Жиззахда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига оид янгиликлар етказилмоқда

Улашиш:

Жиззах шаҳридаги “Қассоблик ” маҳалласида аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига оид амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган қулайликлар ва кенг имкониятлар, давлат хизматларидан фойдаланишда жорий этилаётган замонавий усуллар мазмун-моҳияти юзасидан аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича тақдимот ўтказилди.

Унда ДХА Жиззах вилоят бошқармаси ҳамда Жиззах шаҳар давлат хизматлари маркази масъул ходимлари иштирок этдилар.

Маҳалла биносига кириб борар эканмиз, бир аёл давлат мактабгача таълим ташкилоти “кам таъминланган оила рўйхатида турганлик тўғрисидаги маълумотнома” талаб қиляпти деб қолди. Бошқарма масъул ходими Элёр Урдушев бугунги учрашув айнан шу масалага бағишланганлиги, давлат ташкилотлари фуқароларни ортиқча овора қилмасдан қатор маълумотномаларни электрон базадан ўзлари кўриб олишлари лозимлиги борасида тушунтириш берди.

- Агар шошмаётган бўлсангиз, тадбиримизда қатнашинг, масалангизга биргаликда ечим топишга ҳаракат қиламиз, - деди Э.Урдушев.

Шундан сўнг маҳалла биносида тўпланган аҳоли вакилларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" Фармонидан келиб чиқадиган вазифалар бўйича тушунтириш берди. Эслатиб ўтамиз мазкур ПФ-6269-сон фармон 2021 йил 24 июлда қабул қилинган бўлиб, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субектларидан

а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи маълумотларни:

- тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини;

- лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги бўйича маълумотларни;

- давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлиги тўғрисида маълумотларни;

- қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган операциялар, дивидендлар олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни;

- кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотларни;

- жисмоний шахслар томонидан тўланган ва олинган алиментлар тўғрисида маълумотларни;

- олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини;

- жисмоний шахс ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни;

- жисмоний шахс умумий ўрта таълим (11-синф негизида) муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни;

- фуқаро “Ёшлар дафтари” ёки “Аёллар дафтари”да мавжудлиги тўғрисида маълумотларни;

- ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотларни;

- олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни;

б) қуйидаги ҳужжатларни:

- молиявий ҳисоботлар нусхаларини;

- жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни;

- ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинганлиги айтиб ўтилди.

Бундай ҳолларда давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда юқоридаги ҳужжат ва маълумотларни белгиланган масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

Маълумки, кўпчилик давлат органлари ҳам, фуқаролар ушбу янгиликлардан кўп ҳам хабардор эмас. Хабардор бўлса ҳам юзаки маълумотга эга. Шу боисдан ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бу каби тадбирларни айни пайтда маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида ташкил этиб келмоқда.

Йиғилиш якунига қадар юқорида мурожаат қилган аёлнинг муаммоси бўйича МТТ методисти етиб келди. Унга мазкур масала юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилиб, фармонда кўрсатилган талабларни бузилаётганлиги айтиб ўтилди.

Шу куни Жиззах шаҳридаги Ўратепалик маҳалласида ҳам шундай учрашув ташкил этилди. Унда фуқароларга юқоридаги Фармон моҳияти тушунтириб ўтилди.

Айни пайтда мазкур маҳаллада 6241 нафар аҳоли истиқомат қилади.  33 нафари кам таъминланган оила ҳисобланади. Ҳудуддаги хонадонларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғини томонидан доимий равишда кўмак кўрсатиб келинади.

 

Учрашувда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш борасидаги янгиликлар, хизматлардан онлайн фойдаланишнинг афзалликлари  етказилди.

 

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.