Музқаймоқ ейиш, кўпроқ ухлаш: томоқ оғриганда нималар қилиш керак?

Улашиш:

Шошилинч тарзда шифокорга мурожаат қилишингиз керак бўлган белгиларни билиб қўйган яхши. Томоқ оғриғи ёқимсиз, аммо одатда зарарсиздир. Томоқ оғриғини келтириб чиқарувчи энг кенг тарқалган сабаб: шамоллаш, грипп каби респиратор юқумли инфекциялардир. Шу боис бирламчи касаллик организмдан чиқиб кетганда томоқ оғриғи камаяди ва бир неча кунда у ҳам бутунлай тузалади.

Бироқ тез тиббий ёрдамга мурожаат қилишингиз керак бўлган ҳолатлар йўқ эмас.

Қачон шифокор ҳузурига бориш керак?
Бунинг бир нечта огоҳлантириш белгилари мавжуд.

Фарзандингизнинг томоғи оғриб қолса
Эрталаб ичилган қайноқ суюқликдан кейин ҳам оғриқ давом этса, педиатр билан боғланинг.

Қуйидаги аломатларга дуч келсангиз, дарҳол тез ёрдам чақиринг:
- Оғриқ кучлилигидан бола ютина олмаса;
- Нафас олишдаги қийинчиликлар, нафас қисилиши пайдо бўлса;
- Ғайритабиий равишда кўп тупик ажралса.

Катталарда томоқ оғриғи
Шифокор ёки оториноларинголог билан маслаҳатлашинг, агар:
- Томоқ оғриғи жуда кучли ёки тузалиши бир ҳафтадан кўп давом этса;
- Овоз хириллаши икки ҳафтадан кўпга чўзилса;
- Ютиниш қийинлашса;
- Нафас олишда оғирлик сезилса;
- Оғриқ туфайли оғизни очиб бўлмаса;
- Бўйин ёки юзнинг сезиларли шишиши;
- Қулоқда оғриқ;
- Тупикда қон ёки йўталиш натижасида балғам кузатилса;
- Терида тошма пайдо бўлса;
- Бўғинларда ҳам кучли оғриқ;
- Ҳарорат 38,3 ° C дан ошганда.

Уй шароитида томоқ оғриғини даволаш?
Агар юқорида саналган хавфли аломатлар бўлмаса, шифокор қабулига бормасдан туриб, уйда даволаниш мумкин. Қуйида ёқимсиз ҳолатни енгиллатиш учун тиббиёт ходимлари томонидан тавсия этилган усуллар мавжуд.

Суюқликларни илитиб ичинг
Чой, компотлар, мевали шарбатлар, бульон. Ушбу суюқликлар тирналувчи хусусиятга эга бўлган томоқ шиллиқ қаватини намлайди. Шу боис улар томоқ оғриганда ёрдам беради.

Агар йўталаётган бўлсангиз, чойга асал қўшишингиз мумкин. Бироқ Американинг Mayo Clinic тадқиқот маркази мутахассислари, иккинчисини бир ёшгача бўлган болаларга бермасликни тавсия қилади.

Оз миқдорда музқаймоқ истеъмол қилинг
Ёки мевали муз. Сиз тоза қор ёки муз бўлагини сўришингиз мумкин. Ях бўлаги шишишни камайтиради ва енгил анестезия таъсирига эга.

Шўр сув билан томоқни чайиш
Бу томоқни ортиқча шилимшиқ қатламлардан тозалашга ёрдам беради, шишни камайтиради, намлайди ва оғриқни босади. Ёдда тутинг, бундай чайишлар олти ёшгача бўлган болалар учун тавсия этилмайди: бола бўғилиб қолиши мумкин.

Бир стакан илиқ сувга ярим чой қошиқ оддий ош тузидан қўшинг, яхшилаб аралаштиринг. Эритмани ютиб юборманг: ғарғара қилгач, тупуриб ташланг.

Томоқ оғриғи учун тиббий пастилкаларни синаб кўринг
Улар бензокаин каби оғриқ қолдирувчи воситаларни ўз ичига олади. Истеъмол қилганда енгил уйқу босади, томоқнинг сезгирлиги пасаяди. Бундан ташқари, пастилкаларни сўрганингизда, тупик кўпаяди. Бу томоқнинг етарлича намланганлигини англатади. Шуни унутмангки, бўғилиш хавфи туфайли тўрт ёшгача бўлган болалар учун нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, рецептсиз сотиладиган анестезия хусусиятига эга бўлган спрейлар, томоқни чайишга мўлжалланган тиббий воситалардан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Аммо уларни сотиб олишдан олдин умумий амалиёт шифокори, агар гап бола ҳақида кетадиган бўлса, педиатр билан маслаҳатлашиш яхшироқдир.

Намлагич қурилмасини ёқинг
Бу каби қурилма сизда бўлмаса, токчага очиқ идишга сув тўлдириб қўйинг. Иссиқлик батареясига бир нечта нам сочиқлар илинг, қуриб қолгач, бошқатдан такрорланг. Қолаверса, вақти-вақти билан иссиқ (қайноқ эмас) буғдан нафас олишингиз мумкин.

Гап шундаки, қуруқ ҳаво томоқда тирнаш хусусияти оширади. Нам ҳаво эса аксинча, шиллиқ қаватни юмшатади, ёқимсиз ҳиссиётни камайтиради.

Тоза ҳаводан нафас олинг
Сигарет тутуни, тозалаш воситаларининг ҳиди ёки бошқа кимёвий моддалар (бўёқ, лак, бензин) ҳам томоқдаги тирнаш хусусиятини ошириши мумкин. Касал бўлганингизда уйингиздаги ҳаво тоза бўлиши зарур.

Кўпроқ дам олинг
Томоқ оғриғи вақт ўтиши билан камаяди. Уйқу вақтида у тезроқ кетади. Чунки бу пайт организм инфекцияга қарши курашиш учун кўпроқ кучга эга бўлади. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.