25 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш паспорти 5 йил муддатга берилмоқда

Улашиш:

25 ёшга тўлмаган Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш паспорти 5 йил муддатга берилаётгани маълум бўлди. Илгари бу 16 ёшни ташкил этган. Бу бўйича президент фармони бир йил аввал қабул қилинган бўлса-да, бу ҳақда жамоатчиликка кенг маълумот берилмаган.

Ўзбекистоннинг 25 ёшгача бўлган фуқаролари учун хорижга чиқиш паспорти энди 5 йил муддатга берилади. Илгари ҳужжат 16 ёшга тўлмаган фуқароларга 5 йил муддатга, 16 ёшдан ошган фуқароларга 10 йил муддатга бериларди. Davletovuz блоги муаллифи Twitter`да бунга эътибор қаратди.

Қонун ҳужжатларига президентнинг 2022 йил 16 июндаги қарори билан ўзгартириш киритилган. Расмий органлар ва ОАВ паспорт бериш тартибини соддалаштирган (хусусан, уни рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар олишга рухсат этилган) ушбу ҳужжат ҳақида хабар берган, аммо ёшни 16 ёшдан 25 ёшгача ошириш банди эътибордан четда қолган.

Паспорт олиш бўйича аксарият сайтлар, жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ҳамон эски маълумотлар мавжуд.

1 ёшгача бўлган болалар учун паспорт ҳали ҳам 2 йил муддатга берилади.

Маълумот учун, 2022 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб давлат хизматлари порталида паспорт бериш хизматларини кўрсатиш вақтинча тўхтатилганди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг хати асос қилиб олинган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.