Бюрократияни қисқартириш: Яна 200 та давлат хизмати электрон шаклга ўтади

Улашиш:

“Тараққиёт стратегияси” маркази 2023 йилги давлат дастурига оид президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Ҳужжатга илова сифатида тасдиқланадиган дастур лойиҳаси бироздан кейин эълон қилинади.

Фармон лойиҳасининг 2-бандига асосан, давлат хизматларидан фойдаланишни янада осонлашиши кутиляпти.

2023 йил 1 июлдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларида “Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш” чора-тадбирлари белгиланиши мумкин.

Бунда мобил иловалар орқали кўрсатиладиган хизматларни кўпайтириш, ундириладиган тўловлар миқдорини камайтириш, талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш, кўриб чиқиш жараёнлари ва муддатларини кескин қисқартириш, шаффофликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлар билан доимий мулоқот майдончаларини ташкил этиш, ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ўқитиш кабилар кўзда тутилади.

Яна 200 та давлат хизматини давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш йўлга қўйилади. Натижада, электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 73 фоизга етказилади. Ҳозирда эса, мавжуд 770 дан ортиқ давлат хизматларидан 262 таси ДХМ, 370 таси (50 фоиз) ЯИДХПда кўрсатилмоқда.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали, кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилади.

Электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини проактив тарзда (хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан фуқаро мурожаатини кутмасдан) кўрсатиш йўлга қўйилади. Натижада, йилига ўртача 300 мингта ариза бўйича электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш хизматлари проактив тарзда кўрсатилиши таъминланади.

Бюджет маблағлари ҳисобидан жисмоний ва юридик шахсларга субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматларни ЯИДХП орқали кўрсатиш, субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини махсус электрон платформа орқали онлайн текшириш тизими йўлга қўйилади. Мисол сифатида қайд этилишича, 2022 йилда нодавлат боғчалар учун электрон тизим орқали субсидия ажратишга ўтиш орқали ҳар ойда 20 млрд сўм иқтисод қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.