Хитой тажрибаси асосида камбағалликдан чиқариш дастури (йўл-транспорт ва бошқа инфратузилмани яхшилаш бўйича) Ўзбекистоннинг 14 туманида, жумладан, Тошкентнинг Чилонзор туманида ҳам амалга оширилади. 2024 йилдан бошлаб ушбу дастур бутун республика бўйлаб жорий этилиши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев 15 май куни ўтказган йиғилишда Хитой тажрибаси асосида камбағалликдан чиқариш бўйича дастур амалга ошириладиган туманлар номи маълум қилинди. Мазкур режа борасида бир неча кун аввал хабар берилганди.
Қайд этилишича, камбағалликни қисқартириш бўйича Хитойда тажриба катта. Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудуди учун ишлаб чиқилган дастурда асосий эътибор камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга қаратилади.
Йиғилишда энди ҳар йили тасдиқланадиган давлат инвестиция дастурлари ҳам шу асосда шакллантирилиши белгиланди.
Президент бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири Беҳзод Мусаев, иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиевга бир ой муддатда танлаб олинган 14 та туманни камбағалликдан чиқариш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш вазифасини топширди. «Ўзбекистон 24» телеканали хабарига кўра, булар қуйидагилар:
- Қорақалпоғистоннинг Бўзатов тумани;
- Андижон вилояти Пахтаобод тумани;
- Бухоро вилояти Вобкент тумани;
- Жиззах вилояти Дўстлик тумани;
- Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани;
- Навоий вилояти Навбаҳор тумани;
- Наманган вилояти Чуст тумани;
- Самарқанд вилояти Булунғур тумани;
- Сирдарё вилояти Ховос тумани;
- Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани;
- Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани;
- Фарғона вилояти Ёзёвон тумани;
- Хоразм вилояти Урганч тумани;
- Тошкент шаҳри Чилонзор тумани.
«Агар биз Хитой тажрибасини якунига етказиб амалга оширсак, келгуси йил уни бутун республика бўйлаб жорий этамиз», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев йил якунига қадар Ўзбекистонда Хитой қишлоқ хўжалигидан 10 та юқори даромадли лойиҳани татбиқ этиш вазифасини қўйди. Хитой марказлари билан ҳамкорликда 9445 нафар ҳоким ёрдамчиларини алоҳида ўқитиш, улардан яхши натижага эришган камида 200 нафарини Хитойга амалиёт ўташ учун юбориш режа қилинмоқда.
«Жуда катта маблағлар беряпмиз. Энди ундан тўғри фойдаланиш керак», — деди президент.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастури амалга оширилиши хабар қилинганди. Дастурга 2023−2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади. Унда иштирок этадиган тадбиркорларга алоҳида имтиёзлар берилади.