Президент сув таъминоти оғир ҳудудларни санади

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда аҳоли томорқаларида энг катта муаммо — сув таъминоти бўлаётганини айтиб ўтган.

«Мисол учун, Қашқадарёдаги 65 минг гектар томорқадан 24 минг гектарида сув муаммо. Бунинг сабаби — туман ҳокимлари сув тармоқларини тиклаш, қудуқлар қазиш, ариқ ва зовурларни тозалаш ишларини вақтида лозим даражада бажармаган», деган давлат раҳбари.

Шу муносабат билан мутасаддиларга:

  • экин турлари жойлашувидан келиб чиқиб, аҳоли томорқаларини суғориш учун 4 миллиард куб метр сувни тақсимлаш;
  • ҳар бир маҳалла кесимида ариқ очиш, тозалаш, тармоқларни тиклаш бўйича графикни тасдиқлаб, ишларни бошлаш топширилган.

Бу ишлар учун республика бюджетидан 50 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан яна 50 миллиард сўм йўналтирилади. Шу билан бирга, Қўшработ, Нуробод, Конимех, Пешку, Чироқчи, Жарқўрғон, Бойсун, Оҳангарон, Ғаллаорол, Фарғона каби туманларида сув таъминоти оғир маҳаллаларда қудуқ қазиш ва насос ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплашга бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, Сув хўжалиги вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга 1 октябрга қадар:

  • 4,5 минг километр суғориш тармоқларини тозалаш ва 231 километрини бетонлаш;
  • 3 мингта гидротехник иншоотни таъмирлаш;
  • 3,5 мингта насос ўрнатиш, 490 километр насос қувурларини таъмирлаш ва 281 та қудуқ қазишни таъминлаш топширилган. Ушбу мақсадлар учун 300 миллиард сўм маблағ босқичма-босқич ажратилади.

«Ўтган йили декабрь ойида 2022 йил учун тижорат банкларига 2 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари берилган эди. Бироқ бугунги кунга қадар тижорат банкларига киритилган 790 миллиард сўмлик талабномадан атиги 53 фоизи, айрим ҳудудларда эса 25-30 фоизи молиялаштирилган холос», деган президент.

Айтилишича, маҳсулот етиштиришни молиялаштириш бўйича қўшимча янги тизим жорий этилади. Бунда маблағлар Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан йиллик 10 фоиз ставкада Боғдорчилик агентлигига бир йилга берилади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.