Асаб толаларини мустаҳкамлашда муҳим бўлган витаминлар

Улашиш:

Ҳаётимизда турли стрессли ҳолатлар бўлиб туради, уларни кундалик ҳаётдан бутунлай чиқариб ташлаб бўлмаслиги аён. Тушкунлик ва руҳиятдаги нотинчликлар эса марказий нерв тизимида бузилишларга олиб келади. Уларнинг олдини олиш учун шифокор тавсиясига кўра турли витаминлар қабул қилиш мумкин.

Эндокринолог Зуҳра Павлова ўзининг Telegram каналида организмда қайси витамин етишмаслиги асаб тизими билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши ҳақида гапириб берди, деб ёзади “Sports.kz”.

Фото: Diabetis

“Тиббиётда B гуруҳи витаминлари асаб тизимининг барқарор ишлаши, кайфиятни яхшилаш ва руҳий касалликларга чалинмаслик учун керак, деган тушунча бор. Аммо айрим витаминлар фақат нерв тизими учун, бошқалари эса овқат ҳазм қилиш учун фойдали, дейиш нотўғри. Чунки микроэлемент ва витаминлар барча органлар ва тизимларга бирдек таъсир қилади.

Мисол тариқасида, B1 витамини (тиамин) танқислигида энцефалопатия ривожланади. Бунда тўқималарда дистрофик ўзгаришлар рўй бериб, мия фаолиятининг бузилишига олиб келади. Тиамин турли хил ёнғоқлар, донлар, парранда гўштида мавжуд.

Ҳатто тўғри ва соғлом овқатланиш тартибига риоя этадиган инсонларда ҳам B1 витамини етишмовчилиги кузатилиши мумкин, сабаби баъзан витамин ва минераллар организмга яхши сўрилмайди. Бундай муаммо ошқозон ва ҳазм системаси касалланган ёки сорбентлар (организмни тозаловчи ва ичакларни ювувчи махсус препаратлар)ни меъёрдан ортиқ истеъмол қиладиган шахсларда учрайди.

Магний етишмаслиги ҳам витаминларнинг организмда яхши сўрилмаслигига сабаб бўлади. Шунинг учун B1 витамини танқислиги соғлом одамларда ҳам учраши мумкин.

Организмда B1, B6, B9 ва B12 витаминларининг танқислиги гомоцистеин (протеиноген бўлмаган аминокислота) даражасини оширади. Аминокислоталар миқдорининг кўпайиши эса ўз навбатида юрак-қон томир патологиялари ва Альцгеймер касаллигига олиб келади.

Альцгеймер касаллигида нейронларнинг кўриниши.
Фото: Health issue

C ва E витаминлари асаб тизими ва миянинг тўлиқ ишлашини таъминлаб туради. Бош миянинг C витаминига бўлган эҳтиёжи жуда юқори бўлиб, қон плазмасида мия ҳужайраларига қараганда 200 баравар камроқ учрайди. C витамини организмда яллиғланиш жараёнларини бартараф этади ҳамда ва нейродегенератив касалликларни, жумладан, Альцгеймернинг олдини олади.

Е витамини бош миянинг когнитив функциялари — фикрлаш, эслаш, қарор қабул қилиш кабилар учун жавобгардир. Бош мия тўқималаридаги моддалар алмашинуви жараёнига эса фосфор, калций, магний, цинк, мис, марганец каби микроэлементлар таъсир қилади. Уларнинг барчаси занжирдек бир-бирига шунчалик боғлиқки, бир элементни иккинчисида устун қўйиш хатодир.

Бугунги кунда Альцгеймер касаллиги фақат кексаларда эмас, балки меҳнатга лаёқатли инсонларда ҳам учрамоқда. Унинг асосида ҳужайралардаги калсий алмашинувининг бузилиши ва генетика ётади. Шунга қарамай, ирсият билан боғлиқ мазкур касалликка чалинмаслик мумкин. Бунинг учун ижобий фикрлаш, стрессли вазиятлардан қочиш, тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланиш ва тўлиқ уйқуни таъминлаш кабиларга амал қилиш лозим”, — дейди эндокринолог Павлова.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.