2022 йилдан аҳоли ва тадбиркорлардан 15 турдаги ҳужжат ва маълумотларни сўраш тартиби бекор қилинади

Улашиш:

1 январдан бошлаб давлат органлари томонидан молиявий ҳисоботлар нусхалари, жисмоний шахсларнинг сўнгги 12 ойдаги иш ҳақи тўғрисидаги, тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтганлиги, давлат божи, йиғимлар ва алимент тўланганлиги, кам таъминланганлик ва фуқаронинг «Ёшлар дафтари» ёки «Аёллар дафтари»га киритилганлиги ҳақидаги жами 15 турдаги маълумотларни сўраш тартиби бекор қилинади. Ушбу маълумотлар «Электрон ҳукумат» платформаси орқали онлайн олинади.  

Президент 24 июлдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги [ПФ-6269-сон] фармонни имзолади.  

Ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан айрим ҳужжат ва маълумотларни талаб қилиш тартиби бекор қилинади.

Қуйидаги ҳужжатларни:

  • молиявий ҳисоботлар нусхаларини;
  • жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни;
  • ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни сўраш бекор бўлади.

Қуйидаги фактларни тасдиқловчи маълумотларни:

  • тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини;
  • лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги бўйича маълумотларни;
  • давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлиги тўғрисида маълумотларни;
  • қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган операциялар, дивидендлар олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни;
  • кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотларни;
  • жисмоний шахслар томонидан тўланган ва олинган алиментлар тўғрисида маълумотларни;
  • олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини;
  • жисмоний шахс ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни;
  • жисмоний шахс умумий ўрта таълим (11-синф негизида) муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни;
  • фуқаро «Ёшлар дафтари» ёки «Аёллар дафтари»да мавжудлиги тўғрисида маълумотларни;
  • ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотларни;
  • олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни талаб қилиш бекор қилинади.

Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда юқоридаги ҳужжат ва маълумотларни белгиланган масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

Мирали Камолов - Зарбдор туман ДХМ директори

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.