Паспорт ва авторақамни уйга етказиб бериш хизмати йўлга қўйилади

Улашиш:

«Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Унга кўра, давлат хизматларини кўрсатиш бўйича қуйидаги 2 та маъмурий регламент тасдиқланди:

1. Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш

Ушбу хизмат қўшимча тўлов асосида (хизмат кўрсатилиши учун тўлов олдиндан тўланган ҳолда) кўрсатилади.

Аммо аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига хизмат 10 иш куни мобайнида мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб, қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатилади.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига қуйидагилар киради:

– ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;

– I ва II гуруҳ, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар;

– муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар;

– ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинган шахслар;

– етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

– ижтимоий хизматларга муҳтож деб топилган шахслар.

Аҳолининг бошқа тоифасига хизмат қўшимча тўлов асосида (хизмат кўрсатилиши учун тўлов олдиндан тўланган ҳолда) кўрсатилади.

2. Фуқароларнинг яшаш жойига бориб, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш

Регламентга кўра, транспортни рўйхатга олиш бўйича сайёр давлат хизматлари қўшимча тўлов асосида 1, 3 ёки 5 кунда кўрсатилади (тўлов хизмат кўрсатилишидан олдин амалга оширилади).

Бунда хизмат кўрсатганлик учун қўшимча тўлов миқдорлари қуйидагича:

- 1 кунда кўрсатилганда – БҲМ 4 баравари;

- 3 кунда кўрсатилганда – БҲМ 3 баравари;

- 5 кунда кўрсатилганда – БҲМ 2 баравари.

Хизмат кўрсатиш масофаси 10 километрдан ошганда, ҳар бир километр учун қўшимча БҲМ 5 фоизи миқдорида тўланади.

Ушбу сайёр давлат хизматлари 2023 йил 1 декабрдан йўлга қўйилади.

Сайёр давлат хизматидан фойдаланишни истовчилар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг расмий веб-сайти, «Call-марказ», мобил иловаси ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мурожаат этади.

Мурожаат этувчилар сўраган кунда сайёр давлат хизматларини кўрсатиш имконияти мавжуд бўлмаса, бу ҳақда улар огоҳлантирилади ва бошқа кунни танлаш таклиф этилиши мумкин.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.