Оролбўйи ҳақида қисқасини айтганда — Умид бор!

Улашиш:

Орол денгизининг қуриган тубида қандай жараёнлар содир бўлмоқда? Ушбу ҳудудларга экилган саксовуллар униб-ўсдими? Улар теварак-муҳитга қандай таъсир кўрсатмоқда? Бугунги Оролбўйи ҳақида умидли қарашлар борми? Тупроқшунос, биология фанлари доктори Галина Стулина тупроқшунослик касбини танлаш сабаблари, Оролбўйи деганда қайси ҳудудлар тушунилиши, Оролқум чўлига уюштирилган экспедициялар ва ушбу ҳудудларнинг истиқболлари, аёлларнинг фандаги муваффақиятлари асослари ҳақида.

Бугунги Оролбўйи ҳақида у айнан икки сўзни айтади — УМИД БОР, қуриб қолган Орол денгизи туби ҳақида сўзлаганда эса қимматбаҳо топилмалар ва кашфиётларга тўла оламга шўнғийди. БМТТД Ўзбекистон ахборот хизмати «Газета.uz»га тупроқшунос, биология фанлари доктори Галина Стулина билан Оролбўйи, у ерга амалга оширилаётган экспедициялар ва бошқалар ҳақидаги интервьюни тақдим этди.

Оролбўйи ҳақида

— Оролбўйи, аслида, бу — Орол денгизига ёндош бўлган барча ҳудудлар. Ҳавза кўламида эса — Орол денгизининг бутун ҳавзасидир. Лекин ҳозирги вазиятда биз фақат аҳоли жойлашган, маданийлашган шаҳарлар, овуллари бор бўлган яқин Оролбўйини назарда тутамиз. Унинг фаровонлиги, биринчи навбатда, сув билан таъминланганликка боғлиқ. Бу эса йилнинг қанчалик сувли бўлишига боғлиқдир. Умуман олганда эса, дарё юқорисидан сувни олишга боғлиқ.

Лекин Оролбўйи ноёб табиий тузилма, янги чўл бўлмиш денгизнинг қуриган туби каби ҳавфли қўшни борлигини ёдда тутиш лозим. Чўл экан, бу эса чўлланиш демакдир. Қурғоқчиликнинг таъсири анчагина катта. Шимоли-шарқий шамол Мўйноқни босаётган чанг, туз ва қумни келтиради. Орол тузини Арктикада ҳам топишгани ҳақидаги хабарлар бор.

Ҳозирги экспедициянгизнинг ташкил этилиши тарихини билишни истардик: қачон биринчи маротаба Оролга келдингиз, ўшанда кўз олдингизда қандай манзара намоён бўлганди?

Оролга биринчи маротаба 1995 йилда исроиллик мутахассислар билан келгандим. Ўшанда юлғунни дарахт деб танлаш ғояси бор эди, лекин биз унинг бута эканлигига тадқиқ этгандик. Бундай дарахт Исроилда ўсади ва у жуда ҳам қиммат ёғоч ҳисобланади. Мен Амударё ёқалаб Нукус-Мўйноқ йўлидаги сафаримизни ҳозиргача эслайман, Мўйноқнинг ўзини эслаб тураман, у ҳам ўчмас таассурот қолдирди. Менга бу йўлнинг ниҳояси, айтиш мумкинки, дунёнинг охиридек туюлганди. Аммо ўшанда денгизгача етиб боролмадим.

Иккинчи маротаба 2005 йилда Германиянинг техник ҳамкорлик бўйича агентлиги томонидан ташкил этилган экспедиция билан бордим. Вазифамиз 30 минг гектар денгизнинг қуриган туби ҳудудида экилган саксовул кўчатларини баҳолашдан иборат эди. Таъкидлаш жоизки, бизнинг ўрмончиларимиз учун намуна сифатида бўлиб қолган бу кўчатлар ҳозиргача яхши сақланиб қолган. Биз деярли юз фоизли униб-ўсиб чиқишни ва кўчатлар ҳолати жуда ҳам яхши эканлигига гувоҳ бўлдик. Ўшанда экспедиция Акпеткадан бошланди. Акпетка — бу собиқ кўллар тизими, қуриган денгиз тубининг шарқий қисми. Жудаям қизиқарли ҳудуд. У ерда ороллар ва, афсуски, қуриб бораётган кўллар бор. Кейин эса биз Мўйноқнинг Жилтирбас кўрфазига қўшни бўлган қисмини ўргандик. Яъни тубнинг бутун ҳудудини қамраб олдик.

Экспедицияни бошқариш қийинми?

Экспедицияларда мен доимо ёлғиз аёл эдим, айтиш лозимки, экспедиция қайсидир маънода бир оиладир. Агар у оила, дўстлик, жамоа бўлмаса ишлаш жуда ҳам қийин. Барча бир-бирига ёрдам берар, қўллаб-қувватларди, шунинг учун ҳам жамоани бошқариш менга унчалик қийин бўлмади.

Охирги экспедициялар БМТТДнинг мадади билан амалга оширилди. Иш жуда ҳам яхши ташкил этилганди ва мониторингни ўтказишимиз енгил бўлди. Мутахассисларимиздан ташқари биз билан олдинлари экспедицияларда ишламаган экспертлар ҳам жалб этилди. Биз деярли беш минг километр масофани босиб ўтишга ва йўналишимиздаги икки мингдан ортиқ нуқтани таърифлашга муваффақ бўлдик.

БМТ Бош Ассамблеясининг 75- сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилишни таклиф этди. Ташаббус глобал миқёсда қўллаб-қувватланди ва жорий йилнинг май ойида БМТ Бош Ассамблеясида бир овоздан тегишли резолюцияни маъқулладилар. Шу билан бирга, қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун экологик фалокат ҳудудининг ҳозирги аҳволи, у ерда юз бераётган ўзгаришлар ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш керак. Шу муносабат билан, БМТТД БМТнинг Ўзбекистондаги Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича Кўпшериклик траст фонди молиялаштираётган ЮНЕСКО билан биргаликдаги «Барқарор қишлоқ ҳудудлари ривожланишини қўллаб-қувватлаш орқали Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигининг долзарб муаммоларини ҳал қилиш» Қўшма дастури доирасида 2019 йилнинг кузида ва 2020 йилнинг баҳорида Марказий Осиёнинг давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси Илмий-ахборот марказининг иккита экспедициясини қўллади. Қуриган денгиз туби ҳолатини мониторинг қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқаро инновацион марказ вакиллари ҳамда экология, тупроқшунослик, гидрогеология, дендрология, ботаника соҳасидаги ва ГИС мутахассислари жалб этилди. Тадқиқ қилинган ҳудуд Чинкдан Акпетканинг орол тизимигача ва сув кесмасидан то денгизнинг тарихий белгисигача бўлган 1,2 миллион гектарни қамраб олди.

Экспедицияни ташкил қилиш узун жараён, барча нарсани обдон ўйлаб чиқиш лозим. Чунки ҳудуд катта, шунинг учун бир неча тўхташ жойларини ўрнатишга мажбур бўлдик. Мўйноқ қисмида бизда уларнинг тўртта ёки бештаси бор эди. Озиқ-овқат масаласини ўзимиз ҳал қилардик, аммо бу гал 14 нафардан иборат бўлган катта гуруҳ эдик ва ўзимиз билан ошпазни олиб кетишга тўғри келди. Ҳар куни эрта билан биз машиналарга ўтирардик, олдиндан режалаштирилган йўналишда кетардик. Айтганча, йўналишларни белгилашда космик фотосуратлардан фойдаланилади. Улар қайта ишланади, назорат қилинмайдиган тавсифлаш ўтказилади ва юза бўйича йўналишлар шундай танланадики, улар тупроқ ости сувлари даражасини, ўтқазилган дарахтлар, яъни ўрганишимиз учун қизиқарли бўлган барча объектлар ва ҳудудларни қамраб олиши лозим бўлади.

Мана шунда энг қизиқарлиси бошланди. Ҳар биримиз атрофимиздаги ҳудудни, ўсимликлар, ландшафт, тупроқ қопламалари ўзгаришини диққат билан ўргандик. Бирон бир қизиқарли нарса кўриб қолсак, машиналаримиз тўхтарди ва биринчи бўлиб майдонни тадқиқ қилиш учун ГИСчилар чиқишарди. Уларнинг вазифаси нуқтани, координаталарни аниқлаш, тўрт томонни суратга олиш ва мен йирмочни қайта ишлашимни кутишдан иборат эди. Одатда йирмоч 2,5 метр чуқурликда бўларди, лекин бизнинг ҳолатда бундай чуқурликда ерости сувлари ўтарди, шунинг учун бизнинг йирмоч, одатда, 1,5−1,8 метр чуқурликда бўларди. Пичоқ билан қуроллангач, ўрнатилган йирмочдаги зинапоялардан пастга тушардим ва тушаётган чоғимда тупроқнинг генетик горизонтларини ажратиб ўтардим. Зарар етказмасдан ва бошқалари билан аралаштириб юбормаслик учун тубдан намуналар олардим. Иккита экспедицияда бундай йирмочлар 56та эди. Бунинг учун кўп вақт кетарди. Бу орада экспедициянинг бошқа иштирокчилари (геоботаниклар, гидрогеологлар, дендрологлар) тадқиқот учун ўз ускуналарини рўйхатдан ўтказдилар. Бошқа нуқталарни биз бошқа мутахассислар билан ўргандик, мен фақат юзанинг ташқи кўринишини белгилардим. Ҳар бир йўналишни у нуқтадан бу нуқтагача батафсил тавсифлардик. Кечки пайт бу ахборот йиғилар ва битта умумий жадвалда қайд этиларди.

Ҳудуд катта — иккита экспедиция мобайнида 1200 километр йўл босиб ўтилди, умумий босиб ўтилган йўл беш минг километрга яқинни ташкил этди. Аммо жудаям қизиқарли эди. Масалан, дендрологларни ўсимликлар ҳолатига назар солиш, саксовул қанчалик яхши ўсаётгани қизиқтирар эди. Биз саксовул касаллигини, баъзи жойларда чигиртка ва бошқаларни сезиб қолдик. Геоботаниклар доривор ўсимликларни топишди. Ҳар бир мутахассис ўз ихтисоси бўйича қандайдир муҳим нарсаларни аниқларди, кейинчалик буларнинг барчаси бир жойга тўпланар ва биз бу ердаги бор нарсаларнинг умумий тасаввурини олардик.

Кузги экспедиция даврида анчагина совуқ эди. Бошқа томондан, коронавирус бўйича пандемия туфайли баҳорги экспедиция кечиктирилган ва ёзда, июнь ойида ўтказилганди, яъни анчагина жазирама эди, экспедиция анчагина қийинчиликлар билан ўтди. Барҳанлар жуда ҳам кўп, қум жуда ҳам кўп. Шунга қарамасдан ишларимиз натижаси кўнгилдагидек бўлди.

Галина Стулина қайд этганидек, 2005 йилдан то 2011 йилгача Марказий Осиёнинг давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссиясининг Илмий-ахборот маркази халқаро ташкилотлар билан биргаликда мажмуавий экспедициялар ўтказди, шу жумладан, космик фотосуратлар тадқиқотларидан фойдаланган ҳолда тупроқ, гидрогеологик ва геоботаник тадқиқотлар олиб борилди. Бу галги экспедициялар ўша вақтдаги сунъий йўлдош суратларини қайта таҳлил қилиш усулларини аниқлаш, ГИСнинг мавзули ҳудудий ҳариталарини тайёрлаш, охирги 10 йил мобайнида ландшафтлар таснифи ва хатар ҳудудларидаги ўзгаришларни таққослаш имконини берди. Олинган маълумотлар қуриган тубдаги табиий ландшафтларни шаклланиши бўйича жараёнларни ўрганишдек ноёб имкониятни олимларга тақдим этади. Батафсил ахборот ва экспедициялар иши бўйича хулосалар 2021 йилда рус ва инглиз тилларида чоп этилган «2019−2020 йилларда қуриган денгиз туби мониторинги» номли китобда келтирилган.

Бироқ биз ҳали 1,5 миллион гектарни қамраб ололмадик. Ҳозирги вазифамиз — маблағ топиш, ишни якунлаш. Шу билан бирга, геоахборот тизимини яратишни режалаштирмоқдамиз. Биз, шунингдек, ўрмончилар билан кенг ишламоқдамиз, олинган натижаларни биргаликда қўллаш имкониятларини муҳокама қилмоқдамиз, чунки денгизнинг қуриган тубидаги энг муҳим иш — бу кўчатларни экиш. Ўрмон хўжаликлари вакиллари қаерда кўчат экишни белгилашади, биз эса ҳудуд ҳақидаги ахборотни тақдим этамиз.

Денгизнинг қуриган тубининг геоахборот тизими Оролбўйида экологик инновациялар ва технологияларни жорий этиш бўйича барча келгуси ишларнинг ишончли асоси бўлади ҳамда ўрмон хўжаликлари вакиллари учун ҳар доим керак бўладиган воситага айланади.

2020 йилда БМТТД Орол денгизининг қуриган тубидаги 150 гектар ҳудудда кўчатлар ўтқазиш ва 49 гектар майдонда кўчатларни етиштириш бўйича питомникларни яратиш учун Қорақалпоғистондаги Тахтакўпир давлат ўрмон хўжалигининг техник ва институционал салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмак кўрсатди. Денгиз тубини кўкаламзорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар маҳаллий ерлар мустаҳкамлигини яхшилайди ва уларнинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширади.

Оролбўйи ҳудудидаги вазиятни қандай қилиб ўзгартириш мумкин?

Денгизнинг қуриган туби тупроқшунос нуқтаи назаридан ноёб табиий тузилмадир: унда бир вақтни ўзида ниманингдир емирилиши юз беради ва, аксинча, қандайдир янги нарсанинг пайдо бўлишини кузатиш мумкин. Бу яшаш учун курашаётган қандайдир «тирик тана"дир. Тўрт минг гектардан кўп бўлган ҳудудда ўзини ўзи тиклаш жараёни рўй бермоқда. Тупроқ таркиби ҳам доимо ўзгариб боради: денгиз бўйича нам шўрхок ерда саксовул 10 йил ўсганидан сўнг чўл-қум тупроғи юзага келади. Фан нуқтаи назаридан бу ҳам жудаям қизиқ, нафақат амалиёт нуқтаи назаридан, балки, масалан, денгизнинг қуриган тубидан фойдаланиш ёки экологик мувозанатни ўрнатиш учун ҳам. Чунки шимоли-шарқий шамол қум, туз, чангни Мўйноққа ва ундан узоқроққа етказади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ҳатто Арктикада ҳам Орол тузини топишаётган экан. Қорақалпоғистонда маҳаллий аҳолида кўп ҳолларда кўз, ўпка касалликлари учраб туради ва шу боис, албатта, қумли тубни мустаҳкамлаш учун шароит яратиш лозим.

Ундан ташқари, сув режими умуман тартибга солинмаган. У ерда бир неча ветландларимиз, балиқчилар кўрфази, Мўйноқ кўрфази бор. Сув кўп келадиган йилларда сув ҳавзалари тўлиб-тошади ва саксовул нобуд бўлиши юзага келади. Саксовул ўрнига юлғун сақланиб қолади. Келгуси йили қурғоқчилик бўлади, сув йўқ, юлғун қуриб қолади, саксовул ҳам бўлмайди. Денгизнинг қуриган тубида сув ресурсларининг аниқ бошқарувини йўлга қуйиш керак, акс ҳолда бу сув фойда келтирмайди, у, аксинча, салбий таъсир кўрсатади. Худди шу ҳол нефтчилар ва газчиларда ҳам учрайди: сув уларга ҳалақит беради, сувни қудуқдан четлаштиришади ва уни керак бўлмаган томонга йўналтиришади. Бундай дисбаланс сув режимини бузади. Бу ерда кўплаб саволлар бор, уларни ҳал қилиш керак, уларнинг барчаси бир-бирига боғлиқ. Шунинг учун биз Акпеткага экспедицияга катта умид қилмоқдамиз.

Агарда тавсияларингизга қулоқ солинса, Орол денгизининг истиқболи қандай бўлади?

Оролбўйи ҳақида иккита сўз айтишим мумкин: «Умид бор». Мана шу иккита сўз ҳозирги кунда Оролбўйига тааллуқлидир. Чунки ҳозиргача бўлган Оролбўйи, бу — умуман бошқа Оролбўйидир. Албатта, Президентга катта ташаккурлар билдириш лозим. У Оролбўйини инновациялар зонасига айлантириш ҳақида биринчи маротаба қарор қабул қилди ва буни амалга оширди. БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди ташкил этилди, ҳозирда бу йўналишда катта ишлар бажарилмоқда. Шунинг учун ҳам аниқ умид бор. Олиб борилаётган ишлар давом эттирилиши учун доимийлик бўлишини хоҳлардим. Айни дамда у ерда бошланган ишлар келажак учун асос бўлмоғи керак ва қандайдир барқарорлик бўлмоғи лозим. Мана шунинг учун ҳам умид бор.

Шу ўринда, тупроқшунос-агрокимё мутахассиси каби анчагина ноёб касбни танлашингизга нима таъсир қилди? Ким сизни унга қизиқтирди, қўллаб-қувватлади?

— Ота-онам қишлоқ хўжалиги институтининг ўрмон хўжалиги факультетини тугатишган. Уруш вақтида онам Россиядан келди ва бутун умр Сўқоқдаги тоғларда ишлади. У ўрмон мелиоратори, Ўзбекистонда биринчи лалми боғни барпо қилган. Отам Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ишларди, тез-тез экспедиция ва иш сафарларига бориб турарди. Мен бундай ҳаётга кўникиб қолгандим. Ўзим Тошкентдаги математикага ихтисослаштирилган 18-мактабни тугатдим, кейин ўша вақтда машҳур бўлган физика факультетига ўқишга кирдим. У ерда ўқиш менга ёқмади, шунинг учун ярим йилдан кейин, айнан зилзила бўлган йили тупроқшунослик институтида, анчагина таниқли тупроқшунос-эрозионист Виниамин Борисович Гусак лабораториясида ишлай бошладим. Яна ярим йилдан сўнг М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетига ўқишга кириш учун Москвага йўл олдим. Тупроқшунослик факультети, тупроқ физикаси ва мелиорацияси кафедрасини тугатиб, Тошкентга қайтиб келдим. Кейин аспирантура, МДУда диссертацияни ёқладим. Фаолиятим сув, тупроқ, моделлаштириш билан боғлиқ. «Постдок» гранти бўйича Португалиянинг Лиссабон шаҳрида илмий ишимни тайёрладим. Сув истеъмоли ва иқлимнинг сув истеъмолига таъсири масалаларини бирга ўрганган ҳамкасбим айтганидек, мен «ўзини илм олишга бағишлаган машина» эканман. Мен бу йўналишда жудаям кўп ишладим, лекин муҳаббатим — бу Орол!

Ўз тажрибангизга асосланган ҳолда илм оламига кириш учун йўл олишни бошлашни истаётган қизлар, аёлларга нималарни тавсия қилардингиз?

Битирувчиларимнинг ҳаммаси ҳам бу касбда қолмаганларини биламан, лекин мен ўз касбимни севаман. Бу — менинг ишим. Қайси ишни олманг, ҳаммаси тупроқшуносликка бориб тақалади. Экспедицияга борган вақтларимда мен ҳамма нарсани унутаман. Тўлиқ ишимга шўнғиб кетаман. Ишимдан бошқа ҳеч нарсани сезмайман. Борлиғим билан унга киришиб кетаман. Менинг кўриш хотирам жуда яхши. Масалан, борган жойларимдаги қуриган ерларнинг барчасини тўлиқ тасаввур қила оламан. Мен йирмочга тушганимда у ерда қандайдир тирик нарсаларни кўргандек бўламан, яъни мен уни ҳис қиламан. Шунинг учун фан билан қандай шуғулланиш мумкинлиги ҳақидаги саволга фақат бир неча маслаҳат беришим мумкин, чунки ҳар ким фанга турлича киради. Кўп нарса мутахассисликка боғлиқ. Менинг мутахассислигим, масалан, барча жойда керак бўлади — бу бошқа иш. Агарда инсон ўз жойида ишласа, ҳеч қаерга кетиб қолмаса, бу умуман бошқа. Мен шундай қила олдим ва меникидек мутахассисликка эга бўлганларга уларни қўллайдиган ишончли тиргак бўлиши керак. Агарда ҳаётда сени ҳеч ким қўлламаса, менимча, ўз ишига киришиб кетишингнинг умуман имкони бўлмайди. Аёл болалари учун, оиласи учун хотиржам бўлиши керак. У болани қандайдир майдонларга етаклаб бориши керак эмас. У фақат ўз иши ҳақида ўйлаши, ишидан роҳатланиши керак.

Исталган одамга фанда яна нима керак? Жаҳд керак. Ишда ёниш керак. Аёллар учун эса, менимча, энг муҳим тавсия қуйидагича — интилиш. Аёл ҳар бир ҳолатда, ҳар бир касбда, айниқса фанда интилиши зарур. У ўзига ишониши лозим, у олима, шахс эканлигини билиши лозим ва уни ҳурмат қилишлари керак. Марра, бу — номзодлик ёки докторлик диссертациясини ёқлаш эмас, бу жамият ва ижтимоий мавқе талаб қилувчи иккиламчи, марра янада кўпроқ ижод қилишдадир.

Фан билан шуғулланиш, бу — бошингда ғоялар ва ишчи гипотезалар шакллана бошласа, уларни албатта текширишинг лозим, акс ҳолда ҳаловат бўлмайди. Ҳаётингдаги оила, фарзандлар ҳурсандчилик келтиради, лекин фақат ўзингга, миянгга, фикрингга тегишли бўлган нарсалар ҳам бор. Аёл учун ҳаётда ҳамма нарсага эришиш учун фанни ўрганиш яхши ташкил этилмоғи керак.

Ҳа, бу осон эмас. Лекин уни амалга оширишни билиш лозим. Буни ўзимдан биламан. Шунинг учун мустаҳкам тиргак ва оилада ўзаро тушуниш бўлмоғи лозим. Ҳамда қизиқиш, ҳаётдаги барча нарсаларга қизиқиш, завқ олишни билиш. Бу қизиқиш эса атрофингдагиларга ҳам юқадиган бўлиши керак.

Фан томон йўл, фан билан шуғулланишни бошлаш, бу, албатта, таълим. Таълими йўқ фан билан шуғуллана олмайди. Яна фаолиятни муваффақият билан танлаш, уни қидиришдан қўрқмаслик, нотўғри йўлдан воз кечишдан чўчимаслик ва ёки бошқа иш, кўнгилдагисини топиш. Яхши кўрилмаган иш билан фанда муваффақиятга эришиб бўлмайди.

Муаллиф ҳақида. Стулина Галина Владиславовна, тупроқшунос, биология фанлари доктори, кўплаб ҳудудий ва халқаро лойиҳалар иштирокчиси, Орол денгизининг қуриган тубида ўтказилган камида ўнта экспедиция раҳбари, уларни охиргиси Ўзбекистондаги БМТ тараққиёт Дастурининг мадади билан амалга оширилди. У ўз фаолияти давомида БМТ Тараққиёт Дастури қизлар ва йигитлар учун тенг таълим олишни таъминлаш, аёллар ва ёшларга фанда қулай шароитларни яратиш учун Ўзбекистонда гендер тенглиги асослари ва тамойилларини илгари суришда кўмак бериб келмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.