситмаси кўтарила бошлади. Касаллик кундан-кун кучаярди, аммо Соҳибқироннинг эс-ҳуши, ақли жойида эди. Соҳибқирон ўзининг барча гуноҳлари учун тавба қилди. У ҳарам аҳлини ва улуғ бекларни ҳузурига чорлаб васиятга оғиз очди:

«...Ҳазрат Ҳақдин умидим борки, агарчи гуноҳим кўб турур, аммо бу жиҳатдин менга раҳмат қилғайким, золимларнинг эликларин мазлумлардин қисқа қилибдурмен. Ва қўймадимким, менинг давримда қавийдан (зўравондан) заиф куч егай. Эмдиким, Пирмуҳаммад Жаҳонгирким, валиаҳд қилибмен ва ўрнумга қойиммақом этибменким, Самарқанд вилояти аники бўлғай. ...Анга муте бўлуб, иттифоқ била анинг ишига машғул бўлғайсиз, то олам бузулмағай ва мусулмонларга ташвиш ва заҳмат бўлмағай...

Раъойо ва фуқароу мискин ҳолатидин ғофил бўлмағайсиз... Нечукким мен адлу эҳсон била оламни обод этибмен... Агар менинг васиятим била амал қилиб, адлу дод қилсангиз, кўб йиллар давлат ва мамлакат сизларда қолғуси турур. Ва агар сизлар аросида мухолифат бўлса, яхши бўлмағусидур...»

Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон 1405 йил 18 февраль чоршанба куни, шаъбон ойининг ўн еттисида, намозшом ва хуфтон орасида жон омонатини ўз эгасига топширди...

Амир Темур Самарқандда Амир Темур мақбарасига дафн этилган.

Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
(temurtuzuklari.uz сайтидан)

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.