Ўзбекистонда 2021 йил 1 июлдан фуқароларга СТИР бериш бекор қилинади

Улашиш:

Электрон тизим орқали олиш имконияти мавжуд бўлган маълумотларни қоғоз кўринишида олиш, иш фаолиятини ташкил этиш учун муҳим бўлмаган ҳужжатларни талаб қилишни чеклаш каби маъмурий тўсиқларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сон Фармони қабул қилинган.

Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур фармон билан 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, ташкилотлар ва муассасалар томонидан аҳолидан солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги (СТИР олганлик) фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди.

Яъни, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда жисмоний шахсларнинг солиқ органларида ҳисобга қўйилганлигини солиқ органидан мустақил равишда ёки «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиши лозим.

Шунингдек, фармон билан 2021 йил 1 июндан бошлаб 16 ёшга тўлган шахсларга идентификация ID-карталари бериш уларни солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилиши белгиланди.

Шунга асосан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда амалга оширишга ўтилади.

Яъни, солиқ тўловчининг идентификация рақамини (СТИР) бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бекор қилинади.

Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни идентификация қиладиган алоҳида рақамларни юритиш тақиқланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.