1 июлдан мобил давлат хизматлари кўпайтирилади

Улашиш:

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури президент томонидан имзоланди.

Унга кўра, 2023 йил 1 июлдан бошлаб: 

а) барча давлат органлари ва ташкилотларида «Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш» чора-тадбирлари белгиланади. Вазирлар ва бошқа мустақил ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари 15 кун муддатда ўз тизимида масофадан туриб, шу жумладан мобил иловалар орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини кўпайтириш, ундириладиган тўловлар миқдорини камайтириш, талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш, кўриб чиқиш жараёнлари ва муддатларини кескин қисқартириш, шаффофликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлар билан доимий мулоқот майдончаларини ташкил этиш, ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ўқитиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлаб, аҳоли ва тадбиркорларга эълон қилади; 

б) давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 300 тага, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар сони эса 570 тага етказилади; 

в) аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилади; 

г) электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини проактив тарзда кўрсатиш (фуқаро мурожаатини кутмасдан, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан) таклифини юбориш йўлга қўйилади. 

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар босқичма-босқич «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформа»сига ўтказилади ҳамда субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини электрон платформа орқали онлайн текшириш тизими йўлга қўйилади. 

Бунда, субсидиялар ажратиш тўғрисидаги аризаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёки исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали топшириш имкониятини яратиш ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқлар ва бошқа коррупциявий омилларни бартараф этиш таъминланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.