Сусамбил учун чипта нега фақат самарқандликларга чиқаверади?

Улашиш:

“Ҳаммасини барибир Самарқанд ютади”, “Самарқандликлар ютиш йўлларини ўйлаб топишган”, “Самарқандга бориб ўйнаб келганларга чиқаётган экан”...

Ўзбекистонда Green Card лотереясида иштирок этган ёки у ҳақида эшитган киши борки, шунақа гап-сўзларга дуч келган. Бу айнан бир футболчининг кетма-кет голларига ўхшайди. Тан олиш керак, бу гаплар асоссиз эмас. Ростдан ҳам Америкадаги ўзбекистонликлар орасида самарқандликлар жуда кўпчиликни ташкил этади.

Йўқ, самарқандликлар ғолиблик формуласини ўйлаб топишмаган. Уларнинг йўли жуда оддий мантиқ ва ҳийлаларга асосланган. Мантиқ шундай: Аризалар сони қанча кўп бўлса, ютуқ чиқиш эҳтимоли шунча юқори. Самарқандликлар Green Cardни ҳаммадан кўпроқ ўйнагани учун ҳаммадан кўпроқ ютади. Айтайлик, Жиззахда 100 киши иштирок этиб, 1 фоизига ютуқ чиқса, 1 нафар ғолиб, Самарқандда эса 1000 киши ўйнаб, 1 фоизига ютуқ чиқса, 10 та Green Card соҳиби. Буниси тушинарли.

Хўп, анкеталар сонини қандай қилиб бу даражада кўпайтириш мумкин? Бунда ўзига хос “фирмачалар” жонбозлик кўрсатади. Аризаларни тўлдириш учун одамларнинг шахсий маълумотлари керак холос. Бундай “фирмачалар” эса шахсий маълумот йиғишнинг турфа йўлларини ўйлаб топишган.  Масалан, июнь, июль ойларидан бошлабоқ, “Green Card” дея ёзилган буткачаларни одамлар гавжум бўлган жойлар – бозорлар, истироҳат боғларига ўрнатиб олиб, “ҳозир ўйнасангиз, имкониятингиз ошади”, “Шу кунларда акция бўляпти”, каби ёлғонлар билан одамларнинг паспорт маълумотлари, расмлари тўплаб олинади. Тўпланган ҳужжатлар эса ўз эгаларига огоҳлантиришсиз ҳар йили фирибгарлар томонидан ўйинга киритилади. Бундан бехабар қатнашчилар ўзлари ҳам ўйинда иштирок этиб, иккала аризани ҳам куйдириб қўйишади. Қарабсизки, “Мен омадсизман”, “Фалончининг омади  биринчи йилдаёқ чопди, яхшиям иккаламиз бир жойга, бир вақтда топширган эдик”, каби норози оҳанглар урчийди.

Бундай “фирмачалар”нинг югурдаклари айниқса олий ўқув юртлари олдида ўз ўлжаларини кўпроқ қўлга туширишади. Албатта, не-не орзу-умидлар билан юрган ишонишга мойил талабаларнинг арзимаган пул эвазига барча шахсий маълумотларини сотиб олиш ҳам қийин эмас. Ўқишга топширилганда туширилган фотосуратларнинг форматини “Green Card” талабларига мослаб, ариза тўлдириш муддати келганда тўлдириб ташлашади. Бир қучоқ ариза! 

Ҳар қандай ҳолатда ҳам иштирокчиларга тасдиқ рақами – “confirmation number” табиийки, тақдим қилинмайди. Чунки расмий сайт ҳали аризаларни қабул қилмаяпти. Кўпчилик эса ўзи иштирок этганини билмай ҳам қолади. Натижада нима бўлади? Иштирокчи ғолиб бўлган тақдирда ҳам, бундан ўзи бехабар. Натижани текшириш учун тасдиқ рақами бўлиши керак. Кейин уддабурон фирмалар ғолибларга исталган нархда маълумотни пуллайди.

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Бир талай одамнинг шахсий маълумотлари йиғиб олингач, ҳар бир шахс номидан бир эмас, бир нечта ариза тўлдирилади. Гап шундаки, узоқ вақт мобайнида  ариза тўлдирилганда исм ёки фамилияни киритишда йўл қўйилган бир имловий хато кўп ҳолларда “кечирилган” (ҳозирда бу усул ўтмайди). Масалан, исмингиз Шаҳзод Иброҳимов. Сиз уни Шағзод\ Шакҳзод\ Шаҳзод каби кўринишда киритиб қўйсангиз, консул виза берган ҳолатлар учраган. Марҳамат, фамилиянгизда ҳам бу усулни қўллашингиз мумкин. Бундан ўз вақтида Самарқанддаги фирмалар максимал фойдаланишган. Натижада бир инсоннинг исм-шарифидан ўнлаб вариантлар ясалган ва топширилган.

Унутманг!

  1. Green Card учун сиз яшаётган жойингиз ҳам, қаердан тўлдираётганингиз ҳам ҳеч қандай рол ўйнамайди.
  2. Исм ва фамилиядаги хатоликлар билан боғлиқ “фокуслар” аллақачон ўтмай қолган. Бу йўл энди зарарингизга ишлайди. Иккинчи аризангиз топилса, унга қўшилиб биринчи ариза ҳам бекор қилинади, у ютуқли бўлганда ҳам худди шундай.
  3. Маълумотларингизни олиб, сизга “confirmation number” – тасдиқ рақамини бермаган ва натижани ўзингиз текширишингизга имкон қолдирмаган кимса – фирибгар.

Ҳар йили 100 мингдан ортиқ Диверсификация лотереяси қатнашчилари “Green Card”ни ютиб олиш учун курашишади. Бироқ улардан фақат ярми орзиқиб кутган визасини қўлга киритади.

Хўш, бу ютуқни қўлга кирита олмаганларчи?

Айрим фуқароларимиз борки, уларнинг олдида юқорида айтилган фирибгарлар ҳали боғча бола. Хабаримиз бор, баъзи ҳудудлардаги “бозори чопмаган” қизлар ҳам яшил чипта соҳибаси бўлишгандан сўнг, бошқа вилоят, бошқа ҳудудлардан ҳам келаётган  турнақатор талабгорларнинг сони кўпайиб кетмоқда. Қизиқ томони шундаки, ютуқ соҳибаларининг маълумотлари қандай қилиб талабгорлар қўлига тушиб қолаётганида. Уларнинг маълумотлари ҳам “тегишли ташкилотлар” томонидан соққа қилинмаяптимикан, деган фикр уйғониши табиий.

Хўп, майли, бахти очилган қанчадан қанча ўзбек қизлари ўз жуфтлари билан “Сусамбил”га етиб боришди ҳам дейлик. У ёқда ажрашиб кетишаётганига  нима сабаб бўлиши мумкин? Жавоб жуда оддий. Ўз мақсадини амалга ошириш ниятида содда лекин омадли қизлардан фойдаланган йигитларнинг субутсизлиги. Буниси ҳам майли, бир ёстиққа бош қўйган аёли билан ажрашиб, қайсидир Green Card соҳибаси билан “никоҳ шартнома”сини имзолаётган эркакларни ким деб аташ мумкин? Ҳатто “Сусамбил” васвасасига чалинган айрим аёллар ўз ёстиқдошини кимнингдир қўлига қўш-қўллаб топшириши ҳайратланарли ҳол, албатта. Тўғри, ҳамма ҳам яхши яшашга ҳақли. Аммо бу фаровонликка қинғир йўллар билан эришиб бўлмайди. Олдинда кўринган яшил водий оддийгина сароб ёки кимнингдир хаёлот маҳсулида яратилган сурати бўлиб чиқмасин тағин.

ГУЛҲАЁ

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.