Туркманистонда талабаларга ижтимоий тармоқларга кириш ва Green Card ўйнаш тақиқланди

Улашиш:

Туркманободдаги педагогика институтида ўтказилган мажлисда талабаларга VPNдан фойдаланмаслик, Green Card лотереяси ўйнамаслик, олий таълим муассасасига телефон олиб келмаслик талаби қўйилган.

Мажлисда чиқиш қилган ректор Г.Муҳаммедов уч талаба сўнгги вақтларда туркман талабаси номини булғайдиган ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўйганини маълум қилди. Икки нафар қиз фоҳишалик билан шуғулланган, бир талаба эса ўғрилик қилгани учун полиция томонидан қўлга олинганини айтган.

Прокуратура вакили хориж интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларнинг ёшларга салбий таъсиридан шикоят қилди. У талабаларга ижтимоий тармоқлар ва VPN’дан фойдаланмаслик, олий таълим муассасасига телефон олиб келмаслик, уни ётоқхона ёки уйда ташлаб келишни маслаҳат берди.

Олий таълим муассасаси аёллар иттифоқи бўлими раҳбари қизлар ҳар ярим йилда аёллар маслаҳатхонасида тиббий кўрикдан ўтишлари ва деканатга тиббий маълумотнома тақдим этишларини таклиф этди.

Йиғилишда кўплаб талабалар АҚШнинг “Грин карта” (Diversity Visa Lottery) тўлдиришаётгани борасида ҳам хавотирлар айтиб ўтилди.
«Сизларни огоҳлантираман, агар орангизда мана шу картани тўдирганлар ёки бошқа усуллар билан мамлакатдан кетишни истайдиганлар бўлса, улар ўқишдан ҳайдалади. Бу ерда ватанимиз учун кадрлар тайёрлаяпмиз», — деган ректор ўзининг якуний нутқида.

Аввалроқ Туркманистон давлат маданият институти ўқитувчиларидан VPN иловаларидан фойдаланмаслик, Instagram ҳамда Facebook’ка кирмаслик ҳақида тилхат ёздириб олингани маълум қилинган эди. Уларга видеоролик ва фотосуратлар юбориш учун Туркманистонда ишлаб турган ягона IMO мессенжеридан фойдаланиш тақиқланган. Энди фақат матнли хабарлар юбориш мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.