Ишларни назорат тартибида кўриш бекор қилинди

Улашиш:

“Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб келинган муаммоларни бартараф этиш кўзда тутилган. Тўрт босқичли суд инстанциялари ўрнига уч босқичли суд тизими ташкил этилиши натижасида назорат тартибида кўриш инстанцияси бекор қилинади. Одил судловни таъминлашда фуқароларни ортиқча оворагарчиликлардан асраш, биринчи инстанция, апелляция ҳамда кассация инстанцияси судьяларининг суд ишларини кўришда уларнинг масъулиятини ошириш, ушбу инстанцияларни ислоҳ қилиш, кассациянинг учинчи инстанция суди сифатида белгиланиши натижасида суд қарорларининг қонунийлиги, асослиги ва адолатлиги бевосита ундан норози томоннинг тўғридан-тўғри берган шикояти асосида кўрилишига эришиш, судларда ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанцияларни қисқартиришдан иборат.

Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди.

Суриштирувчи, терговчи, суд мажлиси котиби маълум бир ишда қатнашганидан сўнг кейинчалик уни қайта кўриб чиқиш учун суриштирувни, дастлабки терговни юритишда такроран иштирок этиши, шунингдек суд мажлиси баённомасини юритиши мумкин.

Эндиликда судда жиноят ишини муҳокама қилиш фақат айбланувчиларга нисбатан ва эълон қилинган айблов бўйича олиб борилади (илгари ҳақиқатни аниқлаш мақсадида – айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган бошқа шахсларга нисбатан олиб борилар эди).

Судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш эндиликда судланувчининг, унинг ҳимоячисининг, қонуний вакилининг илтимосномасига кўра ҳам амалга оширилади (илгари ушбу тартиб фақат прокурорнинг ёки жабрланувчининг, унинг вакилининг илтимосномасига кўра амалга оширилган).

 

Ғ.Ялгашев - Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг раиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.