«Кўнгилочар тадбирларни кўпайтириб юборяпмиз». Ўзбекистонда коронавирусдан касалланиш ортаётганининг сабаблари айтилди

Улашиш:

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева 23 июнь куни АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистонда коронавирусдан касалланиш кўпайиб кетаётганининг сабабларига тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, бунинг бир неча сабаблари бор.

«Аҳоли орасида ниқоблар тақилмай қўйилгани — бу инфекцияни одамдан одамга юқиш учун жуда қулай шароит, яъни ҳозир кунлар иссиқ, ҳаво қуруқ — вируснинг ҳавода ҳаракатланишига тўсқинлик йўқ ва у бемалол инсонларнинг юз ва қўл терисига ёки кўз шиллиқ қаватига, бурундан нафас оламиз — ҳаводаги вирус бурун шиллиқ қавватига ёки томоққа тушади ҳамда ҳужайра ичига кириб, касаллик чақиришга имконият қидиради.

Қўлларни совунлаб ювмай қўйдик ёки спиртли антисептиклардан фойдаланмай қўйдик — бу эса қўл терисига тушган вируснинг тозаланмаслигига сабаб бўлади, қўллар кўз, бурун ё оғизга теккизилганда вирус организмга тушади, натижада бу касаллик чақиришни янада кучайтиради;

Ижтимоий масофани сақламай қўйдик — яъни жуда кўп тўй-ҳашамлар, туғилган кунлар ва одамлар тўпланиши мумкин бўлган кўнгилочар тадбирларни кўпайтириб юбормоқдамиз. Бу каби кўнгилочар тадбирларда:

  • бир оила аъзоларидан ташқари бир неча оилалар ва одамлар сони 30 дан ортиб кетмоқда;
  • тадбирлар ёпиқ жойларда, умумий сиғимдан 50 фоиздан ортиқ одамлар иштироки кузатилмоқда, яъни агар 100 кишилик тўйхонада тадбир бўлса, талаб бўйича 50 кишидан ортмаслиги керак, лекин бугунги кунда тўй-ҳашамларда 100-150 тадан одам иштирок этмоқда;
  • бундай кўнгилочар тадбирларга ҳеч ким олдиндан ПЗР-тестини топширмайди ва келаётган меҳмонлардан тест натижаси сўралмайди;
  • келаётган меҳмонларнинг тана ҳарорати ўлчанмайди;
  • ниқоблар тақилмайди ва спиртли антисептиклар билан тез-тез қўллар ишлов берилмайди.

Ахир биз тўй-ҳашамларга кўнгил очиш учун борамиз, унда овқатланиш керак, бунда узоқ давом этувчи суҳбатлар ва мулоқотлар бўлади. Буларнинг ҳаммаси коронавирус тарқалишига катта замин яратмоқда», — деган у.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари сони яна ортиб бормоқда. Охирги 4 кун ичида 3 марта кунлик касалланишлар сони 400 тадан ошди. 22 июнда 419 кишида, 21 июнда 395 кишида, 20 июнда 427 кишида ва 19 июнда 415 кишида COVID-19 қайд этилди.

Касалликка чалиниш ҳолатлари кўпайиши ортидан Ўзбекистонда бир қатор чекловлар жорий этилди. Жумладан, жамоат транспортига ниқобсиз чиқиш тақиқланди, санаторий, пансионат ва болалар оромгоҳларига бориш учун ПЗР-тест таҳлили талаб этилмоқда, Афғонистон билан чегара ёпилди. Шунингдек, коронавирусга қарши эмланувчилар гуруҳи кенгайтирилиб, 50 ёш ва ундан катталар ҳамда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари бепул вакцина олиши мумкин бўлди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.