Иван Бошкович: "Бунёдкор" мен кутгандан анча яхши ўйнади"

Улашиш:

Coca Cola Суперлиганинг 14-туридан ўрин олган "Бунёдкор" - "Сўғдиёна" учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Иван Бошкович матбуот анжуманида қатнашди.

- Бугунги учрашув ҳақидаги фикрларингиз?

- Ўзингиз кўрдингиз, ўйин жанговар руҳда ўтди. Биринчи таймда анча чиройли футбол кўрдик. Тўғрисини айтсам, "Бунёдкор" мен кутгандан анча яхши ўйнади. Улар тўпни назорат қилишди. Мен "Бунёдкор"нинг кучсиз тарафларини биламан ва "қалдирғочлар" таркибидаги футболчиларни ҳам яхши танийман. Биринчи гол уриб олганимиз бизга анча катта фойда бўлди. Сифатли ўйин намойиш этиб, ғалаба қозондик. "Бунёдкор"га омад тилайман.

- Ўзингизнинг эски жамоангизни мағлуб этдингиз. Бу учрашув сиз учун принципиал аҳамиятга эгамиди?

- Оддий ўйиндек ўтди. Ўйинга қадар кўпчилик шу нарсани эслатди, лекин мен ҳар доимги ўйиндек тайёргарлик кўрдим. Албатта, уч йил ишлаган жамоамга қарши ўйнаш ғалати бўлди, бироз бошқача эмоцияларни ҳис қилдим. "Бунёдкор" ўйинларини кузатиб бораман ва уларга мухлислик қиламан.

- Янги футболчиларнинг ўйинига баҳо бериб ўтсангиз?

- Трансферлар ойнасида кўпроқ ёш футболчилар билан шартнома имзоладик ва битта легионерни ўз сафимизга қўшиб олдик. Икки нафар футболчи эса ижара асосида. Ёш футболчилар ўсишга эриша олади ва келажакда "Сўғдиёна"га кўп ёрдам беришади.

- Лупче Дориевнинг ўйинини қандай баҳолайсиз. У биринчи таймда анча фаол эди, лекин иккинчи таймда бироз чарчаб қолгандек.

- Мен у футболчини январдан бери кузатиб бормоқдаман. Лупче билан бир ярим йиллик шартнома имзоладик. Унга ишонаман ва адаптация жараёнидан ўтиб олганидан сўнг, у ўзининг энг яхши ўйинларини кўрсатади деган умиддаман.

- Черногориялик легионер "Сўғдиёна"га келишидан аввал Черногориянинг иккинчи дивизионидаги клубда ўйнаган ва унинг собиқ клуби ушбу мавсум учинчи дивизионига тушиб кетди. Жамоага ярим профессионал футболчини қўшиб олишдан мақсадингиз нима?

- У менинг тарбияланувчим ва мен уни келажак учун жамоага қўшиб олдим. У ҳали ёш ва келажакда "Сўғдиёна"да ўйнаб кета олади.

- Трансферлар ойнасида сиз истаган барча позициялар кучайтирилдими?

- Ҳа, мен футболчилар билан ишлашни ёқтираман. Менинг футбол услубимга мос тушадиган футболчиларни қидираман. Биз қўйиб юборган тўртта футболчи жамоа услубига мос тушмаслиги сабаб жамоани тарк этишди. Янги футболчиларни ҳам шу сабабдан жамоага олиб келдик.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.