«Грин кард» учун аризалар қабули 7 октябрдан бошланади

Улашиш:

АҚШ Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси – Diversity Visa дастури (халқ тилида – «грин карта») учун аризалар қабули бу йил 7 октябрь Тошкент вақти билан соат 21:00дан бошланиб, 10 ноябрь куни соат 22:00га қадар давом этади.

Фото: Getty Images

АҚШ Давлат департаменти 2022 молия йили учун Турли миллат вакиллари дастурига (DV-2022) аризалар қабули 2020 йил 7 октябрдан бошланишини эълон қилди.

Аризалар 10 ноябрга қадар, dvlottery.state.gov портали орқали қабул қилинади. Лотереяда иштирок этиш учун ариза қолдириш мутлақо бепул.

Натижалар 2021 йил 8 май куни юқоридаги сайтда эълон қилинади.

Лотереяда ғолиб деб топилиб, кейинги жараёнлардан муваффақиятли ўтганлар 2022 йилда АҚШга кўчиб ўтиши мумкин бўлади.

Бу гал ҳам DV дастури орқали 55 мингтагача иммиграциявий виза берилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон фуқароларидан хорижга чиқиш биометрик паспортига эга бўлиш ва анкета тўлдираётганда ушбу паспорт маълумотларини киритиш талаб этилади.

Барча номзодлар энг камида ўрта таълимни тамомлаган бўлиши ёхуд сўнгги 5 йил давомида 2 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши лозим.

Эслатма: Ҳар бир шахс томонидан ёки унинг номидан фақат битта ариза топширилишига рухсат берилган. Ариза тўлдирилгандан сўнг, тасдиқлов рақами (расмий номи – Аризачи Мақомини Текшириш Функцияси – Entrant Status Check)га оид маълумотни чоп этиб ёки сақлаб олишингиз зарур. Бу маълумотни зинҳор ташлаб юборманг! Бировга берманг! Зеро бу – дастур натижасини текшириб кўришнинг ягона имконияти. Сиз учун кимдир аризани тўлдириб берса, албатта бу маълумотни талаб қилинг. Йўқса, сизга ютуқ чиққан тақдирда товламачилик қилиб, сиздан пул ундириш ҳаракатига тушиб қолиши мумкин.

АҚШ Давлат департаменти биттадан ортиқ киритилган аризаларни аниқлаш учун мураккаб технологиялардан фойдаланади. Мурожаатчининг биттадан ортиқ топширган аризалари дастурдан четлатилади.

Ариза инглиз тилида бехато тўлдирилиши ва илова қилинаётган фотосурат белгиланган талабларга жавоб бериши керак. Акс ҳолда ариза лотереяга қўйилмайди.

Маълумот учун, Diversity Visa дастуридан кўзланган мақсад – АҚШга иммиграция кўрсаткичлари тарихан кам бўлган давлатлар фуқароларини Америкага келишга рағбатлантиришдан иборат. Охирги 5 йилда 50 мингдан кўп фуқароси АҚШга иммиграция қилган давлатлар фуқаролари дастурда қатнаша олмайди; улар қаторида Хитой, Канада, Буюк Британия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Покистон, Бразилия каби мамлакатлар бор.

Хорижга чиқиш паспорти қандай олинади?

Ўзбекистонда 2019 йил 1 январидан бошлаб хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) берилиши тўхтатилган ва унинг ўрнини хорижга чиқиш биометрик паспорти эгаллаган. Унинг амал қилиш муддати – 10 йил.

Ҳужжатни олиш учун фуқаро доимий рўйхатдан ўтган жойлардаги ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига («паспорт стол»), хорижда эса Ўзбекистоннинг консуллик муассасаларига мурожаат этиши лозим.

Паспорт ариза берилганидан сўнг 10 иш кунида, хорижда эса дипломатик почтани жўнатиш графигига мувофиқ белгиланган тартибда берилади.

Бунда тўланадиган давлат божи Ўзбекистон фуқаролари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,2 баравари (267 600 сўм), фуқаролиги бўлмаган шахслар учун 1 баравари (223 минг сўм) этиб белгиланган.

Хорижга чиқиш паспортини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • ариза-анкета;
  • биометрик паспорт ёки ID-карта ёхуд 16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
  • давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;
  • ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўйича бўлимининг маълумотномаси – ҳарбий хизматга мажбурлар учун;
  • илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспорти (мавжуд бўлган тақдирда);
  • ваколатли органнинг қарори (хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);
  • ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги – вояга етмаганлар учун;
  • фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти – вояга етмаганлар учун.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.