Салом дўстлар! UzTrend жамоаси ўзининг навбатдаги мультимедиа лойихасини бошламоқда. Бу сафарги лойиха Ўзбекистондаги камбағаллик ҳолати ва унга қарши курашишнинг амалий йўллари мавзусига бағишланган. Анъанага мувофиқ, биз олти қисмдан иборат туркум ҳикоялар тайёрлашни режалаштирганмиз, улар яқин икки ой давомида эътиборингизга ҳавола этиб борилади.
Биз иложи борича ўша машҳур истеъмол савати қандай хисоб-китоб қилинаётгани, ватандошларнинг энг кам эхтиёжлари ва ойлик маошлари қай тартибда белгиланаётганини юртимиз ва бошқа давлатлар мисолида тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз. Нима учун минглаб одамлар ўз уйлари, оилаларини ташлаб, бошқа юртларга кетишга мажбур бўлаётганлари; камбағаллик (негадир бугунги Ўзбекистонга хос бўлиб қолаётган) ўзи билан қандай глобал хатарларни олиб келиши мумкинлиги ва коррупцион ҳолатлар; кундан-кунга ўсиб бораётган бойлар ва камбағаллар табақаси ўртасидаги жарлик ва унинг хавфли томонида; қандай қилиб камбағаллар шафқатсиз ҳаёт майдонида тирик қолишга ҳаракат қилаётганлари ва бу жараёнда қайси замонавий ускуна ва технологиялар уларга ёрдам бера олиши мумкинлиги қолаверса камбағаллик ва қашшоқлик ўртасида фарқлар – буларнинг барчасига биз мутахассислар билан биргаликда жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ташқарига ағдарилган бўш чўнтаклар – камбағалликнинг рамзларидан бири. У АҚШнинг 31-президенти номи билан «Гувернинг байроғи» деб аталади. Герберт Гувернинг 1929-1933 йиллардаги бошқаруви “Буюк тушкунлик” даврининг бошланишига тўғри келган. Ағдарилган чўнтак рамзи орқали америкаликлар хокимият сиёсатидан норози эканликлари ва камбағаллик уларнинг хонадонларини ишғол этганини билдиришган.
«БИРИНЧИЛАР» ДАВРИ
Ўзига хос “Буюк тушкунлик” даври 80-90-йилларда постсовет худудида ҳам содир бўлди. Собиқ иттифоқ республикалари иқтисодиёти вайрон бўлди. Корхоналар ёпилди. Юз минглаб одамлар ишсиз ва тирикчиликсиз қолди. Мустақилликка эришган Ўзбекистон қандай қилиб бу жарликдан чиқиб кета олди ва ёки аксинча? Ушбу саволга жавобни экспертимиз билан бўлган суҳбатга оламиз.
Умуман олганда, Алишер Илҳомовнинг таржимаи ҳоли, аниқроқ қилиб айтганда, профессионал резюмесида “биринчи” сўзи кўп учрайди. У Ўзбекистондаги ижтимоий тадқиқотларга биринчи бўлиб қўл урганлардан бири ҳисобланади. Илҳомов 1990 йилда мамлакатда илк ташкил топган жамоатчилик фикрини ўрганиш марказларидан бири “Эксперт”, кейинчалик “Эксперт-Фикри” ННТнинг ҳаммуассисидир. У миллий-давлат қурилиши, бошқарув, инсон ҳуқуқлари, миллатчилик ва собиқ иттифоқчи – Ўзбекистоннинг ривожланиши ҳақидаги 100 га яқин илмий ва таҳлилий мақолалар муаллифидир. 2005 йилдан бошлаб, Лондон университети Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби замонавий Марказий Осиё ва Кавказ марказининг илмий ходими ҳисобланади. Ва яна Жаҳон банки буюрмасига кўра Ўзбекистонда мавжуд камбағалликни таҳлил қилиш борасидаги тадқиқотлар муаллифлариданбиридир. Булар ҳақида Алишер Илҳомов UzTrend тингловчиларига сўзлаб берди.
Подкастнинг ўзбек тилидаги қисқача мазмуни
«Камбағаллар билан маслаҳатлашув» — маълум миқдордаги иштирокчилар ўртасида ўтказиладиган савол-жавоблар натижасидаги қуруқ статистикадан фарқли равишда — тадқиқотга доир сифатли усулнинг қўлланилишига имкон беради. Бу – бир ҳовучгина статистика эмас, балки жамиятнинг турли қатлам вакиллари билан ўрнатилган яқин муносабат натижаси. Одамлар кенгкўламли интервью ва фокус-гурухлар йиғилишларида ўз ҳаётларига доир жуда қизиқ жихатларни айтиб беришарди ва айнан шулар тахлил ва натижага ёрдам берди. Хулоса тахминан мана бундай кўринишда пайдо бўлди:
«Ниҳоятда бойлар» – 1-2%
«Шунчаки бойлар» – 3-5%
«Ўрта синф» тахминан 20%
«Камбағаллар» – 40 дан 80% гача
«Қашшоқлар» 1 дан 5% гача
Шундан сўнг мамлакатда табақаланиш жараёни – жамиятнинг емирилиши бошланди. Аҳолининг катта қисми камбағаллик чегарасидан қуйида қолди.
Бундай тадқиқот учун Алишер Илхомов жамоасига, халқ тили билан айтганда, “калтакнинг бир учи келиб тегди”. У вақтларда бошқача реакция бўлиши ҳам мумкин эмасди. Горбачёвнинг қисқа муддатли ошкоралик давридан қанчалар узоқлашилгани сари бу мавзу шунчалар тақиқга олина бошлади. Ўзбекистондаги камбағаллик муаммоси ва унинг ўлчами ёпиқ мавзу бўлиб қолаверди. Фақат эътиборли ўқувчи ёки ўша йилларда интернетга эгалик қила олганларгина ОАВда эълон қилинган сатрлар ораси мақолаларни ўқий оларди. Мисол учун, «камбағал оила» дейиш ўрнига «кам таъминланган» каби энг юмшоқ иборалар қўлланиларди.
«ТУВАК УЧУН ИШЛАШ»
Халқ орасида кенг тарқалган бу ибора ишлаб топилган маошнинг каттагина қисми фақат ейиш-ичиш ва… тувакка (у ёғини ҳамма тушунди) сарф этилишига айтилади.
Статистика, расмий хисоботлар ва тадқиқот натижаларида у ибора учрамайди, албатта. Аммо рақамлар сўзлайди бу ҳақда. 13 йилдан буён тадқиқот олиб бораётган Picodi.com халқаро дисконт сервиси жамоасининг сўнгги ишларидан бири билан танишиб чиқамиз.
Интернет-дўконлар учун промокодлар, чегирма ва шу кабилардан ташқари, ушбу сайт, шунингдек, дунё мамлакатларининг истеъмол имкониятлари тадқиқоти ва таҳлили билан ҳам шуғулланади. Бу ҳақдаги маълумотлар ОАВда, сўнгги пайтлар ўзбек матбуотида ҳам мунтазам бериб борилмоқда.
2023 йил бошларида Picodi.com ни бир савол ўйлантириб қўйди: қайси мамлакатларда энг кам иш ҳақининг қанча қисми озиқ-овқатга сарфланади?
Мутахассислар ўз хисоботлари учун 8 та гуруҳга кирувчи озиқ-овқат тўпламидан фойдаланишди:
2022 йил энг кўп Нигерия аҳолиси учун оғир келди. Бу давлатдаги энг кам иш ҳақи минимал озиқ-овқат саватига ҳам етмайди. Ғарбий Африкадаги ушбу давлат рейтингнинг сўнгги – 67-ўрнини эгаллаган. Ўзбекистон эса….. 66-ўрин. Буюк Британия, Германия, АҚШ сингари ривожланган мамлакатларда озиқ-овқат учун энг паст харажатлар қайд этилган…
Собиқ Иттифоқ давлатларида, афсуски, даромади паст бўлган оилалар ёки хўжалик харажатлари мисолида, озиқ-овқатга сарфланадиган харажатларининг юқорилиги билан ажралиб туради.
Келинг, энди қисмати деярли бир хил МДҲ давлатлари, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзолари – Беларусь, Россия, Қозоғистон ва Арманистонга тегишли статистикани кўриб чиқсак. ЕОИИ таркибига кирган Қирғизистон рейтингдан ўрин олмаган, аммо лойихамизнинг бундан кейинги қисмларидан бирида Марказий Осиё давлатлари бўйича қиёсий маълумотлар тақдим этилади.
ИСТЕЪМОЛ САВАТИДАГИ БИР ҚАДАҲ ШАРОБ
Албатта, бу биз ҳақимизда эмас. Шундай бўлса-да, ўзбек истеъмол савати таркибидаги баъзи маҳсулотлар француз моделидан олинган. Бироқ Ўзбекистондаги камбағаллик муаммолари ва унинг ечимларига бағишланган тадқиқотни бошлашдан аввал, келинг, мавжуд стандартлар, тушунчалар ва, албатта, рақамларга аниқлик киритиб олайлик. Шундай қилсак, кейинчалик ҳам қулай бўлади. Боз устига, юқорида қайд этиб ўтилган Picodi.com тадқиқотлари дўконлардаги харид ва нархларга тегишли. Бизда эса, буларнинг барчасидан ташқари, савдо учун бозорларимиз бор ёки кимнингдир ўз оиласини боқиши учун бир парча ери бор. Ва шу ерда сухбатимизга малакали эксперт – иқтисод фанлари номзоди Нодира Зикриллаева келиб қўшилади. Бу мавзунинг ичидаги инсон. Бошланишига экспертимиз турли мамлакатларда минимал маҳсулотлар ва хизматлар тўплами уларнинг ҳудудий хусусиятларини хисобга олган ҳолда қандай тузилиши ҳақида айтиб берадилар.
Подкастнинг ўзбек тилидаги қисқача ҳикоясини шу ерда ўқишингиз мумкин.
Россия ва айрим МДҲ мамлакатларида қонун хужжатларига расман илова қилинган “истеъмол савати” атамаси минимал истеъмол саватини англатади. У, одатда, бошқа мамлакатлардаги ўртача истеъмол саватини тавсифловчи турли миллий кўрсаткичларга мурожаат қилиш учун ишлатилади.
Истеъмол саватчаси АҚШда 300 та маҳсулот ва хизматлар вакилларидан, Францияда – 250 та, Буюк Британияда – 699 та, Германияда – 475 тадан иборат.
АҚШда “озиқ-овқат режаси” (инглизчада Food Plan) тушунчаси мавжуд. Улар тўрт турда бўлади: тежамкор, паст, ўрта ва мустақил; тежамкор Thrifty Food Plan озиқ-овқат талонларини тарқатишни хисоб-китоб қилиш учун ишлатилади.
Француз истеъмол саватидан шароб учун ва ҳатто ресторанга боришни кўзда тутган алоҳида сарф-харажатлар ҳам ўрин олган. Бундан ташқари, истеъмол саватчаси рўйхатида сартарошхоналарга ташриф ҳамда сочларга ишлатиладиган турли лаклар, душ геллари ва кўплаб косметика воситалари ва, энг қизиғи, ўн тўрт турдаги гул учун ҳам алоҳида харажат кўзда тутилган.
Буюк Британияда Миллий статистика идораси “Товарларнинг истеъмол баҳоси инфляция савати” («Consumer price inflation basket of goods») кўрсаткичини ҳисоблаб чиқаради. Саватга киритилган товар ва хизматларнинг таркиби истеъмол шаклларидаги ўзгаришларни ўзида акс эттириб туриш мақсадида доимий равишда ўзгариб туради. Мисол учун, 2010 йилларда DVD ижараси хизмати истеъмол саватидан чиқарилиб, унинг ўрнига замонавий мультимедиа хизмати киритилди.
Германияда фуқароларнинг сарф-харажатлари даражасини аниқлаш учун мутахассислар кўп болали оилалар, ёлғиз оналар, қариялар ва шу кабилардан иборат турли ижтимоий гуруҳлар ўртасида тадқиқот ўтказади. Муайян ҳолатда, истеъмол саватча таркибига нима ва қанча миқдорда киритилишини уларнинг ўзлари белгилайди.
Канада истеъмол савати таркиби минтақавий фарқларни деярли ҳисобга олмайди, транспорт харажатлари бундан мустасно. Ноозиқ-овқат саватидан телефон, мебель, электр жиҳозлари, маиший техника ва кимё маҳсулотлари, болалар учун ўйинчоқлар каби 48 турдаги маҳсулот ўрин олган. Ҳаттоки хайрия учун ҳам маблағ киритилган.
Пицца, бир даста гул, бир ойда бир марта стилистга ташриф… Шунақа, дўстлар. Ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос ўлчови мавжуд. Ўзбекистоннинг озиқ-овқат саватида нималар бор? Бугун “камбағаллик” тушунчасини БМТ, Жахон банки ва бизнинг хукуматимиз қандай изохлайди? Бир кишига бир ойда 498 минг сўм деган рақам қаердан пайдо бўлди? Бу ҳақда биз “Камбағал одамлар” лойихасининг кейинги қисмида гаплашамиз. Ва, UzTrend’нинг доимий анъанасига мувофиқ, халқ ичига кирамиз. Сизларни биринчи қаҳрамонимиз – Олмалиқ шаҳрида яшовчи оила билан учрашув кутмоқда.
Константин АГАФОНОВ.