30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида “Келажак бунёдкори” медали ва “Мард ўғлон” мукофотлари тантанали равишда ўз эгаларига топширилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мукофотларни шахсан тақдим этди.
Давлат раҳбари тадбир аввалида йигит-қизларни байрам билан табриклар экан, таълим, стартаплар, ёшлар бандлиги ва имкониятларига доир янги ташаббусларни эълон қилди. Учрашув давомида ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Президент ўз нутқида ёш авлодга бўлган ишончини таъкидлаб, шундай деди:
– Ёшликдаги ҳаракат – келажакдаги ютуқ. Ёшликда орттирилган дўст – бир умрлик ҳамкор. Фарзандлари билимли, соғлом ва жасур бўлган халқнинг келажаги албатта ёруғ бўлади.
Фармон ва қарорга мувофиқ, турли соҳаларда фаоллик кўрсатган, юрт тараққиётига ҳисса қўшган ёшлар давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида фан, таълим, инновация, спорт ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этганлар бор.
Тақдирланган ёшлар давлатнинг эътибори ва ишончи учун самимий миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам юксак натижаларга эришиш, эл ишончини оқлаш ниятида эканликларини қайд этдилар.
Тадбирда жамоат ва давлат ташкилотлари вакиллари, зиёлилар ва ота-оналар иштирок этди. Бу тадбир нафақат мукофот, балки давлат ва ёшлар ўртасидаги самимий мулоқот майдонига айланди.