Ҳудудларда камбағалликни қисқартириш чоралари кўрилмоқда

Улашиш:

Фото: Фориш туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 март куни “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва айнан шу фармон ижроси доирасида “Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Маълумки, камбағаллик-бу ҳаёт учун муҳим бўлган, энг зарур минимал эҳтиёжларни қондира олмайдиган, ишга лаёқатли бўлиб, ўзи ҳоҳлаган ишларни давом эттириши мумкин бўлмаган шахс ёки ижтимоий гуруҳнинг иқтисодий ҳолатининг ўзига хос хусусияти тушунилади.

Камбағаллик азалдан бор бўлган ва бўлиб келаётган ҳол ҳисобланади. Лекин, айни кунларгача мазкур атама ишлатилмаган ва ишлатилишга қўйилмаган. Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Муражаатномасида бу сўз илк бор тилга олинди ва шундан буён ҳақиқатлар очиқланиб келинмоқда.

Юртимиз иқтисодчи таҳлилчиларига кўра, бугунги кунда мамлакатимизда  камбағаллик улуши аҳолининг 15 фоизини ташкил этиши кўрсатилган. Бундай ҳисоблашда кунлик товарларнинг жон бошига истеъмоли ҳисобга олиниб ҳалқараро “истеъмол саватча”си яъни Жаҳон банки мезонларига кўра кунлик истеъмол 1,7 АҚШ долларидан паст бўлганга камбағал, дейилиши ҳисобга олинган.

Жиззах вилояти, Дўстлик тумани 18-“Чўлқувар” сайлов округи ҳудудидаги Боғзор, Саритепа, Олтин водиий ва Бунёдкор маҳаллаларида яшайдиган аҳолининг камбағаллик даражаси ва уларни камбағалликдан олиб чиқиш йўллари вилоят Кенгаши депутатлари томонидан ўрганилди.

Бугунги кунда Боғзор МФЙ 4248 нафар, Саритепа МФЙ 5255 нафар, Олтин водий МФЙ 5534 нафар ва Бунёдкор МФЙ 5493 нафар аҳоли истиқомат қилишади.  

Ҳудудда камбағаллик даражаси Боғзор МФЙ 3,4 фоизни, Саритепа МФЙ 4,2 фоизни, Олтин водиий МФЙ 8,4 нафар ва Бунёдкор МФЙ
5,7 фоизни ташкил этмоқда.

Ўтказилган хатлов натижасига кўра Боғзор МФЙда 147 нафар, Саритепа МФЙда 222 нафар, Олтин водиий МФЙда 466 нафар ва Бунёдкор МФЙда
314 нафар, жами 1149 нафар  камбағал, деб белгиланган хонадонлар аниқланди. Ҳудудимизда МФЙлар кесимида ҳар битта камбағал хонадонларнинг паспорти ишлаб чиқилиб, улардаги меҳнатга лаёқатли, лекин ишсиз бўлган 350 нафар аҳолининг бугунги кун ҳолатига 92.5 фоизи ёки 324 нафари, шундан 16 нафари доимий ва 308 нафари мавсумий ишларга жойлаштирилиб, уларнинг бандлиги таъминланди. Мисол учун, "Сангзор Текистил" МЧЖ га 18 нафар, “Фойдали олтинкўз” ва “Биоагро фаровон” МЧЖларга 13 нафар камбағал оила аъзолари ишга жойлаштирилишига эришилди.

Мавсумий ишга жойлаштирилган аҳолини кейинчалик камбағаллик категориясига тушиб қолмаслиги бўйича ҳам ишлар олиб борилаётир.

Бундан ташқари, аниқланган эҳтиёжманд хонадонлардаги меҳнатга лаёқатсиз аҳолилар “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланмоқда.

Саритепа МФЙ бўйича 41 та эҳтиёжманд хонадон, Бунёдкор МФЙ бўйича 61 та эҳтиёжманд хонадон, Олтин водий МФЙ бўйича 95 та эҳтиёжманд хонадон, Боғзор МФЙ бўйича 33 та эҳтиёжманд хонадонларга кўнгилли фермер хужаликлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари бириктириб чиқилди.

Ҳудуддаги  ишсиз юрган фуқароларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари ва ишлаб чиқариш корхоналарига жалб этиш, шунингдек, “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастури доирасида якка тартибдаги тадбиркорлик ва оилавий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш орқали иш билан бандлигини таъминлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

 

Акбар Саидқосимов,

 Халқ депутатлари Жиззах

вилоят кенгаши депутати,

фалсафа фанлари доктори (DSc).

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.