Ҳар вилоятнинг бир тумани Хитой тажрибаси асосида камбағалликдан чиқарилади

Улашиш:

10 май куни Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва бандликни ошириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, камбағалликни қисқартириш бўйича Хитойнинг тажрибасини ўрганиш ва янги ёндашувларни ишлаб чиқиш учун яқинда Ўзбекистон делегацияси Хитойда бўлиб қайтган. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига у ердан экспертлар жалб қилинган.

Энди Хитой тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда биттадан туманни камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши белгиланган. Бунда камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга эътибор қаратилиши қайд этилган.

Бош вазир ўринбосарига бунинг учун зарур инфратузилма масаласини ҳал қилиш вазифаси юклатилган.

Айтилишича, жорий йилда оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидиялар ажратилаяпти. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш бўйича 37 турдаги субсидиялар мавжуд. Лекин уларни ажратиш шартлари оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, лойиҳанинг ўзини ўзи оқлаш муддатидан қатъий назар, барча учун деярли бир хил. Шу боис кредит ва субсидияларни ҳар бир камбағал оилага алоҳида ёндашув асосида тақдим этиш таклифи билдирилган.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигини халқчил тизимга айлантириш, 100 дан ортиқ ижтимоий хизматларни бевосита маҳалланинг ўзида йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.