"Green Card" Самарқандда нега кўп чиқади?

Улашиш:

"Ҳаммасини барибир Самарқанд ютади", "Самарқандликлар ютиш йўлларини ўйлаб топган", "Самарқандга бориб ўйнаб келганларга чиқаётган экан"...

Ўзбекистонда "Green Card" лотореясида иштирок этган ёки у ҳақида эшитган борки, шунақа гап-сўзларга дуч келган. Тан олиш керакки, бу гаплар асоссиз эмас. Ростдан ҳам Америкадаги ўзбекистонликлар орасида самарқадликлар жуда кўпчиликни ташкил қилади.

Қандай қилиб

Йўқ, ғолиблик формуласини ўйлаб топишмаган. Уларнинг йўли жуда оддий мантиқ ва баъзи хийлаларга асосланган. Мантиқ шундай: Аризалар сони қанча кўп бўлса, ютуқ чиқиш эҳтимоли шунча юқори. Самарқандликлар "Green Card" ни ҳаммадан кўпроқ ўйнагани учун - ҳаммадан кўпроқ ютади. Тошкентда, айтайлик, 100 киши иштирок қилиб, 1 фоизига ютуқ чиқса - 1та ғолиб, айни вақтда Самарқанддан 1000 киши ўйнаб, 1 фоизига ютуқ чиқса, 10та "Green Card" соҳиби. Буниси тушунарли. Энди, анкеталар сонини қандай қилиб бу даражада кўпайтириб ташлашади? Бунда "фирмачалар" жонбозлик кўрсатади.

Аризалар тўлдириш учун одамларнинг шахсий маълумотлари керак, холос. "Фирмачалар" эса шахсий маълумот йиғишнинг турфа йўлларини ўйлаб топади. Масалан, июль-август ойларидан бошлабоқ, "Green Card" деб ёзилган буткачаларни одамлар гавжум жойлар - бозорлар, истироҳат боғларига ўрнатиб олиб, "ҳозир ўйнасангиз имкониятингиз ошади", "Акция бўлайпти шу кунларда", каби ёлғонлар билан одамларнинг пасспорт маълумотлари, расмлари тўплаб олинади.

Яна бир йўли - улар шаҳардаги кўплаб олийгоҳларга бориб, у ердан арзимаган пул эвазига талабалрнинг барча шахсий маълумотларини сотиб олишади. Ўқишга топширилганда туширилган фотосуратларнинг форматини "Green Card" талабларига мослаб, ариза тўлдириш муддати келганда тўлдириб ташлашади. Мана ш-у-у-у-нча ариза! 

Ҳар икки ҳолатда ҳам иштирокчиларга тасдиқ рақами - "confirmation number" тақдим қилинмайди, табиийки. Чунки расмий сайт ҳали аризаларни қабул қилмаяпти. Кўпчилик эса ўзи иштирок этганини ҳам билмай қолади. Натижада нима бўлади? Иштирокчи ғолиб бўлган тақдирда ҳам, буни ўзи билолмайди. Натижани текшириш учун тасдиқ рақами бўлиши шарт. Кейин уддабурон фирмалар ғолибларга исталган нархда бу маълумотни пуллайди: "Алло, Шахбоз, табриклаймиз! Сизга "Green Card" чиқди. Уч минг доллар эвазига биз сизга барча маълумотларни тақдим қилишимиз мумкин. Омон бўлинг". 

Лекин бу ҳаммаси эмас. 

Бир дунё одамнинг шахсий маълумотлари йиғиб олингач, ҳар бир инсон номидан бир эмас, бир нечта ариза тўлдирилади. Гап шундаки, узоқ вақт мобайнида ариза тўлдирилганда исм ёки фамилияни киритишда йўл қўйилган бир имловий хато кўп ҳолатда "кечирилган". Масалан, исмингиз - Шахбоз Исмоилов. Сиз уни Шохбоз/Шакҳбоз/Шаҳбоз каби кўринишда киритиб қўйсангиз, консул виза бэрган ҳолатлар учраган. Ўзим исм ёки фамилиясида бир хато билан келагнларни биламан. Бундан ўз вақтида айниқса Самарқанддаги фирмалар максимал фойдаланишган. Бир инсоннинг исм-шарифидан ўнлаб вариантлар ясалган ва шунча ариза топширилган.

Унутманг:

  1. "Green Card" учун ариза тўлдирган сиз яшаётган жойингиз ҳам, қаердан тўлдираётганингиз ҳам ҳеч қандай роль ўйнамайди.
  2. Лотторея 2-октябрь 5-ноябрь саналари орасида ўтказилади. Ундан аввал ҳеч кимга шахсий маълумотларингизни тақдим қилманг. Айниқса Самарқанддаги офислар ва уларнинг филиалларига.
  3. Исм ва фамилиядаги хатоликлар билан боғлиқ "фокуслар" аллақачон ўтмайдиган бўлган. Бу фақат зиёнингизга ишлайди. Иккинчи аризангиз топилса, хатосиз тўлдирилган, ҳақиқий ютуқли аризангиз ҳам бекор қилинади. Бу йилдан бошлаб эса, пасспорт рақамлари киритилиши жорий қилинаётгани ҳақида ҳали расман тасдиғини топмаган хабарлар ҳам йўқ эмас. Хийлалар ўтмайди.

Мана шундай фирибгарликларга учрамаслик учун www.dvlottery.uz сайтига кириб бепул анкета тўлдиришингиз мумкин. Ушбу сайт орқали лотереяда иштирок этиш учун ҳақ таълаб этилмайди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.