Ўзбекистондаги масжидларда ўғрилик қилиб юрган шахс Қаршида қўлга олинди ва 7 йилга қамалди (видео)

Улашиш:

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги масжидларда ўғрилик содир этган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» ахборот дастури хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур шахс Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги масжидларда одамларнинг телефонлари ва турли буюмларини ўғирлаш билан шуғулланиб келган.

Хабар берилишича, 2019 йилнинг ёз ва куз ойларида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги масжидларда ўғриликлар содир бўлган. Намоз ўқиш учун келган фуқароларнинг телефонлари, ҳамёнлари, ҳужжатлари йўқолган. Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Фарғона вилоятларида шундай ҳолатлар юз берган.

Мазкур шахс навбатдаги ўғриликни Қарши шаҳридаги «Нава» жоме масжидида содир этаётган вақтда қўлга тушган.

Олиб борилган тадбирлар натижасида унинг шахсига аниқлик киритилган. Бу фуқаро Андижон вилоятида туғилган Ҳусниддин Камолов бўлиб чиқди. Бу фуқаро муқаддам жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди томонидан 5 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилинган, бироқ ўталмай қолган жазо муддати 3 йиллик ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг қарорига кўра, Ҳусниддин Камолов Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисмининг «а» ва «в» бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан кўп миқдорда содир этилган ўғрилик), 227-моддаси 2-қисмининг «а» бандида (паспорт, ҳарбий билет ёки бошқа муҳим шахсий ҳужжатлар ёхуд ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини қисман қўшиш орқали 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.