Грин-карта натижалари чиқди

Улашиш:

АҚШда яшаш ҳуқуқини берадиган DV-2024 дастури учун рўйхатдан ўтганлар жавобларни 6 май Тошкент вақти билан 21:00 дан бошлаб текширишлари мумкин.

Бунинг учун АҚШ Давлат департаментининг лотерея учун махсус сайтига (www.dvprogram.state.gov) кириш ҳамда ариза топширган вақтда сақлаб олинган тасдиқ рақамини (Confirmation number) киритиш керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, грин карта лотереясида иштирок барча қатнашчилар учун бепул ҳисобланади. Муайян харажатлар фақатгина танлаб олинган аризачиларда, виза олиш билан боғлиқ равишда юзага келади.

Расмий номи “Хилма-хиллик виза дастури” (Diversity Visa Program) бўлган грин-картадан мақсад – тарихан Америкага миграция кўрсаткичлари кам бўлган халқларга АҚШга кўчиб келиб яшаш имкониятини бериш, бу билан АҚШ жамиятида миллатлар хилма-хиллигига эришишдан иборат. Лотереяни ҳар йили дунё бўйлаб Америкага кўчиб кетишни истовчи ўнлаб миллион киши ўйнайди. Улар орасида миллионлаб ўзбекистонликлар ҳам бор.

Ўтган йили энг кўп ютуқ чиққанлар орасида Ўзбекистон фуқаролари 3-ўринни олганди. DV-2023 дастурида 119 262 аризачи тасодифий танлаб олинган, уларнинг 5511 нафари ўзбекистонликлар бўлган. Бундан бирозгина кўпроқ фуқаросига омад кулиб боққан Миср ва Жазоир биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган.

Лотереяда ғолиб чиқиш АҚШга виза олишни кафолатламайди. Бунинг учун махсус формани тўлдириш, шунингдек, элчихонада суҳбатдан ўтиш талаб этилади. Виза соҳиблари АҚШда муқим яшаш, ишлаш, шунингдек, Америка фуқароларига тегишли, сайлаш ва сайланишдан бошқа деярли барча ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятини қўлга киритади. Белгиланган муддатдан сўнг АҚШ фуқаролиги учун ариза топшириш ҳам мумкин бўлади.


2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.