Бугунги меҳнат бозори инсон капиталига бўлган талабни нафақат мутахассислик даражаси, балки унинг жамиятдаги барча қатламларига очиқлиги билан ҳам белгиламоқда. Инклюзив иш ўринлари деганда, ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар, ёшлар, кексалар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлар учун тенг меҳнат имкониятларини яратиш тушунилади. Аммо бу тенглик анъанавий касблардами кўпроқ кўзга ташланмоқда, ёки замонавий, технологик ва инновацион соҳаларда борми – бу савол жамиятимизда долзарб муаммолардан бирига айланмоқда.
Тошкент шаҳри каби йирик иқтисодий марказларда IТ, дизайн, хизмат кўрсатиш соҳаларида янги имкониятлар очилаётган бир вақтда, Жиззах, Самарқанд вилояти сингари ҳудудларда эса ҳали-ҳануз тўқимачилик, ҳунармандчилик ва устачилик анъанавий даромад манбайи бўлиб қолмоқда. Демак, инклюзивлик фақат касб танлашдаги эркинлик эмас, балки ҳудудий ва технологик тенглик билан ҳам бевосита боғлиқдир.
Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахслар: расмий статистика ва ҳаёт ҳақиқати
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотларига кўра, 2025-йилнинг биринчи чораги якунида Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар сони 1 031 609 нафарни ташкил этди. Бу умумий аҳолининг тахминан 2,7 фоизига тенг. (Ўзбекистон аҳолисининг 38 миллион нафарга яқин экани ҳисобга олинган).
Ногиронлик даражалари бўйича тақсимот қуйидагича:
- 18 ёшгача бўлган болалар – 173 285 нафар (аҳолининг ~0,45%);
- I гуруҳ ногиронлиги – 94 722 нафар (аҳолининг ~0,25%);
- II гуруҳ – 695 372 нафар (аҳолининг ~1,83%);
- III гуруҳ – 67 006 нафар (аҳолининг ~0,18%).
Ёш категорияси бўйича энг катта кўрсаткич 30 ёшдан пенсия ёшигача бўлган фуқаролар орасида қайд этилган – 493 879 нафар (аҳолининг ~1,3%).
Ногиронлар сони бўйича етакчи вилоятлар:
— Самарқанд – 110 189 нафар;
— Қашқадарё – 108 041 нафар;
— Фарғона – 94 395 нафар;
— Андижон – 88 470 нафар;
— Сурхондарё – 88 470 нафар.
Аҳоли сонига нисбатан энг паст кўрсаткич қуйидаги вилоятларда кузатилмоқда:
— Сирдарё – 38 123 нафар;
— Жиззах – 44 496 нафар;
— Навоий – 48 172 нафар;
— Бухоро – 60 446 нафар.
Ушбу мақолада Тошкент ва Жиззах мисолида инклюзив бандлик даражаси, мавжуд касбларнинг ижтимоий гуруҳлар учун очиқлиги, қаҳрамонлар ҳикояси ҳамда эхпертнинг фикри таҳлил қилинади.
Тошкент ва Жиззахдаги ногиронлиги бўлган шахслар статистикаси
Тошкент шаҳри. Тошкент шаҳрида умумий ҳисобда 65 467 нафар фуқаро қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич туманлар кесимида турлича тақсимланган. Улардан энг кўпи Олмазор туманида – 9 123 нафарни ташкил этади. Кейинги ўринларда Юнусобод тумани – 8 103 нафар, Яшнабод тумани – 7 204 нафар, Шайхонтохур тумани – 7 302 нафар ва Мирзо Улуғбек тумани – 7 140 нафар билан қайд этилган. Учтепа туманида 6 415 нафар, Чилонзор туманида эса 5 619 нафар фуқаро бор. Сирғали туманида бу рақам 4 845 нафарни ташкил этган. Миробод туманида 3 124 нафар, Янгиҳаёт туманида эса 3 080 нафар фуқаро мавжуд. Энг кам кўрсаткич Бектемир ва Яккасарой туманларига тўғри келади – мос равишда 1 434 ҳамда 2 078 нафар.
Ушбу маълумотлар Тошкент шаҳри бўйлаб аҳолининг ёки маълум бир гуруҳнинг туманлар кесимидаги тақсимотини кўрсатади.
Жиззах вилоятидаги ногиронлиги бор шахслар статистикаси (ҳудудлар кесимида)
Жиззах вилоятида жами 44 567 нафар фуқаро рўйхатга олинган. Улар вилоят туман ва шаҳарларида қуйидагича тақсимланган. Энг кўп кўрсаткич Шароф Рашидов туманига тўғри келади — бу ерда 7 657 нафар фуқаро мавжуд. Кейинги ўринларда Ғаллаорол тумани — 5 799 нафар, Жиззах шаҳри — 5 814 нафар ва Зомин тумани — 5 319 нафар билан ажралиб туради. Бахмал туманида 4 615 нафар, Фориш туманида эса 3 723 нафар аҳоли бор. Зарбдор туманида бу рақам 2 439 нафар, Пахтакор туманида 2 200 нафарни ташкил этади. Дўстлик туманида 2 060 нафар, Зафаробод туманида эса 1 399 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шунингдек, Мирзачўл туманида 1 365 нафар, Янгиобод туманида 1 094 нафар ва Арнасой туманида 1 083 нафар фуқаро яшайди.
Ишсизлик ва имкониятлар: ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатга жалб этилиши
Бугунги кунда Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахслар сони 755 мингдан ортиқ. Аммо бу салмоқли гуруҳнинг атиги 3,7 фоизи, яъни 27–28 минг нафари иш билан таъминланган. Бу эса инклюзив меҳнат бозори бўйича жиддий муаммолар мавжудлигидан далолат беради.
Йил давомида ногиронлиги бўлган 40 минг нафарга яқин шахс турли шаклларда ишга жойлаштирилган. Аммо бу иш ўринлари доимий эмас: кўпчилик фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ёки вақтинча ишга олинади. Расмий, барқарор бандлик даражаси пастлигича қолмоқда, бу эса ногиронлар учун меҳнат кодекси ва ижтимоий ҳимоя кафолатларининг тўлиқ амал қилмаслигига олиб келмоқда.
ИМРС таҳлилига кўра, иш билан таъминланиш соҳалари бўйича энг катта улуш:
Саноат — 33,6%
Таълим — 15,4%
Соғлиқни сақлаш — 11,7%
Бу соҳаларда ногиронлар, асосан, техник ёки ёрдамчи лавозимларда ишлашади. Юқори малакали касблар ёки замонавий йўналишларда бандлик даражаси жуда паст. Ногиронлиги бўлганларнинг 465 645 нафари ёки 45 % аёллар, 565 964 нафари ёки 55 % эркаклар ҳисобланади.
Гендер кесими бўйича ҳолат:
Аёллар: одатда фаррош, ошпаз, тикувчи каби паст малакали ишлар билан банд.
Эркаклар: юк ташувчи, устахона ишчилари ёки бошқа жисмоний меҳнат талаб қиладиган соҳаларда кўпроқ ишлайди. Шунингдек, давлат томонидан баъзи қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам мавжуд бўлиб, булар қуйидагилар: Ҳар 50 ишчига камида 1 нафар ногирон учун иш жойи ажратиш бўйича квоталар;
Маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида ногиронлар учун алоҳида иш ўринлари фонди;
Ижтимоий меҳнат ярмаркалари орқали ишга жойлаштириш;
Онлайн платформалар орқали (масалан, www.ishplus.uz) резюме жойлаштириш ва ариза топшириш имконияти.
Масалан, ishplus.uz порталида ҳозирга қадар 8712 нафар фойдаланувчи рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 6185 нафари иш изловчилар ва 2509 нафари иш берувчилар ҳисобланади.
Иш Плус — бу Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни очиқ меҳнат бозорида муносиб иш билан таъминлашга қаратилган бепул рекрутинг веб-порталидир. У 2021-йилда Тошкент шаҳридаги “ШАРОИТ ПЛУС” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимояни кучайтириш дастури доирасида ишга туширилган. Портал орқали:
2929 та бўш иш ўрни эълон қилинган,
2406 та резюме жойлаштирилган,
1826 нафар ногирон ишга жойлаштириш хизматларидан фойдаланган.
Бундан ташқари, 2021-йил январдан бери 605 нафар ногиронлиги бўлган шахс доимий бандлик билан таъминланган бўлиб, шундан 242 нафари 2024-йилнинг ўзида, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда ишга жойлаштирилган.
Ушбу рақамлар шуни кўрсатадики, инклюзив бандлик сиёсати бошланган бўлса-да, ҳали жуда кўп ишлар қилиниши зарур. Айниқса, замонавий касбларга йўналтирилган, мослаштирилган ва барқарор иш ўринларини яратиш — бу борада энг муҳим вазифалардан биридир.
Ижод, сабр ва завқ
Барно Нарзуллаева (ҳунарманд, Жиззах вилояти):
“Мен Барно Нарзуллаева, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг талабаси, ҳунарманд, Ғаллаорол тумани ЎзЛиДеП депутатиман. Бошимда доим бир шиор янграйди: “Ҳунари бор кишининг, самари бор ишининг”.
20 ёшимдан буён ҳунармандчилик билан шуғулланаман. Айниқса, миниатура ва рангтасвир йўналиши қалбимга яқин. Бу йўналиш ҳунармандчиликда унча машҳур эмас, лекин ўзига яраша ўзига хослиги бор — мен бисер мунчоқлар орқали сопол буюмларни безайман. Бу майда, лекин жозибали иш, кўзни, сабрни, вақтни олади. Аммо севимли машғулотим бўлгани учун мен учун бу меҳнат — завқ.
Болалигимдан рассомчиликка меҳр қўйганман. Турли танловларда қатнашиб, республика ва ҳатто халқаро даражадаги ғолибликларга ҳам эришганман. Бу соҳада изчил ҳаракат қилишимга болаликдаги орзуларим туртки бўлди. Ҳозир эса ижодимни ҳунармандчилик билан боғлаб, одамлар учун ўзгача буюмлар ясайман — баъзиларига эса одам тасвирлари туширилган буюртмаларни тайёрлайман.
2017-йилда “Ҳунармандлар маркази” аъзолигига қабул қилиндим. Шундан сўнг кўплаб кўргазма ва тадбирларда иштирок этяпман. Менинг даромадим доимий эмас, лекин меҳнатимга қараб ўзгаради: ойига 200 минг сўмдан икки миллионгача бўлиши мумкин.
Албатта, имкониятим чекланганлиги боис баъзан қийналаман. Майда мунчоқлар билан ишлаш осон эмас: кўзни чарчатади, сабр талаб қилади. Лекин одам ўз ишини севсачи? Мени бу касб чарчатмайди, аксинча, руҳимни тўлдиради. Маҳсулотим битганида ўзимдан фахрланаман, ўша завқ — энг катта мукофотим.
Шунингдек, кўнглимда бошқа бир орзу ҳам бор — журналист бўлиш. Агар имкониятим бўлганида, подкастлар, ҳаётий репортажлар тайёрлаб, жамиятдаги муҳим мавзуларни кўтарар эдим. Ўзимни бу соҳага қизиқаман деб эмас, балки ўзимда бу соҳа учун туғма истеъдод бор деб ҳисоблайман. Доим адабий тилда гапираман, янгиликлар, газета мақолалари, сиёсий кўрсатувларни кузатиб бораман.
Менимча, имкониятлар чекланган бўлиши — орзулар чекланган дегани эмас. Мен ижодим орқали жамиятга ўз ўрним борлигини исботлаяпман. Ҳар бир инсон — имкониятга лойиқ, у фақат унга ишонилишини кутади, холос”.
Мен чеклов эмас, имконият изладим
Раҳим Рашидов (мобилограф, Тошкент шаҳар):
“Мен Раҳим Рашидов, Тошкент шаҳрида яшайман. Болалигимдан кўриш имкониятим чекланган, аммо қалбимдаги орзулар ҳеч қачон чегараланмаган. Ҳаёт мени синовлардан аямади, бироқ мен таслим бўлишни эмас, ҳар доим олдинга интилишни танладим. Аввалига оддий мактабда таҳсил олдим, кейин эса орзу қилганимдай Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг тарих факултетини тамомладим. Битирувдан сўнг 33-сонли мактабда ўқитувчилик қилдим. Ўқувчиларга тарих сабоғини бериш, уларнинг ҳаётга қарашларини шакллантириш менга ёқарди. Бироқ вақт ўтиб, ўз ичимда бошқа бир истак — янги нарсаларни ўрганиш, ижод қилиш, замонавий йўналишларда ўз ўрнимни топиш иштиёқи пайдо бўлди.
Шундан сўнг ишлаб чиқариш корхонасига ишга кирдим. Аммо оғир меҳнат ва узоқ иш соатлари мени толиқтирарди. Шу даврда, мен ичимдаги креатив кучни сездим. Бир куни ўзим тайёрлаган видеони яқин танишимга кўрсатдим. У менга: “Инстаграмга жойлаштир”, деди. Шундай қилдим. Ўша видео кутганимдан ҳам кўпроқ кўрилди ва бу менга куч берди.
Шу кундан бошлаб мобилографияга қизиқиб қолдим. Камера орқали дунёни кўрсатиш, оддий лавҳаларни гўзалликка айлантириш — бу менга қувонч ва илҳом бағишлайди. Бугун мен профессионал мобилограф сифатида фаолият юритаман. Телефоним ва интернет менинг асосий иш қуролларим. Бу касб менга нафақат эркинлик, балки доимий ўсиш ва ривожланиш имконини ҳам берди.
Баъзилар, ногиронлиги бўлган инсонлар фақат чекловлар ичида яшайди деб ўйлайди. Аммо бу шунчаки стереотип. Аслида, бугунги технологиялар, замонавий касблар, ижтимоий тармоқлар ва креатив платформалар биз каби ёшларга ўз салоҳиятини очиш учун ажойиб имкониятларни яратмоқда.
Мен шуни яхши биламан: инсон ўз орзуларига чин юракдан ишонса, ҳеч қандай тўсиқ уни тўхтата олмайди. Кўз билан кўрмаслик мумкин, аммо қалб билан кўриш, ҳар бир имкониятни кўздан қочирмаслик керак. Имкониятлар чекланган бўлиши мумкин, аммо орзулар — улар ҳар доим чексиз”.
Раҳим Рашидовнинг иш фаолиятидан лавҳалар.
“Имкониятлар чекланган бўлиши мумкин, аммо орзулар чексиз”: инклюзив меҳнат муҳитини яратиш ҳақида мутахассис фикри
Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар ҳанузгача ишга жойлашишда турли тўсиқларга дуч келмоқда. Муносабат, инфратузилма, ахборот ва ҳуқуқий хабардорлик — буларнинг барчаси ногиронлиги бўлган инсонларнинг меҳнат бозорида тенг иштирок этишига тўсқинлик қилмоқда.
Айниқса, бундай шахсларнинг бандлигини таъминлашда нафақат давлат ёки бизнес, балки бутун жамиятнинг, жумладан, фуқаролик жамияти ва ОАВнинг иштироки муҳим саналади.
Шу масалаларни янада чуқурроқ ўрганиш ва ҳақиқий вазиятни билиш мақсадида биз мазкур соҳада эксперт, Тошкент шаҳар “Шароит плюс” ногиронлар жамоат бирлашмаси кенгаши аъзоси Маматхонов Улуғбек Абдужабборович билан суҳбатлашдик.
Ҳозирги кунда ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойлашишда қандай муоммоларга дуч келяпти?
Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойлашишда ҳали-ҳануз қатор тўсиқларга дуч келмоқда. Биринчи навбатда, бу — муносабат тўсиқлари. Жамиятда, хусусан иш берувчилар орасида ногиронлиги бўлган инсонларга нисбатан стереотиплар сақланиб қолган: уларни меҳнатга яроқсиз, самарадорлиги паст деб ҳисоблаш ҳолатлари кўп учрайди. Бу нотўғри ёндашув ишга қабул қилиш жараёнида уларнинг имкониятларини чеклайди.
Иккинчидан, амалий шароитлар етарли эмас. Кўпгина иш жойларида жисмоний имконияти чекланганлар учун мослаштирилган инфратузилма мавжуд эмас — пандуслар, лифтлар, махсус ҳожатхоналар, иш ускуналарининг мослаштирилган шакллари каби зарурий имкониятлар таъминланмаган. Бу ҳолат ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойида эркин ҳаракат қилишига ва тўлақонли ишлашига жиддий тўсқинлик қилади.
Яна бир муҳим масала — ахборот ва ҳуқуқий хабардорлик даражасининг пастлиги. Кўплаб ногиронлиги бўлган фуқаролар ўз ҳуқуқлари, мавжуд имкониятлар ёки давлат томонидан ажратилган имтиёзлар ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Натижада улар ишга жойлашиш учун мавжуд механизмлардан фойдалана олмайди.
Умуман олганда, ногиронлар учун инклюзив меҳнат муҳитини яратиш — бу нафақат биноларни мослаштириш, балки тафаккурни ҳам ўзгартириш деганидир. Иш берувчиларда ижтимоий масъулиятни ошириш, ҳуқуқий механизмларни кучайтириш ва аҳолининг онгини юксалтириш бу борада муҳим қадамлар бўлади.
Бугунги кундаги иш ўринлари ногиронлиги бўлган шахсларга мос келадими?
Назаримда, энг муҳим масала бу муносабатдир. Шароитлар эса кейинги масала. Чунки сўнги вақтларда имконияти чекланган шахсларга нисбатан иш жойларида кўплаб дискриминация ҳолатлари юз бермоқда. Бу эса маънавий босим ва ўзига бўлган ишончни йўқолишига сабаб бўлади. Албатта, шароитлар ҳам имкон қадар яратилмоқда. Биргина мисол, “Сафия” ширинликлар дўконида ҳозирда умумий ишчиларнинг 60 % ини ногиронли бўлган шахслар ташкил қилади. Ушбу бренд ногиронлиги бўлган шахслар учун барча шароитларни ўз фонди ҳисобидан яратмоқда.
Ногиронлигиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаган ташкилотларга қандай имтиёз ва имкониятлар бор?
Миллий қонунчилигимизда ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаган иш юритувчилар учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Агар иш берувчи ногиронлиги бўлган шахсни расмий ишга олса, давлат иш берувчига олти ой давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир ярим бараваригача субсидия ажратади. Ушбу субсидия ишга олинган ходимлар сонига қараб ортиб бораверади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун иш жойларини қандай қулай ва инклюзив қилиш мумкин?
Кадрлар сиёсати инклюзив бўлиши зарур — яъни ногиронлиги бўлган фуқароларни очиқ танловлар асосида ишга олиш, уларга ўрганиш ва кўникма ҳосил қилишда менторлик дастурларини йўлга қўйиш, ҳамкасблар билан тенг муносабатда бўлишни рағбатлантириш лозим.
Энг асосийси — иш берувчилар ва жамият аъзоларида ижобий қараш ва инклюзив маданиятни шакллантириш. Бу борада тарғибот ишлари, тренинглар ва ижтимоий лойиҳалар катта аҳамиятга эга.
Инклюзив иш муҳитини яратиш фақатгина ногиронлар учун эмас, балки бутун жамият учун фойдали бўлиб, у тенглик, хилма-хиллик ва ижтимоий бирдамлик тамойилларини мустаҳкамлайди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашда жамоатчиликнинг роли қандай?
Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашда жамоатчиликнинг роли ниҳоятда муҳим. Аввало, фуқаролик жамияти ташкилотлари — ННТлар, ногиронлар уюшмалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий фаолликка ундаш ва иш берувчилар билан алоқаларни ўрнатишда кўприк вазифасини бажаради.
Жамоатчилик орқали ижтимоий фикр шаклланади — ногиронларга нисбатан стереотипларни йўқотиш, уларни тенг ҳуқуқли фуқаролар сифатида кўришга ундаш айнан жамоанинг қўлида. Оммавий ахборот воситалари, блогерлар, таъсирчан шахслар бу мавзуни кўтариб чиқса, ижтимоий босим орқали иш берувчиларни масъулиятли қарорлар қабул қилишга ундаш мумкин.
Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш — уларнинг жамиятдаги ўрни ва ҳаёт сифати ошишига хизмат қилади. Ҳар бир инсон ўз меҳнати ва қобилияти билан жамиятда фаол иштирок эта олиши керак.
Бугунги кунда, айниқса, замонавий касблар ногиронлиги бўлган шахслар учун катта имкониятлар яратмоқда. Улар ўз билимлари, креативлиги ва технологиялардан фойдаланиб, жисмоний чекловларсиз ҳам ўз йўлини топа олади. Муҳими, имкониятлардан фойдаланиш ва ўз устида ишлаш орқали ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтиш мумкин. Жамиятда эса тенг муносабат ва қўллаб-қувватлаш муҳитини шакллантириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Тайёрлади: Маҳлиё Ҳамидова, Даврон Эргашев,
Машҳура Жўрақулова, Севинч Ёқубова