30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида Президент Шавкат Мирзиёев юртимиз ёшлари билан самимий учрашув ўтказди. Президент ўз нутқида ёшларга бўлган ишончини яна бир бор изҳор этар экан, уларни Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари, тарих яратувчи олтин авлод сифатида таърифлади.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароитлар ўз самарасини бермоқда. Фақат 2023 йилнинг ўзида Ўзбекистон ёшлари халқаро нуфузга эга университетларга киришда Марказий Осиёда пешқадамга айланди. 30 нафар йигит-қиз “ТОП-10” талик университетларда, 500 нафари “ТОП-100” да, 1 500 нафардан зиёд ёшлар эса “ТОП-300” олийгоҳларда таҳсил олмоқда. Бу — юртимизда таълим ва тараққиётга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин исботидир.
Юртдошларимиз фақат илмда эмас, санъат ва спорт соҳаларида ҳам улкан ютуқларга эришмоқда. Миллий футбол терма жамоамиз тарихда илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Президент таъкидлаганидек, агар аввалги Ренессанс даврларини аллома ва мутафаккирлар яратган бўлса, эндиликда бу вазифа ёшларга ўтмоқда.
Ёшларга сифатли таълим бериш, замонавий касбларни эгаллаш, чет тилларини ўрганиш ва ҳаётда муносиб ўрин топишларига ёрдам бериш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси орқали юз минглаб ёшлар IT соҳасида билим олди. Фақат ўтган йили 150 мингдан зиёд йигит-қиз халқаро тил сертификатини қўлга киритди — бу 2023 йилга нисбатан икки баравар кўп демакдир.
Бундан ташқари, мамлакатимизда ёшлар учун иш ўринлари яратиш бўйича мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу йилнинг ўзида 8 300 та лойиҳа орқали 292 минг иш ўрни яратиляпти. Яна 83 миллиард долларлик янги лойиҳалар орқали 500 мингга яқин янги иш ўринлари ташкил этиш режалаштирилган.
Президент ташаббуси билан ташкил этилган Беруний номидаги халқаро мактабда 8-синф битирувчилари орасидан сараланган 60 нафар ўқувчига чуқурлаштирилган таълим берилади. Шунингдек, ҳар йили 3 минг салоҳиятли ўқувчи нуфузли хорижий олийгоҳларга тайёрланади. Уларнинг камида 300 нафари эҳтиёжманд оилалар фарзандларидир. Энди “ТОП-300” талик университетларга кирган ёшларга нафақат “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан молиявий ёрдам берилади, балки банклар ҳам 20 минг долларгача имтиёзли кредит тақдим этади.
Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида ҳам йирик ташаббуслар амалга оширилмоқда. Массачусетс технология институтининг таълим дастурлари асосида информатика дарслари қайта ишланмоқда. Вилоятлардаги информатика ўқитувчилари Янги Ўзбекистон университетида қайта тайёрлаш курсларидан ўтади. Соғлиқни сақлаш, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда 100 та лойиҳа амалга оширилади. Умуман, Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастурига старт берилди.
Стартаплар экотизимини ривожлантириш учун ҳам кенг имкониятлар яратиляпти. Мавжуд 145 миллион долларлик венчур сармоя 1 миллиард долларгача оширилади. Мактаблар учун “Моҳирлик ва бизнес соати” жорий этилиб, ўқувчиларнинг ғояларига 100 миллиард сўм грант йўналтирилади. Инновация агентлиги ва IT-парк ҳамкорлигида тадқиқот ва прототип яратиш марказлари ташкил этилади. Энг яхши стартаплар “Ёшлар венчур” жамғармаси орқали 50 минг долларгача молиялаштирилади.
Ишсизликни камайтириш ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида банклар орқали “Ёшлар бизнеси” ва “Келажакка қадам” дастурлари учун 300 миллион доллар ажратилди. Шу орқали 100 мингга яқин ёшлар, 140 минг олий таълим битирувчилари иш билан таъминланади. Шунингдек, “Ҳаракатда даромад” тизими орқали таътил давридаги 3 миллион ёш малака талаб этмайдиган ишларга жалб этилади.
Ёшларнинг сиёсий ва бошқарув соҳаларидаги иштирокини кучайтириш мақсадида Давлат бошқаруви академиясида “Келажак лидерлари” дастури жорий этилди. Ҳар йили 100 нафар салоҳиятли ёш вазир ва ҳокимларга бириктирилади, хорижда тажриба орттиради ва келажакда раҳбарлик лавозимларига тавсия этилади.
Ёшларда ватанпарварлик, маънавият ва маданият туйғусини мустаҳкамлаш ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди. “Ғалаба боғи”даги “Миллат фидойилари” монументи бу борада ёшлар учун ибрат маконига айланмоқда. Китобхонлик ва санъат соҳаларидаги ғолиб ёшлар чекка мактабларда чиқиш қилиши учун вилоят ҳокимликлари махсус автобуслар ажратади. “Иқтидор” мактаб ансамбли танлови ғолиблари мусиқа ва санъат мактабларида бепул ўқитилади.
Ўзбекистон ёшларга оид давлат сиёсатини халқаро миқёсда ҳам тан олиниши катта эътиборга лойиқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мамлакатимизни “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторида қайд этди. Ёшлар индексида эса Ўзбекистон энг тез ривожланаётган давлат сифатида эътироф этилди. Бухоро – Туркий дунё ёшлари пойтахти, Тошкент эса МДҲ ёшлари пойтахти сифатида тан олинди.
Шу кунларда ўтказилаётган Глобал ёшлар фестивали нафақат юртимиз, балки бутун дунё ёшлари учун ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш майдонига айланди.
Президент Мирзиёевнинг сўзлари барчага умид ва ифтихор бағишлади:
– Сизларнинг ҳар бир ютуғингиз – бутун халқимизнинг ютуғидир. Бахтингиз – миллионлаб ота-оналар ва устозларнинг бахтидир, – деди давлат раҳбари.