Меҳнат муҳожирлари айбдорми? Россия бош прокурорининг айбловларини расмий статистика инкор этмоқда

Улашиш:

Россия бош прокурори Игорь Краснов мамлакатда чет элликлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони ўсгани ҳақида баёнот берганди. Бироқ расмий статистика бунинг аксини кўрсатмоқда, деб ёзмоқда RTVI.

Россия ИИВ маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январида чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 2023 йил январига нисбатан 0,4 фоиз кам жиноят содир этганига нашр эътибор қаратди.

Расмий статистикага мувофиқ, 2023 йил давомида чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан жами 30,2 мингта жиноят содир этилган — бир йил аввалгидан 9 фоиз кам. МДҲ (Россияни ҳисобга олмаганда) фуқаролари содир этган жиноятлар сони эса 7 фоиз камайган.

Шунга қарамасдан, Олий суд маълумотларига кўра, жиноий моддалар бўйича судланаётган хорижликлар сони ошмоқда: 2023 йил биринчи ярмида 10 минг кишига ҳукм чиқарилган, шундан 9,6 минги — МДҲ фуқаролари. 2022 йилнинг биринчи ярмида 9,5 минг нафар чет эллик судланган, шундан 9,1 минги — МДҲ фуқаролари.

Эслатиб ўтамиз, 26 март куни бош прокурор Игорь Краснов Бош прокуратура ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида (ноқонуний ва меҳнат муҳожирлари томонидан) содир этилаётган криминал хатти-ҳаракатлар тўртдан уч қисмга кўпайиб, жами 21 894 тага етганини таъкидлаган. Краснов бу рақамлар қайси вақт оралиғига тегишли эканига аниқлик киритмаган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.