Тадбиркорларга 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга кредит берилади

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўткан йиғилишда чарм-пойабзал саноатига ихтисослашган 16 та кичик саноат зонаси ташкил этилиши белгиланди. Ушбу ҳудудларда инфратузилма барпо этиш учун бюджетдан 90 миллиард сўм ажратилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни чарм-пойабзал саноатидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда соҳани тизимли ривожлантириш мақсадида маҳаллаларда чорва молларини сўйиш ва терини йиғиб олиш бўйича кичик мобиль хизматларни йўлга қўйиш, бунинг учун имтиёзли кредитлар ажратиш зарурлиги айтилди.

Мутасаддилар жорий йилда амалга оширилиши мўлжалланган жами 421 миллион долларлик 248 та лойиҳа тўғрисида маълумот берди. Давлатимиз раҳбари корхоналарни ўз вақтида ишга тушириш, шу билан бирга, янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, бунда маҳаллийлаштириш ва замонавий моделларни ўзлаштиришга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.

Нукус, Олтинкўл, Шаҳрихон, Жондор, Наманган, Ургут, Самарқанд, Ангор, Оҳангарон ва Ҳазорасп туманлари, Наманган, Марғилон, Қўқон, Жиззах, Қарши ва Нурафшон шаҳарларида шу тармоққа ихтисослашган 16 та кичик саноат зонаси ташкил этилиши белгиланди. Ушбу ҳудудларда инфратузилма барпо этиш учун бюджетдан 90 миллиард сўм ажратилади. Ускуналар харид қилиш учун тадбиркорларга 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга кредит берилади. Умуман, соҳани қўллаб-қувватлашга жорий йилда 60 миллион доллар имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилади.

Бундан ташқари, Қўқон ва Марғилондаги анъаналар асосида, барча ҳудудларда косибчилик ривожланган маҳаллаларни танлаб, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Уларга оилавий тадбиркорлик ва уй-жой дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар ҳамда солиқ имтиёзлари берилади.

Қайд этилганидек, бу йил чарм-пойабзал маҳсулотлари экспортини 500 миллион доллар, келгуси 3 йилда 1 миллиард 200 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

- Бу жуда катта марра, - деди Президент. - Бу мақсадга эришиш учун бозор ҳам бор, катта миқдорда хом ашё ҳам бор, талабгор ҳам бор. Фақат бунинг учун тадбиркорларга барча шароитларни яратиб бериш керак.

Шу мақсадда аввал берилган солиқ ва божхона имтиёзлари 2026 йилгача узайтирилиши белгиланди. Шунингдек, чет эллик мутахассисларни жалб этиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Чет элларда улгуржи омбор ва савдо уйлари ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди, бунинг учун хорижий валютада 3 йилга 4 фоизлик кредитлар ажратилиши белгиланди.

Бугунги кунда юртимизда ишлаб чиқарилаётган чарм маҳсулотлари ҳажмида аёллар пойабзали улуши 23 фоиз, болалар пойабзали 8 фоизни ташкил этади, холос. Шу боис бу йўналишни ҳам солиқ имтиёзи орқали рағбатлантиришга кўрсатма берилди.

- Энг катта масала - мутахассис етишмаслиги. Шунинг учун барча ҳудудлар бу борада аниқ режа қилиб, жойларда кадрларни ўқитиш тизимини йўлга қўйиши керак, - деди Президент.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида замонавий Ўқув-ишлаб чиқариш лабораторияси ташкил этиш, хорижда мутахассислар малакасини ошириш, ўрта бўғин ишчиларини тайёрлаш бўйича вазифалар белгиланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.