1 майдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар бўлади?

Улашиш:

2021 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтамиз.

IELTS’дан 7 балл олган ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилади

Ҳукумат қарорига биноан имтиҳон топшириш харажати компенсация қилинадиган халқаро имтиҳон тизимлари рўйхати ва компенсация учун талаб этиладиган юқори баллар белгилаб қўйилди. Унга кўра, ҳозирча IELTS, TOEFL, GMAT, GRE ва SAT имтиҳон тизимларидан юқори балл олган ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг сони 15 фоизгача қисқартирилади

Президент қарорига биноан:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг сони 15 фоизгача мақбуллаштирилади ҳамда уларнинг янгиланган чекланган сони белгиланади;
  • вазирлик ва идораларнинг раҳбар ўринбосарлари лавозимлари иловага мувофиқ қисқартирилади.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилади

Президент қарорига асосан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилади ҳамда Агентликнинг жами 110 нафар штат бирлиги ҳисобидан Молия вазирлиги таркибида бошқарув ходимлари чекланган сони 54 нафардан иборат Капитал бозорини ривожлантириш департаменти ташкил этилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 майдан бошлаб қуйидаги маблағлар Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади:

  • фонд биржасида қимматли қоғозлар савдосини амалга оширишда сотувчи томонидан тўланадиган йиғим;
  • эмиссиявий қимматли қоғозларнинг дастлабки чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўланадиган йиғим;
  • эмиссиявий қимматли қоғозларни йириклаштириш жараёнида уларнинг номинал қиймати оширилганда эмитент томонидан тўланадиган йиғим;
  • қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш ва (ёки) аввал рўйхатдан ўтган қимматли қоғозларнинг чиқарилишига ўзгартиришлар бўйича ҳужжатлар кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган йиғим;
  • лотереяларни ташкил этиш фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ йиғимлар;
  • қимматли қоғозлар бозорида операцияларни ўтказиш ҳуқуқини берувчи малака аттестатини олишга талабгорларни (жисмоний шахсларни) аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш учун ундириладиган йиғим;
  • қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал иштирокчиларнинг фаолиятини амалга ошириши учун лицензия олиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғим;
  • белгиланган тартибда Молия вазирлиги томонидан ундириладиган бошқа йиғимлар.

Молия вазирлиги давлат органлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатларини эълон қилиб боради

2021 йил учун қабул қилинган давлат дастурида Молия вазирлиги томонидан:

  • давлат органлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромади ва харажатлари;
  • устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда уларга устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи тегишли бўлган юридик шахслар харидлари;
  • давлат субсидия ва грантларининг миқдорлари ва олувчиларига оид молиявий маълумотларни ОАВ ва Интернетда эълон қилиш амалиётини жорий этиш белгиланган.

«Шаффоф хайрия» ягона интерактив портали ишга туширилади

Президент фармонига асосан ҳомийлик маблағларини марказлаштирилган ҳолда тўплаш ва тарқатиш, уларнинг мақсадли ҳамда манзилли йўналтирилишини мониторинг қилиш, ушбу жараёнларни тўлиқ автоматлаштириш ва ошкоралигини таъминлаш, шунингдек, хайрия этувчи ўз маблағининг ишлатилишини кузатиб бориш имконини берувчи «Шаффоф хайрия» ягона интерактив портали ишга туширилади.

Барча ташкилотларда ижрони назорат қилиш фақат «Ijro.gov.uz» тизимида амалга оширилади

Президент фармонига асосан барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат «Ijro.gov.uz» тизимида амалга оширилади.

Ички ишлар органлари тарбия колонияси тарбиячиларига қўшимча ойлик устама ҳақ тўланади

Президент қарори билан ички ишлар органлари тарбия колонияси ҳузуридаги 35-сон умумий ўрта таълим мактаби филиали ўқитувчилари ва тарбия колониясининг тарбиячиларига, шу жумладан шаҳодатланган таркибга мансуб тарбиячиларига ҳам амалдаги устама ҳақлар ва тўловлардан қатъи назар, алоҳида меҳнат шароитлари учун тегишлича базавий тариф ставкасининг ва лавозим маошининг 75 фоизи миқдорида қўшимча ойлик устама ҳақ тўлаб берилади.

«Ўзбекистон миллий кинофонди» давлат муассасаси ходимларига 50 фоиз миқдорида шахсий устамалар тўланади

Президент фармонига асосан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳузуридаги «Ўзбекистон миллий кинофонди» давлат муассасасининг ходимларига уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ойлик жамғармасининг 50 фоизи миқдорида Давлат бюджети ҳисобидан шахсий устамалар тўланади.

Кўп қаватли бино ва иншоотлар қурилишида электрон техник паспортлар шакллантирилади

Президент қарорига кўра, янги қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли бино ва иншоотларнинг конструктив тизими, қурилиш майдонининг сейсмик даражаси, юк кўтарувчи конструкциялар материалларининг мустаҳкамлик кўрсаткичларини назарда тутувчи электрон техник паспортларни шакллантириш амалиёти йўлга қўйилади.

Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини олиб борувчи веб-портал тест режимида ишга туширилади

Ҳукумат қарорида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

  • 2020 йил 1 декабрга қадар фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини олиб борувчи автоматлаштирилган веб-порталнинг (кейинги ўринларда веб-портал) техник-лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда тасдиқлаш;
  • 2021 йил 1 майдан веб-портални тест режимида ишга тушириш вазифаси юкланган.

Ўзбекистонга олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган экологик хавфли маҳсулотларни мажбурий экологик сертификатлаштириш тартиби жорий этилади

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва республика ҳудудидан олиб чиқишда экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни мажбурий экологик сертификатлаштириш тартиби тўғрисида низом 2021 йил 1 майдан кучга киради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.