Марҳум эрининг ўлими учун товон пули, болаларига нафақани ололмаётган аёл кимга мурожаат қилсин?

Улашиш:
Жиззах шаҳар Сайҳон маҳалласида ижарада яшаётган Гулчеҳра Эшбекованинг турмуш ўртоғи Одил Эшбеков 2022 йил 1 декабрда «Янги Ўзбекистон» массиви қурилишида битмаган кўпқаватли бинонинг 7-қаватидан тушиб кетиб, фожиали равишда ҳалок бўлган. Аммо шу пайтгача марҳум учун товон пули ва вояга етмаган 3 нафар фарзанди учун нафақа пуллари қурилиш фирмаси «AGROMIR BUILDINGS» томонидан ҳам, суғурта ташкилоти «APEX INSURANCE» томонидан ҳам тўлаб берилмаяпти. Оилабоши Г.Эшбекова соғлигини йўқотган.
Бу борада ўтказган суриштирувимиз тафсилоти билан қуйидаги видеода танишасиз.
Шу ўринда ҳуқуқ посбонлари, хусусан, прокуратура ва суд органлари  эътиборига айрим мулоҳазаларимизни билдирсак. 
Биринчидан, фожеали воқеа 2022 йил 1 декабрда содир бўлган бўлса-да, Жиззах вилоят Бандлик бош бошқармасининг бу тўғридаги Н-1 шаклидаги далолатнома 2022 йил 26 декабрда тузилгани қизиқ ва шубҳали. Ўртада ўтган 26 кун қонуний суриштирувлар учун хизмат қилганмикин ё «Агромир билдинг» масъулияти чекланган жамият томонидан нима қилиб бўлсаям товон пулини тўламасликни йўлини қилиш учун айрим ҳужжатларни сохталаштиришга керак бўлганми? 
Иккинчидан, аввалги суд мажлисларида марҳум Одил Эшбековнинг қурилиш фирмасида уста сифатида чиқарилган буйруғи сохта бўлгани учун унга суғурта тўлов масаласини ҳал қилишни рад қилган APEX INSURANCE суғурта ташкилоти Суд апелляция инстаницияси қарорида даъвогар талаблари ўзгаришсиз қолдирилганидан сўнг ҳам суғурта тўлови масаласини ҳал қилиб бермаяпти, нима учун? Суд қарорлари ижросини бажармасликка қандай асоси бор? 
Учинчидан, суғурта ташкилотининг Эшбековлар оила аъзолари фойдасига бериладиган олти йиллик ўртача иш ҳақидан иборат бўлган нафақа пулини удириш мажбурити юклатилганлигини, тўлаш мажбурияти юклатилмаганлигини, қайси ташкилотдан ундириш кўрсатилмаганлигини важ қилганини қандай тушуниш керак? 

Энг қизиғи, Суд қарорлари ижросини бажаришга масъул бўлган Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси қарздорнинг ушбу важини асосли ҳисоблаб, бу борада нафақа пулини қайси МЧЖдан ундириш керак, деган мазмунида ишни яна қайта судга оширган. 
Хуллас, марҳумнинг аёли ва унинг уч нафар фарзанди қурувчи фирма, Бандлик бошқармаси, суғурта ташкилоти, Мажбурий ижро бюроси ва суд ўртасида сарсон.

Дилмурод Абдураҳимов

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.