Осиё кубоги U23. Қатар энди хатарли эмас, Ўзбекистон араблардан ўтса, «осон рақиб» билан ўйнайди

Улашиш:

Қатар мезбонлик қилаётган Осиё кубоги U23 чорак финал баҳсларининг биринчи кунида Қатар Японияга, Индонезия Жанубий Кореяга қарши тўп суриб, ярим финалнинг дастлабки икки жамоаси номи аниқланди.

«Ар-Райян» стадионидаги ўйинда 41-дақиқадаёқ майдонда 10 киши бўлиб қолган Қатар олимпиячилари ирода кўрсатиб, ўйин охирига 2:2 ҳисоби билан етиб боришди. Қўшимча таймларда қизил карточка омили барибир ўзини кўрсатди: кучсизланиб қолган қатарликлар дарвозасига японлар иккита гол уриб, дастлабки ярим финалчига айланишди – 4:2.

Япония ярим финалда 29 апрел куни Ироқ – Вьетнам жуфтлиги ғолиби билан тўқнашади.

«Абдулла бин Халифа»даги Индонезия – Жанубий Корея ўйинида ғолибни аниқлаш учун 90 дақиқа тугул, экстратаймлар ҳам камлик қилди. Пеналтилар сериясида томошабинлар голларнинг саноғини йўқотишди.

Қизиғи, бу ўйинда ҳам қизил карточка! Жанубий Корея футболчисига қизил карточка кўрсатилган 70-дақиқада камига корейслар 1:2 ҳисобида ортда боришаётганди. Аммо курашишдан тўхташмади ва 84-дақиқада Чон Саннинг голи мувозанатни тиклади. Кейин қўшимча таймлар. Сўнгра узоқ чўзилган пеналтилар серияси. Ва ниҳоят индонезияликларнинг омади чопди. Корейслар Парижга бормайди. Қизиғи, индонезияликларнинг устози Шин Тҳэ Ён — жанубий кореялик.

Агар эртага, 26 апрел куни Ўзбекистон футболчилари Саудия Арабистони тўсиғидан ўтса, рақиби индонезияликлар бўлади. Сарлавҳадаги «осон рақиб» жумласига чалғимаймиз — балки индонезияликлар ҳам бизни Саудияга нисбатан «осон рақиб», деб билишар. Аммо биз кўпроқ «Тимур ва унинг командаси» Қатардан чемпион бўлиб қайтишига ишонамиз.  

ОСИЁ КУБОГИ U23. ЧОРАК ФИНАЛ

Қатар U23 – Япония U23 – 2:4

Голлар: Аҳмад Ар-Рави 24, Жассим Абдулсалом 49 — Фуки Ямада 2, Кимура 67, Ҳосойа 101, Учино, 112.

Четлатиш: Юсуф Балиаде 41 (Қатар).

Жанубий Корея – Индонезия – 2:2

Пеналтилар серияси — 10:11.

Голлар: Тегуҳ (45, автогол), Чон Сан (84) — Струик (15, 45+3).

Четлатиш: Ли Ён Жун (70).

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.